Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Ушбу оддий ҳақиқат ҳаёт йўлларимизда қайта-қайта такрорланишига қарамасдан, афсуски, ҳозирги кунда бутун дунёда тамаки истеъмол қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, вояга етмаган ёшлар ва хотин-қизлар орасида бу иллатнинг кенг тарқалаётгани аянчлидир.
31 май – Бутунжаҳон тамакисиз куни сифатида белгиланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1987 йилда таъсис этган ушбу сана бу гал «Тамаки эмас, озиқ-овқат етиштириш» мавзуи доирасида нишонланди.
Маълумотларга кўра, сигарет ишлаб чиқариш учун бир йилда 600 миллионта дарахт кесилади, 22 миллиард литр сув ишлатилади, 84 миллион тонна карбонат ангидрид (СО2) гази атмосферага чиқади. Буларнинг барчаси бутун ер юзида ҳаво ҳароратининг янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Бу йилги тамакига қарши кампания, бир томондан, ҳукуматларни тамаки ишлаб чиқаришни субсидиялашдан воз кечишга ҳамда тежалган маблағларни қишлоқ хўжалиги корхоналарига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун йўналтиришга, иккинчи томондан одамларнинг овқатланишини яхшилаш учун янада барқарор экинларга ўтиш учун ёрдам беришга қаратилган.
Тамаки истеъмол қилишнинг зарарли оқибатларини у туфайли юзага келадиган касалликлардан ҳам билиш мумкин. Жумладан, тамаки истеъмол қилиш инсоннинг муҳим ички аъзоларига заҳарли таъсир қилади. Оқибатда миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўпгина хавфли касалликларга олиб келади.
ЖССТ статистика маълумотларига қараганда, тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам вафот этади. 2020 йилда дунё аҳолисининг 22,3 фоизи, хусусан, эркакларнинг 36,7 фоизи ва аёлларнинг 7,8 фоизи тамаки истеъмол қилган. Бугунги кунда ушбу рақамлар янада ортиб бормоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тамаки истеъмол қилиш туфайли келиб чиқадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга уриниш электрон сигареталар кенг тарқалишига олиб келди. Электрон сигарета нима ўзи?
Электрон сигарета – чилим, буғ генератори, вапорайзер ёки вайп сингари тамаки ўрнига махсус суюқлик картрижларидан фойдаланадиган чекиш мосламаси.
Чекишнинг ушбу янги шакли кўпинча ўсмирлар ва ёшлар томонидан маъқул кўрилмоқда. Бунга асосий сабаб эса электрон сигареталарнинг дизайни, ихчам ўлчамлари ва шаклидир. Қолаверса, турли ёқимли ҳид ва таъмлари уни истеъмол қилиш ҳолатини яшириш имконини беради. Ота-оналар ҳатто фарзанди электрон сигарета истеъмол қилаётганини пайқамайдилар ҳам.
ЖССТ экспертлари ва бошқа кўплаб мутахассислар ўз тадқиқотларида бундай турдаги электрон чекиш воситаларининг зарарли оқибатларини исботлаб бермоқда. Шу сабабли электрон чекиш воситалари тарқалишининг олдини олиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан ҳисобланади.
Дунё бўйлаб 800 миллионга яқин одам чекишни ташлашни хоҳлайди. Аммо бу унчалик осон эмасдек гўё. Чекиш кучли жисмоний ва руҳий қарамликни келтириб чиқаради.
Инсоннинг саломатликка бўлган ҳуқуқини таъминлаш мақсадида барча давлатлар тамаки маҳсулотлари учун солиқларни ошириш, жамоат жойларида тамаки истеъмолини чеклаш ва рекламасини тақиқлаш каби зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу борада бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари яқинда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра, жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари, электрон сигарета ва чилим истеъмол қилиш тақиқланади. Яъни тамаки маҳсулотларини фақатгина очиқ ҳавода, бинолардан ташқарида истеъмол қилиш мумкин. Чилим ёки тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишга мўлжалланган бино ва иншоотлар эса махсус вентиляция тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак.
Қонунга биноан тамаки маҳсулотлари 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан, болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида, таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида, доналаб ёки очилган ҳолда сотилиши мумкин эмас.
Соғлиғимиз – улуғ неъмат. Шу бебаҳо бойликни асраш учун тамакидан воз кечайлик. Биз чекадиган тамаки тутуни нафақат ўзимизнинг, балки атрофимиздаги бошқа инсонлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлигига жиддий хавф туғдиришини эсдан чиқармайлик.
Рустам АТОВУЛЛОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
