Охирги пайтларда нафақат сув, ҳаво, тупроқ, балки ахборий муҳит ҳам ифлосланмоқда. Оила даврасида бамайлихотир ўтириб, қабул қилиш мумкин бўлган хабарлар салмоғи эса тобора камаймоқда. Янгиликлар тасмасида жиноят, қотиллик, ахлоқсизлик, зўравонлик асосий мавзуга айланган. Сериаллар паст савияда, ижтимоий тармоқлардаги пост, шарҳ, муносабатлар ҳақорат ва нафратга тўла.
Хуллас, ахборот кўп, бироқ аксариятининг қиймати паст ва аҳамиятсиз. Бирорта яхши ахборот чиққан тақдирда ҳам, ахборий уюмда йўқ бўлиб кетяпти. Табиатда соф ҳолатдаги моддани топиш қийинлашаётгани каби ҳақиқий ахборотни топиш ҳам мушкуллашиб боряпти. Уларнинг бири пропаганда, бири манипуляция, бошқаси реклама мазмунида, буниси бирор нарсани сотишни мақсад қилган бўлса, униси бирор ғояни сингдиришни кўзлайди. Манфаатсиз, таъмасиз ахборот йўқ.
Бу борада ахборот тарқатувчиларнинг масъулияти алоҳида мавзу. Аслида ҳар бир ахборот тарқатувчи истеъмолчининг сифатли ахборотга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиши, хабарни узатишдан олдин «Бу оммага нима беради?» деган саволга жавоб топиши керак. Бироқ айни кезларда уларнинг барчаси ҳам масъулиятни ҳис қилмаслиги, медиамакондаги ҳолатни тартибга солишнинг ҳуқуқий ва техник асослари тўлақонли яратилмагани боис ахборотни саралаб қабул қилиш истеъмолчининг ўзига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бунда унга тафаккур зирҳи бўлган медиасаводхонлик зарур. Медиасаводхон бўлишга эса қуйидаги маълумот ва таҳлиллар ёрдам беради, деб ўйлаймиз.
«Зудлик билан ўқинг, 15 дақиқадан кейин ўчириб ташланади!»
Сизни сифатсиз ахборот сари етакловчи усуллардан бири кликбейтдир. Одатда интернетда, ижтимоий тармоқларда шов-шувли янгилик, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган оламшумул хабар, кишини шокка туширадиган ҳодиса, бепул ёки арзон маҳсулот, машҳурлар ҳаётига тааллуқли можаро ҳақидаги сарлавҳа, қизиқарли ва ғайриоддий сурат сизни пойлаётган бўлади. «Зудлик билан ўқинг, 15 дақиқадан кейин ўчириб ташланади!» деган хабарга эргашиб, ҳаволага кирасиз, аммо кўпинча тайинли маълумот ололмай, ҳафсалангиз пир бўлади. Қўйилган сарлавҳа ва сурат мазмунга мос келмайди. Бепул маҳсулот илинжида яна бирор ҳаволага мўралайсиз, у ерда ҳам шу ҳолат, дейлик, маҳсулот фалон пул, етказиб бериш бепул…
Бинобарин, кликбейт сизни ҳаволани босишга мажбурловчи усул саналади. У одатда ахборот тарқатувчилар даромади саҳифага мурожаат этувчилар сонига боғлиқ бўлган ҳолларда тижорат мақсадларида қўлланилади. Муаллифлар кўпинча ваҳимали ёки жозибадор сурат билан диққатни жалб қилмоқчи бўлишади, лекин у матн мазмунига мутлақо мос келмайди.
Жумлани энг қизиқ жойида узиб қўйиш ҳам кликбейтга хос. Инсондаги қизиқувчанлик уни тугалланмаган сарлавҳа моҳиятини англашга ундайди.
Маслаҳатимиз: кликбейтларга алданиб қолманг. Шов-шувли сарлавҳа ўша ҳаволага киришингизга эмас, кирмаслигингизга сабаб бўлсин!
Биринчи ахборот доимо тўғрими?
Ёлғон ахборотнинг тафаккуримизга сингиб кетишига сабаб биринчи таассурот кучидир. «Биринчи ахборот доимо ҳақ», дейилади. Яъни сиз бирор ёлғон ахборотни қабул қилганингиздан кейин қарши далиллар келтирилса ҳам, унга ишонгингиз ва уни ҳимоя қилгингиз келаверади.
