Касаба уюшмалари ходимлари байрами дам олиш куни сифатида белгиланиши кутилмоқда

109

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 11 ноябр куни касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига табрик йўллаб, 11 ноябрни меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида мазкур масала депутатлар томонидан муҳокама этилди. 

«Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига кўра 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилаш кўзда тутилмоқда.

– Мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов. – Аъзолар сони кундан кун кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.