ГУЛЧЕҲРА САЪДУЛЛАЕВА: “Ўткан кунлар”да Зайнабни ҳам Кумушни ҳам ўйнаган бахтли актрисаман…

95

Ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан ҳисобланган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўқимаган китобхон бўлмаса керак. Асар ХIХ асрда  мураккаб тарихий вазиятда чоп этилади ва қисқа фурсат ичида катта шов-шувларга сабаб бўлади. 1969 йилда асар асосида режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан фильм суратга олинади. Унда салбий образ —Зайнабни гавдалантирган актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Гулчеҳра Саъдуллаева бугун таҳририятимиз меҳмони.

— Гулчеҳра опа, оилангизда йўқотишлар бўлди. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин. Куни кеча неварангизни  тўйида бош бўлдингиз, қувончингиз чексиздир.

— Албатта, етказганига беҳисоб шукр! Раҳматли, ўз ўғлимдек бўлган Фатхулла Маъсудовнинг ўғлини уйлантирдик. Неварамнинг шу кунларини жудаям кутгандим. Жудаям файзли тўй  бўлиб ўтди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг деярли барча актёрлари тўйда жамулжам бўлди.

— Ғайратингизга ёшлар ҳавас қилса арзийди, ҳамон талабчан актрисасиз. Қандай фильмларни рад этмоқдасиз?

— Савияси паст фильмларда суратга тушгим келмайди. Томошабинга ҳеч қанақа  маънаваий озуқа бермайдиган лойиҳалардан қочганман. Айни пайтда ўзи шундоғам кўп таклифларни рад этаяпман. Фарзандларим ҳам биламиз касбингизни севасиз, аммо энди соғлигингизни ўйлаб уйда ўтиринг деб айтмоқда.

— Жамиятга тарбияли фарзандлар етказиб берган актрисалардан бирисиз. Оилага кўпроқ вақт ажратганмисиз ёки санъатга?

— Очиғини айтаман, бекалик вазифаларимдан кўра актрисалик фаолиятимга яхшироқ баҳо бера оламан. Умримнинг кўп қисми гастрол сафарларида, дубляжда ва қадрдон масканим — театрда ўтди. Оилам учун камроқ вақт сарфлаганим учун гоҳида фарзандларим олдида виждоним қийналарди. Айниқса, байрам кунлари барча оналардек уларнинг ёнида бўлолмаслигимдан хафа бўлардим. Бироқ бугун ёшликда ўйнаган ролларимни кўриб, кўзим қувонади ва шундай яхши роллар менга насиб қилганидан хурсанд бўламан. Шу пайтгача фарзандларимиздан бирортаси юзимизни ерга қаратмади, демак, биз тўғри тарбия берганмиз. Ижодий муҳитда улғайишди. Фарзандларимдаги санъаткорларга хос буюк қалб борлигидан қувонаман.

— Фарзанд тарбияси, келинлик хизматлари, съёмка жараёнларида ким сизни кўпроқ қўллаб-қувватлаган?

— Раҳматли турмуш ўртоғим ҳар тарафлама ёрдам берган. Қийинчилик кимда бўлмайди дейсиз? Ёш болаларим билан ҳаммасини эплашда қийналган пайтимда йиғлаганман, сабаби жудаям ёш турмушга чиққанман.   Ҳам ўқиш, ҳам рўзғор ишлари, санъат — буларнинг барчасига улгуриш катта куч талаб қилинарди. Бирин-кетин болалар туғилгач чарчаб қола бошладим. Айниқса, ўқишни битириш арафасида давлат имтиҳонларида қийналдим. Тасаввур қилинг, қўлимда ҳали чилласи чиқмаган ўғлим, ёнимда эса бир ярим ёшли қизчам. Бир тарафда имтиҳон. Бир куни Лутфулла акага: «Мен бунақада синиб қоламан, жуда қийналиб кетдим, санъатни ташлайман. Яхши келин, яхши рафиқа ва яхши она бўлиб уйда ўтираман», деб йиғлаганман. Шунда улар: «Агар сиз ўртамиёна актриса бўлганингизда, мен ўзим сизни уйда ўтиришга ундардим. Аммо сизнинг иқтидорингиз бор. Сиз ҳали кўплаб ролларни ўйнашингиз керак. Агар сизни санъатдан четлатсам, бир умр ўзимни кечира олмайман«, деган. Уларнинг шу гапи менга далда бўлган. Ўзимга ишончимни орттириб, кучимга куч қўшган.

