Бепул иш қуроллари ва текин тиббий кўрик  – ўқитувчиларга қандай имтиёзлар бериляпти?

74

Адлия вазирлиги 2020 йил ноябрь ойида “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Ва ниҳоят 3 йил ўтиб мазкур ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасида қандай янги нормалар белгиланмоқда?

– Ҳужжатга кўра, эндиликда педагоглар шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига зарар етказиш ва касбий фаолияти бўйича раҳбар ходимларнинг ҳатти-ҳаракати устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этилиши мумкин, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Абдумалик Акрамов. – Педагоглар иш фаолиятида фойдаланадиган иш қуроллари билан давлат томонидан бепул таъминланади. Бундан ташқари, педагоглар мажбурий тиббий кўрикни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул асосда ўтиш ҳамда юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, педагог ходимни лавозими мажбурияти ва касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилишни таъқиқлаш, илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили давомида ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш, ўқув режа-дастур ўзгарганда, янги фан киритилган ёки мавжуд фан чиқариб ташланганда давлат таълим ташкилотини педагоглари турдош фан бўйича Давлат маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлашдан ўтиши ва 56 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш масалалари белгиланмоқда.

Хорижий тажриба

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ЮНЕСКОнинг махсус низоми, МДҲ модел қонуни, Хитой, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси, Беларусь, Япония каби мамлакатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди.
Қиргизистон Республикасининг “Ўқитувчининг макоми тўғрисида”ги қонунида тоғли ва чекка қишлоқ жойларида ишлайдиган педагогларга Қирғизистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда моддий имтиёзлар бериш ва оширилган коэффициентда иш ҳақи тўлаш, педагогларга ва коммунал хизматлар ва яшаш харажатларни тўлашда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан имтиёзлар ва якка тартибда уй-жой куриш учун фоизсиз кредитлар бериш масалалари белгиланган.
Хитой Халқ Республикасининг “Ўқитувчилар тўғрисида”ги қонунига кўра, ушбу касб эгаларининг ўртача маоши давлат хизматчиларининг ўртача маошидан кам ёки кўп бўлмаслиги керак. Шу билан бирга ўқитувчиларнинг маоши аста-секин ошириб борилади. Маҳаллий идоралар узоқ муддатли хизмати учун ўқитувчиларнинг пенсия таъминоти учун тўловларни ошириши мумкин. Ўқитувчига педагогик иш стажига қараб устама ва қўшимча ҳақ тўлаш белгиланган.
Қозоғистон Республикасида “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, қуйидагилар кафолатланган: эллик олти календарь кундан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил, меҳнат таътили берилганида, календар йилда бир марта соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам бериш, бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ва миқдорда коммунал тўловларни тўлаш ва ёқилғи сотиб олиш учун компенсация тўлаб бериш, турар жой, шу жумладан хизмат турар жойи ёки ётоқхона бериш, якка тартибда уй-жой қуриши учун ер майдони ажратиш ва бошқалар.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги муҳокамалар жараёнида депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, педагог ходимларига бериладиган имтиёзларни кўпайтириш, хусусан, уларнинг пенсияга муддатидан олдин чиқишларини таъминлаш каби таклифларни илгари суришди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши педагог ходимларнинг жамиятдаги нуфузи ошириш, таълим тизимини янада кучайтириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш имкониятлари кенгайишига хизмат қилади.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
ishonch.uz