Қолоқ инфратузилма билан минглаб сайёҳларни кутаётган беқиёс Паркент

594

Президентимиз Паркентни туризм марказига айлантириш ҳақида бот-бот гапириб, масъуллар олдига кўпгина вазифаларни қўйган бўлса-да, ишлар ҳамон чала ва ўлда-жўлда.

Ishonch.uz мухбири Паркент туманида бўлиб, табиат бағридаги гўзаллик ва сайёҳлар учун яратилган шароитларга назар ташлади. 

Тошкент вилояти пойтахтга энг яқин туристик ва дам олиш зонаси ҳисобланади. Ҳудудга ҳар куни юзлаб, минглаб юртдошларимиз ва саёҳатчилар келишади. Яқинда бунга ўзим гувоҳ бўлмагунимча, Паркентнинг хориждаги машҳур дам олиш гўшалари-ю, гўзал жойларидан асло қолишмаслигини  билмаган эканман. У ерга шошаётган юртдошларимизнинг кўплигини айтмайсизми? Демак, пойтахтликларда табиат қўйнидаги яқин, қулай ва ҳамёнбоп дам олиш масканларига эҳтиёж катта экан.

Балки шанба-якшанба – дам олиш кунлари одамлар оқими катта бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимда, ҳафта давомида ҳам саёҳатчилар кўп келишини айтишди. Сўқоқ қишлоғида яшовчи Элёр Дадажоновнинг айтишича, сўнгги якшанба кунининг ўзида 70 та Isuzu автобусда ва минглаб енгил автомашиналарда саёҳатчилар келишган. Улар орасида мактаб ўқувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Сабаби, ўқув йили якуни олдидан кўпчилик мактабларда ўқувчилар  синф раҳбарлари бошчилигида табиат қўйнига саёҳат уюштиришга одатланишган.

Мана, Оҳангарон томонидан бориладиган йўл ёқалаб, Қизил тоғ қўрғонидан ўтиб, Паркент бўйлаб одамлар ошиққан манзиллардан биридамиз. Ҳақиқатан, табиатнинг гўзаллигига мафтун бўласиз. Халқ орасида «Добрый путь» номи билан машҳур тепаликка чиқсангиз, бутун қишлоқ кўринади. Бизга ҳамроҳлик қилган Искандар исмли йигитнинг айтишича, тепаликдан унча узоқ бўлмаган Қизилтоғ қўрғонида (маҳаллий аҳоли Красногорск дейишади) ўзбек, қозоқ миллатига мансуб аҳоли билан бирга корейс миллати вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этаркан. Ҳатто йўл-йўлакай корейсча ёзилган маҳалла номларини ҳам учратдик.

Паркентликларнинг узуми бутун Ўзбекистонга машҳур. Биз айланган Номаданак, Чашма, Қизил тоғ ва Сўқоқ қишлоқлари аҳолисининг асосий даромад манбаи узумчилик экан. Айрим жойларда туристик хизматлардан даромад топувчи аҳоли ҳам кўп учрайди, айниқса Сўқоқ қишлоғида. Туманга кириб келишингиз билан узумчиликдан келган шон-шуҳратнинг бежиз эмаслигини, унинг ортида боғбонларнинг мислсиз меҳнатлари борлигини ҳис этасиз. Узоқлардан кенг-кенг, устунли ва устунсиз токзорларга кўзингиз тушади. Улардаги ток новдалари шундай тартиб билан симларга осилганки, беихтиёр халқнинг меҳнатига тасанно дейсиз. Токзорлар оралари яхши шудгор қилинган, ўт ўсиб ётган жойларни кўрмайсиз. Ҳар ер, ҳар ерда меҳнаткашлар тўда-тўда бўлиб токзорлар ичида юмушларини бажариб юришибди.

Сўқоқ қишлоғида ҳамма жойдагидан ҳам одам кўп. Ҳар томонда саёҳатчилар. Гўёки бутун Тошкент аҳли шу ерга кўчиб келгандек туюлади. Улар асосан, кетма-кет жойлашган саноғи йўқ тоғ бағридаги чойхоналарга жойлашишади. Истаганлар ўзлари олиб келган қўра ва қозонларда тансиқ таомлар пиширишмоқда. Айримлар чойхона ошпазларининг таомларига буюртма беришмоқда. Нархлар қиммат ҳам эмас, арзон ҳам эмас. Агар чойхонанинг таомларига буюртма берсангиз, аввалига икки соат супадан текин фойдаланасиз ва учинчи соатдан бошлаб 50-100 минг сўм атрофида (чойхонанинг жойлашгани жойи ва шароитига қараб) пул тўлайсиз. Агар чойхонадаги таомга буюртма бермасдан, ўзингиз олиб келган маҳсулотлардан таом тайёрласангиз, супаларни 300 минг сўмдан 1 миллион сўмгача бўлган нархларда ижарага олиш мумкин. Дарвоқе, кабоблар нархи ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Паркент кабоблари 15-17 минг сўм атрофида экан.

Саёҳатчилар кўп. Айниқса транспорт воситаларининг ҳаракатидан йўлларда тирбандлик катта.