Яна бир ҳолат ҳиссиётларга таъсир орқали мантиқни ўчиришдир. Бунда дастлаб атрофда ахборот шовқинлари уюштирилади, ахборот оқими тўхтамайди, ҳиссий таъсир орқали танқидий фикрлаш сусайтирилади. Сизда ахборотларга ишонувчанлик пайдо бўла бошлайди.
Ижтимоий тармоқларда инсонлар кўпинча ҳиссиёт ва туйғуларини ўзаро ўртоқлашадилар. Бундай ҳиссий резонанс тўлқинида ижобий ҳиссиётлар эмас, қон, уруш манзараси каби таъсирчан тасвирларга оид салбий ахборотлар биринчи ўринга чиқарилади. Бошқа фойдаланувчилар ахборотни текшириб кўришни ўйламай, ўзлари таъсирлангани боис бу постларни қайта улашадилар.
Тавсиямиз: ахборот манбаларини танлашда уларнинг ишончлилигига эътибор қаратинг, қабул қилишда эса ҳиссиётга эмас, мантиққа таянинг. Кимлардир ҳаракатлантираётган ахборий механизмда мурват вазифасини ўтаманг, мустақил қарорга келиб, олаётган ва узатаётган маълумотларингизни назорат қилинг. Шунда сиз даҳшатли касаллик ҳақидаги спам хабарни тарқатишда воситачи бўлмайсиз, саросимага тушмайсиз. Зотан, бахтли яшашнинг асосий шартларидан бири руҳий хотиржамликдир.
Огоҳ бўлинг: Овертон туйнуги!
Чингиз Айтматов «Ҳатто ошқозонга ёқмаган нарса тушса, уни қайт қилиб ташлайди, аммо мия ҳар қандай тубан фикрни ҳам қабул қилаверади», деган эди. Буни ахборотга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Онг ҳар қандай мазмундаги ахборотни қабул қилаверади. Бирор хабар билан танишаётганда «Шуни ўқисам, бетайин видеони кўрсам, нима бўлибди? Кейин эсимдан чиқиб кетади ёки шунчаки кўряпман, унга эргашмайман-ку», дейишингиз мумкин. Аммо унутмангки, ҳеч бир ахборот ўзидан-ўзи изсиз йўқ бўлиб кетмайди. У онг ва онг остидаги шахсий архивингиздан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Натижада, тафаккурда стереотипларни шакллантиради, сиз эса ўзингиз сезмаган ҳолда қарорлар қабул қила бошлайсиз. Салбий мазмундаги хабарларни кўп қабул қилсангиз, тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик пайдо бўлади, эмоцияларга бой ахборот эса ҳайратланиш ҳиссини ўлдириб боради. Энг ёмони, ёлғон маълумотларни қабул қилган, жиноят, ўлим, зўравонликка доир салбий мазмундаги ахборот билан тўйинган миянгизга қарши туришингиз қийин кечади. Унга муҳрланган маълумотларга илмингиз ва эътиқодингизнинг бир бўлаги сифатида қарай бошлайсиз.
Сиз уруш ёки зўравонлик тўғрисидаги ахборот билан танишаётиб, мен унга қарши бўлганим учун бу ахборотни қабул қиляпман, дейишингиз мумкин. Бироқ, унутмангки, аудиториянинг катта қисми буни қарши курашиш учун зарур ҳолат эмас, шунчаки маълумот деб билади. Ва инсон миясига жойлашган ахборот бир кунмас-бир кун хатти-ҳаракат сифатида юзага чиқиши мумкин.
Уруш ҳақида кўп ёзилаётган мамлакатларда қирғинбарот тўхтамайди, зўравонлик эса турли кўринишларда ва ёш тоифаларида кўпайиб бораверади. Кичик воқеанинг ҳам кенг миқёсда тарқалиб кетишига сабаб бўлувчи «капалак эффекти» ёки бирор ахборотни қабул қилишда олдин қарши, кейинроқ бефарқ, қўллаб-қувватловчи позицияни ҳосил қилувчи «овертон туйнуги» ҳодисаси рўй беради. Аниқроғи, мактабда бўлган жанжал тўғрисидаги хабар жамиятда шу янглиғ оммавий жанжалларни кўпайтиради. Ёки ўз баданига расм чизиш, бурнига зирак тақишга бағишланган ахборот дастлаб ижирғаниш ва қаршилик билан, иккинчи марта бефарқлик билан, учинчи сафар «Чиройли турибди, мен ҳам синаб кўрсаммикан?..» деган нуқтаи назардан қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
Шунинг учун ҳам миянгиз қандай ахборотлар билан тўйинаётганини яхшилаб ўйлаб кўринг. Зеро, сизнинг ботинингиз, ички оламингиз, ўй-фикрларингиз қандай ахборотлар олаётганингиз билан бевосита боғлиқ. Агар салбий мазмундаги ҳаётингиз ва иш фаолиятингиз учун қиймати паст ва аҳамияти йўқ ахборотлар қабул қилаётган бўлсангиз, медиаистеъмолингизни тартибга солинг, ахборотлар мазмунини назоратда тутинг, миянгизни ахборий чиқиндиларга тўлдирманг. Ижтимоий тармоқлардаги кераксиз гуруҳ ва каналлардан чиқиб кетинг. Бу ментал саломатлигингиз учун ҳам фойдалидир.
