Mastercard Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади

29

Самарқандда бўлиб ўтган ЕТТБнинг конференцияси давомида Mastercardнинг мамлакатимиздаги биринчи расмий ваколатхонаси очилиши маълум қилинди. Бу – Ўзбекистон билан глобал ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишидан далолатдир.

Mastercard – тўловларни қайта ишлаш соҳасида дунёдаги энг йирик корпорация бўлиб, мавжудлик географиясини кенгайтирмоқда ва маҳаллий шериклар ва тармоқдаги манфаатдор томонлар билан муносабатларини янада мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

– Расмий ваколатхонани очиш бизга жойлардаги эҳтиёжни яхшироқ тушуниш имконини беради ва биз энг замонавий рақамли технологик ечимларни таклиф этиб, янада ғайрат билан ишлаймиз, – дейди ЕЕМА (Шарқий Европа, Яқин шарқ, Африка) минтақасида Мastercard президенти Димитриос Досис. – Эндиликда, яқин йилларда рақамли иқтисодиёт тараққиёти бўйича умумий мақсадларга эришиш йўлида, биз янада фаол ва унумли ишлашимизга аминман.

Конференция доирасида Mastercard инклюзив тараққиёт маркази муҳим глобал шерик – Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки билан Марказий Осиёда келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва кичик бизнес соҳиблари, айниқса аёллар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш мақсадида Ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Қозоғистонда микро ҳамда кичик корхоналар (МКК) рақамли имкониятларини кенгайтириш учун Марказий Осиёдаги келгусидаги ҳамкорликни ўрганишга қаратилгандир.

Ўтган йили Mastercard ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўртасида уч йиллик Рақамли технологиялар соҳасида шериклик тўғрисида келишув ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан кичик ва ўрта корхоналарни рақамлаштириш, финтех, киберхавфсизлик, туризм, ақлли шаҳар, молиявий саводхонлик, шунингдек молиянинг оммабоплиги каби асосий йўналишлар бўйича Англашув меморандуми имзоланганди.

Бу йил Рақамли технологиялар соҳасидаги шериклик тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Mastercard Advisors Ўзбекистон Марказий банки билан биргаликда Ўзбекистонда рақамли тўловлар ўтишини янада жадаллаштиришга қаратилган тўлов экотизимини ривожлантириш бўйича 8 компонентли лойиҳани муваффақиятли якунлади. Тавсиялар мажмуи Келишув қамраб олган саккизта компонентнинг ҳар бири учун ривожланиш устуворликларини белгилайди.