Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда 15 та мактаб қуришга кўмаклашади

51

Самарқандда ўтказилаётган ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида Европа банки кўмагида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш лойиҳаларини амалга оширишга доир уч томонлама – банк ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими ва Иқтисодиёт ва молия вазирликлари ўртасида Техник ёрдам бериш шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, бу борадаги ҳамкорлик 2021 йилда бошланган. Ҳамкорлик доирасида республика ҳудудларида босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик асосида янги давлат умумтаълим мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, уларга хусусий шериклар томонидан хизмат кўрсатилиши ва таъмирланиши ҳамда бугунги кунда фаолият юритаётган давлат умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Жараённинг дастлабки босқичи сифатида ЕТТБ мутахассислари томонидан грант олиш ва маслаҳатчиларни ёллаш бўйича ички таҳлиллар ўтказилди ҳамда Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 15 та мактаб мазкур лойиҳага қамраб олинди.

Лойиҳанинг капитал қиймати 55-75 миллион АҚШ долларини ташкил этади.