— Турли даврларда  аёлликнинг турли босқичларини яшаб келмоқдасиз. Ортга қараб қайси даврларни кўп соғинасиз?

— Қайси аср ва  давр бўлишидан қатъи назар аёл  аёллигича қоларкан.  Раҳматли бувижоним: “Турмушга чиқиш осон, этик ечиш қийин”, деган мақолни айтиб, турмушда учрайдиган қийинчиликларга тайёрлаб борарди. Онамдан ҳам бундай ўгитларни эшитиб катта бўлганмиз. Шу сабаб ҳаётда ва оилада  учрайдиган паст-баландликларни одатий ҳол деб қабул қилганим менга кўп ёрдам берган. Аёл бўлиш, зиммадаги масъулиятларни бажариш катта маъсулият юклайди. Оиласидан бахт топиб, фарзандларидан тиниб-тинчиган аёлни бахтли деб биламан. Қийинчиликлар олдида гангиб қолмасдан фақат сабр-бардош билан оғир кунлар ўтиб кетишига ишонган аёлнигина ҳақиқий  ўзбек бекаси, бегойими деб баралла айта оламан. Қиз бола қандай ният қилса, Яратган унинг ниятига яраша тақдир берар экан. Бувим ҳар доим: “Беғубор пайтингда чиройли ният қил”, деб айтар эдилар. “Бир куни шаҳзоданг оппоқ отда қаршингда пайдо бўлганида, уни рад этма. Уни бахтим деб билганингдан кейин эса ҳурматини ҳар доим жойига қўй. Эркак – ярим пир”, деб кўп таъкидлар эди. Ўшандаёқ шаҳзодам келишига қаттиқ ишонганман ва  ўн саккиз ёшимда чиндан ҳам уларни учратганман. Каттагина оилага келин бўлиб тушдим. Мендан ташқари бу оилада ўн тўрт жон бор эди. Оиламиз оқибатли, ҳурматли инсонлар бўлган.Тўйимизга кўп бўлмаган бўлса-да, катта кинолар съёмкаси учун кетардим. Ўзимни юлдуз санамаганман. Уйга келишим билан фартукни тақиб, рўзғор ишларига кўмилардим. Овқатларимни айтмайсиз-ми, биринчи мартта шўрва тайёрлаганман. Очиғини айтаман, ўша шўрвани кимдир менга тайёрлаб берса, ичмаган бўлардим. Уйдагилар эса аксинча, мақтаб-мақтаб ичишган. Мақтовлардан кейин уйга янада кўпроқ меҳр берганман.  Қайнсингиллар – синглим, қайнука – дўстим эди.

— «Ўткан кунлар” филъми ўзбек кино санъатининг дурдона асари сифатида тарихда қолди. Маълумотларга кўра, Кумуш ва Зайнаб образи учун вилоятлардан ҳам 400 га яқин сулув қизлар келишган экан. Зайнаб образида тасдиқланишингиз қандай кечган?

