«Болалар куни»да болалар уйидаги ўкинч: «Онамни соғиндим…»

63

Ҳимояга муҳтож қатлам тушунчаси инсон кўз олдида гавдаланганда, даставвал, хаёлга келувчи тоифа боқувчисини йўқотган мурғак қалблар ҳисобланади. Улар тарбияланувчи маскан эса албатта меҳрибонлик уйларидир.

1 июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Тошкент шаҳридаги 22- сонли меҳрибонлик уйида бўлдик.

Меҳрибонлик уйларида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган соғлом болалар яшаши ва тарбия олиши учун зарур шароитлар яратилган. Меҳрибонлик уйларида болаларни ўқитиш ва боқиш тўла давлат таъминоти асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби ўрнатилди. Қарор асосида болаларга бирламчи уй бозоридан тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланган уйлар топширилмоқда.

Унга кўра, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали янги уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар бериладиган бўлди.

Кўриб турганингиздек, Меҳрибонлик уйларида Давлатимиз томонидан оилада йўқ имкониятлар, шароитлар яратилган бўлсада, уларнинг кўзларидаги мунг инсонни ўйга солади.

Мурғак болажонларнинг сўзларига қулоқ соламиз.
22- сонли меҳрибонлик уйи раҳбари Дилфуза Жўраевани суҳбатга чорладик.
“Турли хил оилаларда ва турли муҳитда катта бўлган болаларни тарбиялашнинг ўзи бўлмайди. Бу ердаги аксарият болаларнинг ота-онаси тирик, аммо масъулиятсизлиги сабаб суд қарори асосида давлат болаларни меҳрибонлик уйларига ёки васийлик органларига топширган. Aгар йиллар давомида ахлоқини тўғирлаб, қайта мурожаат қилса, биз албатта болаларни ўз оиласи бағрига қайтарамиз.
Меҳрибонлик уйида совчилар кутяпмиз, ўтган йили чин етим қизимизни ёр-ёр садолари билан узатдик”, — дейди Дилфуза Жўраева.

Меҳрибонлик уйларида чин етимлар кўпми ёки?
Раҳбарият тақдим этган маълумотга кўра чин етимлар кам, аксариятининг ота-онаси ҳаёт. Янги қарор-янги уйлар дараги “Янги қарор чиқиши болаларга катта хурсандчилик берди. Ҳар бир бола 18 ёшга тўлганидан сўнг Низом бўйича меҳрибонлик уйи битирувчиси сифатида учирма бўлишади. Илгари уй-жойи ҳал бўлгунича болалар меҳрибонлик уйларида қолишарди. 2022 йилда 28 нафар битирувчимга янги уйлардан уй берилди. Ҳозирда 152 нафар бола бор, шундан 13 нафари 11 синф битирувчилари. Ўтган йилда янги уй олган болаларнинг хурсандчилигини тасвирлаб бера олмайман. Тошкент шаҳар ва вилоятида меҳрибонлик уйи битирувчиларига уй беришда қийинчиликлар бўлмаяпти, аммо вилоят ҳокимликлари ва васийлик органларида уй берилиши жудаям қийин кечмоқда.

Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидаги уйга муҳтож етимлар уй олишолгани йўқ.
Ўтган ўтмишни эсламасам бўлмайди. Илгари Тошкент шаҳрида ҳам болаларга шароитсиз ётоқхоналар ва жудаям хароба уйлардан бериларди. Кириб яшашга одам қўрқарди. Тизимдаги янги ўзгаришлар сабаб болаларимизга чиройли таъмирланган уйлар берилмоқда” – дейди 22-сонли меҳрибонлик уйи директори Дилфуза Жўраева.