Майиз, қурт, асал, гилос, ўрик ва яна тандирдан янги узилган мадор сомса сотаётган опалар эътиборимизни тортади. Саёҳатчилар савдолашиб, ора-орада йўлингиздан чиқувчи бу опалардан майиз ёки мадор сомса олишади. Майизлари катта-катта, машҳур сомсанинг мазаси ҳам Тошкентдаги «мадор сомса»нинг мазасидан анчайин фарқ қилади. Хуллас, энг ҳақиқийси шу ерда ёпилар экан. Ҳадемай, уларнинг ҳам мавсуми тугайди. Чунки мадор сомса учун тоғдан териб келинадиган мотор ўти сарғайишни, қаттиқлашишни бошлайди-да.

– Бир кунда ўртача 100 та сомса ёпаман, – дейди шу ерлик Роҳила опа. – Эрта тонгда пиширишни бошлайман ва 9-10 ларда уй юмушларимни бажариб бўлгач, сотгани олиб чиқаман. Турмуш ўртоғим устачилик қилади, уч фарзандимиз бор. Шунинг ортидан рўзғор тебратяпмиз.

– Сизга шу шароитда сомса сотиб ўтириш маъқулми? Қандай таклифларингиз бор, шу ердаги шароитни яхшилаш учун? — сўрадим опадан.

– Э, биз айтганимиз билан кимдир эшитармиди? – дея гап бошлади у. – Мана, ёмғирда бирор пана жой йўқ. Қочиб уйга кетамиз. Биз қишлоқ аёллари мунтазам шу ерда савдо билан шуғулланамиз. Мева-чева, қурт-майиз, мадор сомса дегандек, шуларни сотамиз. Агар савдо расталари қуриб беришса, яхши бўларди.

– Саёҳатчиларнинг маданияти қониқтирадими?

– Йўқ. Биласизми, чиқиндиларни ташлаб кетишади. Ўзлари бир пакетга солиб кетишса бўлади-ку. Агар ҳар келган одам бу ерга ўзларидан қолган чиқиндиларни ташлаб кетаверишса, бу ернинг сўлим манзарасига путур етади. Мана қаранг, — дея опа, йўл четидаги уюм-уюм чиқиндиларга ишора қилади.

Анча жойларни кузатдим. Тоғ томон олиб борувчи тор кўчада ҳар доим одам гавжум бўлишига қарамай, махсус чиқинди қутилари йўқ.  Фақат чойхона эгалари, тадбиркорлар ўз ҳудуди ичида қути жойлаштиришган. Йўл бўйларида, саёҳатчилар айланиб юрган кўчалар ва бошқа одам гавжум жойларда уларни кўрмайсиз. Бу, албатта, кишининг дилини хира қилади.

Яна бир жиҳат. Кечга бориб, саёҳатчилар шаҳарга қайтадиган пайти йўлда шу қадар тирбандлик пайдо бўладики, транспорт воситасида Сўқоқ қишлоғидан чиқиб кетишнинг ўзи икки соатлаб вақт олади. Ана энди хуноб бўлаётганлар, бир-бирига бақир-чақир қилаётганлар, боягина табиатдан завқланган чеҳраларнинг кайфиятидаги тундликни кўз олдингизга келтиринг. Бу каби дилхираликлар келиб чиқишининг бош сабабларидан бири – йўлларнинг торлиги, инфратузилманинг ёмонлиги.

Шунга қарамай, Паркент томон интилувчилар ниҳоятда кўп. Чунки Бўстонлиққа нисбатан Паркент Тошкентга анча яқин. Агар хорижда шундай гўзал манзарали жой бўлганида, аллақачон уни ривожлантириб, йўлларини таъмирлаб, юқори сифатли сервис хизматини йўлга қўйиб, бутун дунё аҳлини чорлаган бўларди. Бизда эса Президентимиз Паркентни туризм марказига айлантириш ҳақида бот-бот гапириб, масъуллар олдига кўпгина вазифаларни қўйган бўлса-да, ишлар ҳамон чала ва ўлда-жўлда.

Мен оддий бир саёҳатчи сифатида кўрганларимдан хулоса қилдим. Паркентда тезроқ инфратузилма яхшиланиши лозим. Ахир қишлоққа табиат бетакрор манзара, гўзаллик инъом этган. Унга ошиқувчиларнинг кети узилмаслиги аниқ. Бу эса маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Халқ вакиллари ҳам  қишлоқдаги тоққа етаклаб борувчи йўлни кенгайтиришни таклиф қилишди. Аммо бу осон эмас. Чунки йўл бўйида кўпгина хонадонлар жойлашган. Бироқ келгусида туристик ҳудуд сифатида Сўқоқ қишлоғи инфратузилмаси ривожлантирилиши, савдо ходимлари учун расталар, чиқинди ташлаш учун урналар яратилиши керак.

Хизмат кўрсатиш сифати ҳам табиий ўсиши лозим. Зеро, шундагина бу масканга келувчилар ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам узоқ йиллар давомида табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишига, дам олишга келганлар чинакам ҳордиқ чиқаришига, маҳаллий аҳоли эса яхши ва қулай усулда хизмат кўрсатиб даромад топишига эришилади. Буларнинг барчаси ўз қўлимизда. Она табиат бағридаги бетакрор гўзалликни асраш, ундан оқилона фойдаланишга ҳар биримиз масъулмиз.

Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”