Чилонзор туманидаги Давлат хизматлари марказидаги электрон навбат ускуналарида хизматлардан фойдаланишда тоифаларга ажратган ҳолда навбат олиш имконияти жорий этилмоқда. Ушбу қулайлик фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш вақтини қисқартириш ва оптималлаштириш имконини яратади. Бунда хизматлар «осон», «ўрта» ҳамда «мураккаб» тоифаларга ажратилди. Энди фуқаро мурожаатидан келиб чиқиб, навбат олади ва шу орқали ҳам ўзининг, ҳам бошқаларнинг вақтини тежайди.
Бу ҳозирча фақат Чилонзор ва Олмазор туманидаги ДХМларда жорий этилди. Ушбу тизим тез фурсатларда республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Чилонзор туманидаги ДХМда синов тариқасида «Навбатсиз хизмат масканлари» ҳам ишга тушди.

Давлат хизматлари марказлари бўйича департамент бошлиғи Санжар Абдуллаевнинг айтишича, ушбу тизим фуқароларнинг бевосита таклифи асосида йўлга қўйилмоқда.
– Аслида бу йўналиш ривожланган давлатларда аллақачондан буён бор, – дейди Санжар Абдуллаев. – Бизда эса бу энди-энди жорий қилинмоқда. Ҳозирча мазкур хизмат тури фақат Чилонзор филиалида ташкил этилди. Аҳолининг талаб ва истакларига кўра кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам ушбу хизмат турини ташкил этиш ниятимиз йўқ эмас. Буни вақт кўрсатади.
Давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланмоқчи бўлганлар бемалол шу ерга мурожаат қилишлари мумкин. Ҳеч қандай оворагарчилик ва ортиқча вақт сарфлашга ҳожат йўқ. Мижоз кутиш учун мўлжалланган махсус жойда яратилган қулайликлардан фойдаланиши, кофе ичиши, енгил тамадди қилиши ёки ўз юмуши билан банд бўлиб ўтирса кифоя. У учун ходимлар хизмат кўрсатади.
Бирдан-бир шарт: энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдоридаги тўловни амалга ошириш талаб этилади, холос. Ушбу тўлов ичига қатор хизмат турлари киради. Фақат давлат божи тўланадиган хизматлар бундан мутасно, яъни мижоз электрон ҳамён олмоқчи ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини янгиламоқчи бўлса, бу хизмат турларининг давлат божи бор ва у сумма хизматдан навбатсиз фойдаланиши учун тўлаган пулидан ташқари тўлов ҳисобланади.
Ва яна бир муҳим жиҳат: мижоз навбатсиз хизмат туридан фойдаланган тақдирда битта ариза билан 50 дан ортиқ давлат хизматидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳам аҳолига яратилган янгилик ва қулайликлардан бири.

Маълумот ўрнида: 2018 йил 1 январда ўз фаолиятини бошлаган ДХМлар дастлаб 37 турдаги давлат хизматларини кўрсатган бўлса, бугунга келиб, ушбу кўрсаткич 300 дан ортди. Йил охирига қадар хизмат турини 370 га етказиш режалаштирилган.
Бугунги кунда республиканинг 208 та туман (шаҳар) ларидан 184 тасида замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган. Бир кунда ўртача 70-75 минг фуқаро Давлат хизматлари марказларидан фойдаланмоқда.