“Онамни кўришни истамайман…”
Меҳрангиз, 16 ёшда. Икки йилдан бери меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда.
2 июн мен туғилган кун. Онам ҳаётда адашиб 15 ёшида мени дунёга келтирган кун. Илгари ҳар йили туғилган кунимни оилам даврасида кутишни орзу қилардим. Яқин йиллардан бери бу ҳақида ўйламай ҳам қўйдим. Онам мени дунёга келтириб, оналик масъулиятини ҳис қилмаган, ҳақиқий дадамни эса кўрмаганман. Мени ўгай бўлсада дадам меҳр бериб катта қилган. Дадам емай -едириб, киймай кийдирарди. Ўзи ишга пиёда кетса ҳам мактабда мени тушлик қилишим учун пулдан кам қилмасди. Қишда менга иссиқина этикча олиб бериб, ўзи туфлида қор кечиб ишга қатнарди.

Ўртоқларинг олдида уялиб қолма қизим дерди. Ота-онаси, яқинлари оламдан ўтганлиги учун менга боғланиб қолганди. Ўгай дадамга онамнинг гапига кириб, кўп азоб берганимни энди англаб етяпман. Тақдир туфайли бевақт оламдан ўтди. Бу менга катта зарба бўлди. Келажагим, ўқишим, тарбиям ҳақида қайғурадиган ягона одамнинг ўлими мени чуқур қайғуга солди. Ҳали яшаши керак эди-ку деб қанчалик куйинмай дадамнинг орамизда йўқлиги кун сайин мени тушкунликка туширарди. Ҳаётим тобора ёмонлашиб бораверарди. Мактабдаги баҳоларим ҳам тушиб кета бошлади. Бувимнинг қарамоғида эдим. Уйда яна битта синглим ва укам бор. Бувим мени тарбия қилишда қийналганликлари учун меҳрибонлик уйига топширди. Онам Туркияга ишга кетаётганди, мени ҳам олиб кетинг дея россаям ялиндим, афсуски олиб кетмади. Ўшандан бери онам мени холимдан хабар олмайди. Очиғини айтсам онамни ёмон кўраман. Бизга оила билан яшаш бахтини насиб эттирмади. Кейинги йил 18 ёшга кираман ва укам билан синглимни пойтахтга олиб келиб, ўзим катта қиламан. Ўшанда бу ҳаётда ёлғизлигимни ҳис қилмасам керак. Ҳамширалик касбини ўрганиб, беморларнинг дардига шифо бўлмоқчиман.

Қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинганми?
Хабарингиз бор, Республика бўйича бир нечта меҳрибонлик уйида тарбия топаётган қизларнинг номуси топталиши билан боғлиқ жиноятлар очилган эди. Гарчи бундай ҳолат пойтахтда кузатилмаган бўлсада, уларнинг хавфсизлиги билан қизиқдик.

— Меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилган. Шу боис хавфсизлик борасида хавотирларга ўрин йўқ. Навбатчи тарбиячилар нафақат қизларнинг балки бу ердаги ҳар бир боланинг хавфсизлигини таъминлайди. Олти ёшга тўлмаган болаларимиз боғчага боради. Уларнинг бориб келиши ҳам назоратга олинган, — дейди Дилфуза Жўраева.

Меҳрибонлик уйлари истаймизми-йўқми, катта таълим даргоҳи. Уларга шароитлар шоҳона бўлган тақдирда ҳам оиланинг тафтини бера олмайди. Ахир болаларнинг меҳрибонлик уйи деразасидан кўчага мўлтираб қараб, ота-онасини кутиб яшаши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бундай муассасалардан чиқаётган вояга етган шахсларнинг жамиятга қўшилишида доим муаммо бўлган. Ҳаётда ҳамма бахтли бўлишга ҳақли.

Меҳрибонлик уйида тарбияланувчи болалар ҳам доимо давлат эътиборида. Бироқ улар ота-она меҳрига муҳтож. Оилавий меҳрибонлик уйларининг ташкил топганлиги ҳам тизим учун яхши янгилик бўлди. Болаларнинг аксарияти бугун чинакам оилаларда улғаймоқда.

Феруза РAҲИМОВA суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Қувонч ТЎРАЕВ.