Кибр қаршисида тиз чўккан миллат: ўзбек журналистларининг ўзи камтарми? Мен-чи?

696

Ҳалима Яъқуб ташрифидан кейинги ўйлар…

Сингапур президенти  қисқа вақтда ўзбекистонликлар тафаккурида ҳалоллик ва виждон тимсолига айланди-қолди. Туман мудирининг ҳам ташрифига катта тайёргарлик кўришга одатланган ўзбек халқи президент аёлнинг оддий поездда юргани-ю, одмироқ ресторанда овқатланганидан қаттиқ таажжубланди. Умуман, Ҳалима Яъқубнинг ташрифи ўзбек жамиятида кибр ва камтарлик, манманлик ва хокисорлик масаласини кун муҳокамасига чиқарди.

Қайси жамиятда нима камёб бўлса, ўша нарса ярқираб кўринади… Ҳалима Яъқуб хоним атрофидаги муҳокамалар бугунги ўзбек жамиятида ҳурматталаблик, каттатарошлик урчиганини, хокисорликнинг эса  камёб учрайдиган хислат бўлиб қолганини фош қилиб қўйди. Бир тарафда ҳокимият, обрў ва мансаб қаршисида букилмаган камтарлик.

Бир тарафда эса амалдоридан тортиб, аравакашигача данғиллама тўй қиладиган халқнинг манманлик, мақтанчоқлик олови алангалаб ётган қалби тўқнашди.

Савол туғилади: қачон биз бугунгидай кибр қаршисида тиз чўккан миллатга айланиб улгурдик ўзи? Ахир, тарихимизга боқсак, энг буюк шахсларимиз Машраб-у Яссавийнинг дарвешона қалбига, Бухорий-у,  Навоийларнинг камтарона ҳаёт тарзига дуч келамиз.1785-1800 йилларда Бухоро амири бўлган Амир Шоҳмуроднинг ҳаракатлари эса биз эътироф қилаётган Ҳалима Яъқубдан ҳам кўра, ҳайратланарли эди: Амир пичоқ ясаб, кун кўрган, халқ эса унга ҳурмат билан «амири маъсум» (бегуноҳ амир) номини берган. Хуллас, тарихнинг қай саҳифасини очманг, бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин. Фақат бугунимиздан эмас!

                                                           ****
Бир вақтлар ишга кириш учун катта бир таҳририятга боргандим. Раҳбар қабулхонасига мени таҳририятнинг бошқа бир вакили бошлаб борди. Янги иш. Ҳаяжондаман, миямда суҳбатда нима дейишим ҳақида ўйлаяпман. Қабулхонада ўтирган аёлга паст овозда салом бердим-у, тағин бошланадиган суҳбат хаёлига ғарқ бўлдим.  Суҳбатдан чиқсам, қабулхонадаги аёл даб-дурустдан мендан жаҳли чиққани, унга салом бермаганимни айтиб қолди. Аёлга салом берганимни, балки эшитмай қолганини айтиб, вазиятни юмшатдим. Аммо у орадан шунча вақт ўтса-да ҳалигача кўришганда ўша воқеани эслайди. «Ўшанда салом бермагансиз менга», деб хафа бўлади.
Мен эса хижолат тортаман, ҳам тажжубланаман.
Бу халқимиз орасида тез-тез кузатиладиган минг бир ҳолатлардан биттаси холос.

Демоқчи бўлганим, бугун кўплар Ҳалима Яъқубни ўзига эмас, ўзбек амалдорларига хокисорлик бобида ўрнак қилиб кўрсатмоқда. Аммо мансаб эгалари ҳам шу халқдан, ўзимизнинг ичимиздан чиққан қоракўзлар. Ўзимизнинг кайфият ва шамойилга хос одамлар.
Мансабга унинг ўрнига бошқа бирови келса ҳам аввалгисининг йўлидан юрмайдими?

Бугун Ҳалима хоним ва ўзбек мансабдорларини муқояса қилиб, ёзаётган журналистларнинг ўзида-чи, ҳокисорлик, камтаринлик бормикан? Ўзимда-чи?

Қайси вазирлик журналистлар учун «банкет»ни яхши қилди, қайси ташкилот журналистларни яхши кутиб олмади, дея хафа бўлиб қоладиган, кўпроқ ҳурмат, ҳар сафар янада кўпроқ иззат кутиб турадиган, керак бўлса, ҳурматни талаб қиладиган ҳамкасбларим кўз ўнгимга келса, саволимга жавоб топгандай бўламан… Сира эсимдан чиқмайди, Ҳалима Яъқубдан тўлқинланиб пост ёзган таниқли журналистлардан бири бир вақтлар мен билан тушлик қилишни ўзига эп кўрмаганди. Унинг ўша мағрурлиги, кибри, талаба қизни менсимагани бугунгача ёдимда экан. Ҳалигача буни қалбимда сақлаб юрганим ва унута олмаётганимга қараганда, демак, менинг ўзим ҳам яхшигина ҳурматталабдирман?

Умуман олганда, психологларнинг ёзишича, манманлик, мағрурлик бу — етишмаган меҳр белгиси. Севги ва эътибор етишмаслигининг меваси такаббурлик бўлади. Айниқса, болаликда ота-оналар, жамият тарафидан болаларга берилмаган меҳр кун келиб ўрнини тўлдиришни истайди. Бу истак кейинчалик иззатталаблик ва мағрурлик алангасига айланиб кетади. Бизни бошқараётганларни яъни мансабдорларни ҳам шу жамият тарбия қилган, ўзимизнинг ота-онамиз каби, ўзимиз каби одамлар катта қилган. Ва қайсидир хатоларга йўл қўйган!

Санъатдан, адабиётдан йироқлашган халқ қалбида ҳам меҳрга ташналик, севгисизлик ва бўшлиқлар пайдо бўлади!

Хулоса қилиб, айтганда, халқнинг ўзи қандай бўлса, унга ўшандай ҳаёт, ўшандай мансабдорлар  берилади, ундан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас.
Шундай экан, эртанги кун учун бугун аввало, ўзимизни ва болаларимизни тўғри тарбия қилишимиз керакдир? Доноларнинг бир гапи бор: «Ҳамма дунёни ўзгартирмоқчи бўлади, аммо ҳеч ким ўзини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўрмайди». Шундай экан, Ҳалима Яъқуб хонимда кўрган одамийлик хислатларини  мансабдорлардан аввал, ўзимиздан ҳам ахтарайлик. Гердайган амалдорларимизга биринчи навбатда ўзимиз ўрнак бўлайлик!

Мафтуна КАРИМОВА,
Ishonch.uz