— “Ўткан кунлар”фильмида суратга тушишимга қадар “Қисмат” телеспектаклида Узукжамол образи билан санъат ихлосмандлари учун таниш эдим. Қаҳрамонимни  гавдалантирган пайтим ёш бўлганманми, уч метр баландликдан рол учун сакраганман. Оёғим остига матраслар тўшалган бўлсада, ковушимдаги мих оёғимга кириб кетган. Образим таъсирида оёғимдан оқаётган қонга ҳам қарамай ролимни давом эттирганман. Бу ҳолатга буюк режиссор Йўлдош Аъзамов ҳам гувоҳ бўлган экан. Орадан кўп ўтмай “Ўткан кунлар” асари асосида фильм ишланар экан деган гап-сўзлар оралади. Вилоятлардан, айниқса водийдан 350 нафардан ортиқ қиз Зайнаб образи учун синов топшириб кетгани ҳақида хабар топдим. Шундай буюк ёзувчининг асарига қайси пешонаси  ялтираган актриса суратга тушар экан деб хаёл қилганмиз. Бир куни Йўлдош ака Аъзамов “Сиз ҳеч қандай фотосиновсиз Зайнаб образи учун тасдиқландингиз, эртадан чиқсангиз сизга мос кийимлар тикишади” деб айтиб қолдилар. Бу хабардан ҳушимдан кетай деганман, сабаби ушбу асар учун танлаб олинган актёрларнинг ҳаммаси буюк ижодкорлар эди. Мен эндигина 18 ёшга кирган, қорамағиз, кичкинагина қиз эдим. Хуллас, съёмкалар бошланди. Битта саҳнада мени деб бутун ижодий гуруҳ қийналган. Ҳаётда Зайнаб образига қадар  ҳеч кимга кўнгил қўймаган  эдим. Гарчи ундан олдин “Қисмат”да севишганлар образида чиққан бўлсак ҳам партнёрим Берди ҳатто қўлимдан ҳам ушламаган эди. Зайнабнинг Отабекни Кумушдан рашк қиладиган саҳнаси мен учун оғир бўлган. Ўзбекона оилада катта бўлганман, режиссор “Отабекни Кумушдан рашк қилиб ўпишингиз керак” дейди, мени эса  бунга тарбиям йўл қўймайди. Йўлдош ака, астойдил куюниб, “Сен Гулчеҳра бўлиб ўпмаяпсан, Зайнаб бўлиб ўп”, деганлар. Ноқулай аҳволга тушиб йиғлаганман. Режиссёр ҳам нима қиларини билмаган. Сабаби плёнкалар Россиядан келади, қиммат.  Мен эса керакли  саҳнани рад этаяпман. Шунда устоз санъаткор Марям Ёқубова қулоғимга бир гап айтганлар. Марям опанинг гапи билан ролга киришганман. Суратга олиш ишлари тугагандан кейин ижодий гуруҳ: “Марям опа нима дедилар?” деб сўраган. Аммо у гапни ҳеч кимга айтмаганман. Фильмда севилмаган ва севгига зор бўлган аёлни ўйнаган бўлсам ҳам, ҳаётда мени еру-кўкка ишонмайдиган бегимни учратдим. Умр йўлим давомида менга жуфту-ҳалол бўлган инсондан бир умр миннатдорман. Қолаверса, марҳум радиорежиссёр Жавлон Тошхўжаев “Ўткан кунлар”нинг радиопостановкасини ёзганларида Кумушни ўйнаш бахтига сазовор бўлдим. Ушбу радиопостановка “Олтин фонд”да  ҳамон сақланмоқда. Съёмка жараёнларида қизиқ ҳолатлар кўп бўлган. Томошабиннинг Зайнабга бўлган севгиси ошиб кетмаслиги учун доим қовоғимни солиб юришга мажбурлашар, ўзи қорамағиз қиз бўлсам-да юзимни янада қоратиришарди. Гулчеҳра опа Жамиловага ҳавас қилардим, ўзлари оппоқ чиройли бўлсалар ҳам гримчилар соатлаб уларни пардоз қиларди. Ўша пайтларда санъаткорларнинг бир-бирига бўлган меҳрли муносабатига ҳавас қилардим. Меҳр-оқибат, рағбат, бир-бирини тушуниш, далда бериш бор эди. Буюк актёрлар билан суратга тушганим учун кечаси билан Қодирийни ўқиб чиқардим. Биринчи устозинг кучли бўлса, каръеранг зўр бўлади деган гапга ишонаман. Мен энг профессионал ижодкорлар билан ижодимни бошлаганимдан бутун умрим давомида фахрланиб келдим.

— Бугун кўпроқ нималардан ранжийсиз…

—  Майдалашиб кетяпмиз. Долзарб муаммолар туриб, арзимас мавзуларга кўп аҳамият қаратиб юборяпмиз. Ёшларнинг  маданиятидан бироз ғашим келади, айниқса, йигитларнинг. Гоҳида  ижтимоий тармоқдаги ёзувларни ўқиб, асабийлашаман. Танимаган, яқиндан билмаган инсоннинг расмлари остига ҳақоратларни ёғдиришади.  Салбий изоҳларнинг барчаси, афсуски, биз тоғимиз, қалқонимиз деб юрган эркаклар томонидан ёзилмоқда. Бировни камситиш, ҳақорат қилиш шунчалик осон бўлиб қолганми? Ҳаммага  инсоф берсин деб, дуо қиламиз. Ютуқларимиз ҳам йўқ эмас, биздан ҳам ақлли ўғил-қизларимиз бор. Уларни кўриб, ота-онасига минг раҳмат деб алқаймиз…

Феруза Раҳимова,
I
shonch.uz