Президент уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди

35

Давлат раҳбари “Chinobod Plaza” санаторийсида даволанаётган уруш қатнашчилари билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкент шаҳридаги “Chinobod Plaza” санаторийсига бориб, у ерда даволанаётган уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди.
– Сизларни кўрай, байрам билан табриклай деб келдим. Бу, аввало, сизларнинг байрамингиз. Ўша пайтлардаги жасорат ва матонатингиз туфайли кейинги авлодлар тинч, эркин яшади. Машаққатли меҳнат ва зафарларга тўла ҳаёт йўлингиз бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактаби, ватанпарварлик мактаби, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сиз билан бутун эл-юртимиз фахрланади, – деди давлат раҳбари.
Уруш қатнашчилари ҳурмат ва меҳр оғушида яшаётгани, соғлиги яхши, ҳаётидан рози эканини айтди. Ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда, фарзанд ва набираларининг ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди.
Президент, шунингдек, янгиланган Конституция ҳақида тўхталиб, “шундай ўзгаришлар пайтида катта тажрибага эга инсонларнинг маслаҳатларини олиш куч-ғайрат беришини” таъкидлади.

Нуронийлар эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилди.

– Табаррук дуоларингизни олиш, сизга қўшилиб халқимизнинг тинчлигини сўраш – катта бахт. Ҳаётда кўп-кўп синовларни кўрган, қарийб бир асрлик ҳаёт тажрибасига эга бўлган сиздай муҳтарам инсонларнинг дуолари ижобат бўлади. Нуронийларимиз учун барча зарур шароитларни яратишга бундан буён ҳам катта эътибор қаратамиз. Бу – биз учун муқаддас бурч ва вазифадир, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.