Охирги пайтлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи ёлғон хабарларни ўқиб, ёқа ушлайсиз.
Жумладан, «Зомин давлат қўриқхонасида Ҳиндистон ва Малайзияда яшайдиган қора қоплон мавжудлиги тўғрисидаги тасвирлар эълон қилинди» мазмунидаги хабар нотўғри бўлиб чиқди. Табиат ресурслари вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси Ishonch.uz мухбирига билдиришича, қора қоплон одатда Ҳиндистон ва Малайзия ўрмонларида яшайди. «Ҳисор» давлат қўриқонасида «Қизил китоб»га киритилган қор қоплони бор, қора қоплон эмас.
Юқоридаги ёлғон ким томонидан ва қай мақсадда тарқатилгани эса номаълум…
Кўпларни ҳаяжонга солган навбатдаги хабар калавасининг учи ҳам уйдирмаларга боғланиб кетади.

Яқинда тармоқларда Жиззах вилоятида ер усти метроси қурилаётгани ҳақида жар солинганди. Аммо мутассаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах вилоятида ер усти метросини қуриш бўйича қарори ёки топшириқлари мавжуд эмаслигини билдиришди. Пировардида бу хабар ҳам ҳақиқатга зид бўлиб чиқди.
Хуллас, бугунги ёлғон хабарлар ҳар қандай медиа саводхонлиги юқори бўлган тармоқ фойдаланувчисини ҳам чалғитиб қўйиши тайин.
Ажабланарлиси, негадир уларни тарқатганлар топилгани ва жазолангани ҳақида бирор расмий маълумотга кўзимиз тушмайди. Худди «ҳоким видеоси» билан боғлиқ шов-шувлар «босди-босди» бўлгани каби. Бироқ, буни қарангки, Тошкентни OLXда сотувга қўйган мактаб ўқувчиси зудлик билан топилди ва эларо шарманда қилинди.
Нима, бизда ҳазилга рухсат йўғў ёлғонга ижозат борми? Акс ҳолда, масъуллар нега бу йўсинда иш тутишаяпти? Бу хусусда Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?