Танқидий тафаккур қолиплари
Ахборотдан салбий мақсадларда эҳтимолий фойдаланиш манипуляция, пропаганда орқали одамларга таъсир ўтказиш, алдаш, иғвогарлик, хафагарчилик, қўрқитиш ва ваҳимага тушириш, инсонларни бошқариш, баъзи фикр-ғояларни онгига зўрма-зўраки сингдириш, муайян ишни бажаришга мажбурлаш, бирор воқеага нисбатан муносабатини ўзгартириш каби шаклларда бўлиши мумкин. Айни вазиятларда алданиб қолмаслик, бизни бошқаришларига йўл қўймаслик учун танқидий тафаккур зарур бўлади. Бу танқид қилиш, норози бўлиш, салбий фикр билдириш эмас, балки аниқ, оқилона, мантиқий, мустақил фикрлаш демакдир. Ва яна ахборотга холисона ва одилона баҳо бериб, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариш, аниқроғи, қай бири ҳақиқат ёки ёлғон, қай бири самимий ёки найранг эканини ажратишдир.
Танқидий фикрлаш ахборотни таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқариш, шу асосда қатъий қарорга келиш, шунингдек, шахсий фикрни шакллантириш ва ҳимоя қилиш имкониятини берувчи асосий кўникмалардан биридир. У биз ўқиш давомида таянадиган манбаларни танлашда, муносабатлар сабабини кўришда, ахборотни умумлаштириш ва тизимлаштиришда, бошқаларнинг фикрлашидаги заиф нуқталарни кўра билишда асқатади. Шунингдек, медиасаводхонликнинг асосий компоненти ҳисобланади.
Танқидий фикрлаш учун зарур асосий кўникмалар тўплами кузатув, талқин ва таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш ҳамда баҳолаш қобилиятини ўз ичига олади. Бу тушунча мантиқни қўллайди, шунингдек, ишончлилик, аниқлик, аҳамиятлилик, чуқур тушуниш, дунёқараш ва адолат каби кенг интеллектуал мезонларга асосланади. Ижодий тасаввур, нуқтаи назар ва ҳиссийлик ҳам унинг ажралмас қисмидир.
Танқидий фикрлашни шакллантириб берувчи бир қатор усуллар мавжуд. Шулардан бири 5W ва 1H формуласидир. Унга кўра, сиз қабул қилаётган ахборотлар «ким, нима, қачон, қаерда, қандай қилиб, нима учун?» деган саволларга жавоб бериши керак. Агар ахборот тўлиқ бўлмаса, унга ишонмасликка асос мавжуд.
Иккинчи усул IMVAIN бўлиб, манбаларни текширишда қўл келади. Агар манба мустақил бўлмаса, тасдиқланмаган, келтирилмаган ва номланмаган бўлса, материаллар манба базаси нуқтаи назаридан ишончсиз деб топилиши мумкин.
Замонавий тадқиқотчилардан бири П.Эннис танқидий фикрлашга доир асосий ва энг муҳим компонентларни қуйидагича ифодалашни таклиф этади: аниқ ифода, асосларни қидириш, чуқурроқ хабардор бўлиш, муқобилларини излаш, ўткир ақл, асослар етарли бўлмаса, баҳсга киришмаслик.
Медиасаводхонлик, танқидий тафаккур ахборий босим ўтказувчилар мақсадларига мос равишда фикрлаш ва ҳаракатланишга чек қўяди, ёлғон хабар билан эмас, ҳаққоний ахборотни қабул қилишингизни таъминлайди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан руҳий саломатликни таъминлаган ва асраб-авайлаган ҳолда фойдаланишга ўргатади.
Санобар ЖУМАНОВА,
ЎзЖОКУ катта ўқитувчиси,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)



