Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Бу жорий йил 29 апрель куни имзоланган “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилди.
Қонун билан, шунингдек, давлат органларининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Унга кўра ваколатли орган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади.
Қонунга кўра, давлат қарзини бошқариш қуйидагилардан иборат:
– давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш;
– давлат томонидан маблағ жалб этиш;
– давлат томонидан жалб қилинган маблағларни бошқариш;
– давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш;
– давлат қарзини реструктуризация қилиш;
– давлат томонидан жалб қилинган маблағларни қайтадан кредитлаш;
– давлат кафолатини расмийлаштириш ва тақдим этиш;
– давлат қарзига оид шартномаларни ва давлат кафолатларининг рўйхатини юритиш;
– давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
– давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва давлат кафолатларини бажариш.
Шунга кўра, давлат қарзини бошқариш стратегияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан фискал стратегия билан биргаликда 3 йил муддатга тасдиқланади.
Давлат қарзи ички ва ташқи қарзни ўз ичига олади ҳамда қисқа (1 йилгача), ўрта (1 йилдан 5 йилгача), узоқ муддатли (5 йил ва ундан ортиқ муддатга) бўлиши мумкин.
Мазкур қонун жорий йилнинг 30 июлидан кучга киради.



