Боқимандалик  иллати: у қай тарзда шаклланади ва қандай оқибатларни келтириб чиқаради?

302

Биринчи ҳолат. Суҳбатдошингизнинг юз-кўзида касби ёки ҳунари билан халққа хизмат қилиш, юрт манфаатини ўйлаш, оиласи фаровонлигини таъминлаш ҳисси мужассам. Қайси касб соҳиби бўлишидан қатъи назар, у ўз ҳаётидан рози бўлиб яшайди ва шахсий манфаатларини жамият ўлчовлари билан уйғунлаштира олади. Бахт-саодат калити, аввало, ўз қўлида эканлигини, эли, халқи билан биргалигини чуқур англайди.

Иккинчи ҳолат. Ўз туриш-турмушидан нолийдиган бошқа бир тоифадаги одамнинг фикрича, ҳамма ўғри, порахўр ва фирибгар. Тўқ, фаровон яшаётган одамлар гўёки пулни ноқонуний йўллар билан топишади. Ҳаётнинг фақат қора нуқталарини кўриб яшаётган бундай кимсалар учун хорижий давлатлар гўёки жаннат. Ўз юртида ризқ-насибасини топишга қийналаётгани учун давлатни айблаб, жамиятда кечаётган ислоҳотларни фақат салбий баҳолашади. Уларга жаннатни жамият, одамлар яратиб бериши керак гўёки. Бундай кимсалар ўз феъл-атворида боқимандалик иллати илдиз отганини ҳеч қачон идрок этмайди ва идрок эта олмайди ҳам…

Барчаси инсон манфаатлари, унинг бахту саодати учун!

Ўзбекистон Мустақилликка эришганига 32 йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида юртимизда мислсиз ўзгаришлар рўй берди. Аҳоли фаровонлиги юксалди, қишлоқ ва маҳаллаларнинг замонавий инфратузилмаси вужудга келди. Кўркам иншоотлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки чекка туманларда ҳам барпо  этиляпти.

Бултур мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 888,3 триллион сўмга етиб, 2021 йилдагига нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Бу аҳоли жон бошига ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулотга ҳам таъсир кўрсатиб, истеъмол саватчасида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини билдиради. Ҳукумат ва давлат миқёсида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар инсон манфаатлари, унинг бахт-саодати ва ҳаётдан рози-ризо бўлиб яшашига йўналтирилаётгани баайни ҳақиқатдир. Меҳнат қилиш, даромад топиш, ўз оиласининг моддий-маънавий эҳтиёжларини қоплаш учун давлат томонидан зарурий шарт-шароит яратилаётганини ҳар бир фуқаро чуқур англаши лозим.

Мутасадди ташкилотлар кенг қамровли ислоҳотларга нисбатан юртдошларимиз муносабатини ўрганиб, хулоса чиқарадилар. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари томонидан ҳар йили юртдошларимиз ўртасида турли мазмунда сўровнома ўтказилиб, респондентларнинг муайян воқеликка нисбатан муносабатлари ўрганилмоқда. Яқинда «Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳаётларидан қониқадими?» мазмунида сўровнома ўтказилганида, иштирокчиларнинг 74,1 фоизи турмушдан мамнун эканлигини баён этган, қолганлари ҳаётидан қониқишларини айтишган. Ҳар ўнинчи респондент «қисман қониқишини» билдирган.

– Шахснинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши катта ижтимоий масала, – дейди психология фанлари номзоди Феруза Акромова. – Таҳлил ва кузатишлар шуни кўрсатадики, ижтимоий келиб чиқиши, насл-насаби, касб-кори, феъл-атворига кўра, бир-биридан кескин фарқланадиган кишиларнинг яшаш тарзи ҳам турлича. Ҳаётдан тўла маънода қониқиб яшаш, бу чинакам бахт! Лекин бунақа имконият ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳаётнинг яккаш салбий жиҳатларини кўраётган замондошларимиз ҳам оз бўлса-да, топилади. Улар мавжуд шарт-шароитга яраша меҳнат қилгилари келмайди, хорижий давлатларни орзу қилишади, боқимандаликдан уялишмайди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногирон кишиларга давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан хайр-саховат кўрсатилса, бу тоифадаги кимсалар ҳам ўзларига ёрдам берилишини истаб қолишади. Соғлом-бақувват ва меҳнатга лаёқатли бўлишига қарамай, уялиш, андиша ҳисси йўқ бундай шахслар учун олма пишса ва оғзига тушса, бўлди, ҳазм қилишга тайёр. Боқимандалик, тайёрга айёрлик, аслида муайян шахс тақдирига хос стереотип бўлса-да, уларнинг юзлаб, ҳаттоки минглаб ҳолатда учраши жамият ҳаётини орқага суради, мамлакат тараққиётига ғов бўлади. Шундай экан, бефарқ, лоқайд, ялқов, боқиманда шахслар пайдо бўлмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўрилиши керак.

Ўзбекона ғурур туйғуси «ўлганми?»

Республикамизда географик жойлашуви, аҳолиси сони, инфратузилмаси билан бир-биридан фарқланувчи 9145 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларда ўзини ўзи бошқаришнинг оқилона тизими шаклланган. Табиийки,  кўпни кўрган, бой ҳаётий ­тажрибага эга оқсоқоллар кундалик иш фаолияти жараёнида феъл-атвори ва дунёқараши турли-туман кишиларга дуч келишади.

– Маҳалла раиси бўлиб ишлашнинг юки жуда оғир, – дейди Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Мустафоев. – Чунки ҳар бир одамнинг дардини тинглашимиз ва иложи бўлса, унга ёрдамлашишимиз керак. Ҳудудимиздаги Бойбўта, Маҳалла, Янгиобод ва Янгиқўрғон қишлоқларида 715 та хонадон мавжуд. Уларда 4422 киши яшайди. Ўзига тўқ, тадбиркорлик орқали мўмай даромад топаётган қишлоқдош­ларимни кўрсам, «Одам ҳалол меҳнати, дадил интилиши билан кўп нарсаларга  эришади» деган фикр хаёлимдан ўтади. Лекин ночорлигидан, қўли калталигидан нолийдиганлар ҳам бор. Улар осмондан чалпак ёғишини кутишади. Уй шароитини кўрсангиз, 8-10 сотих томорқаси бор, ёнидан ариқ ўтган. Демак, экинзорини гуллатиб-яшнатиб, рўзғорни бадастир қилиш мумкин. Аммо айримларида тер тўкиб ишлашга қунт-ҳафсала йўқ. Назаримда, ялқовлик, дангасалик, «Берсанг ейман, урсанг ўламан!» қабилида ўйлаш бу тоифадаги кишиларда ўзбекона ғурур туйғусини ҳам ўлдириб қўйган. «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» давлат дастурлари доирасида ҳудудларимиз инфратузилмаси ўзгариб, янги-янги тадбиркорлик субъект­лари пайдо бўлаётгани натижасида туриш-турмушидан нолиб, маҳаллага ёрдам пули сўраб келаётган фуқаролар анча камайди. Онги, фикрлаш доираси ўзгараётган қишлоқдошларимиз кўпаяётганидан хурсанд бўламан. Бироқ гоҳида тўрт мучаси соғ, савлатидан от ҳуркадиган, ери бор оила бошлиғи қабулимга келиб, «Бизга ёрдам пули бермайсизми? Бирор жойда ишламаймиз, ҳеч қандай даромадимиз йўқ», деганида, тўғриси, ўзбеклигимдан афсусланиб кетаман. «Катта томорқангиз бор, ундан фойдаланиб, рўзғорингизга барака киритсангиз бўлмайдими?» деб уларнинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қиламан.

Иллат қандай келиб чиқади?

Оилада фарзанд туғилиши – қувонч, шоду хуррамлик. У янги муҳитга мослашгунча онанинг жони ҳалак. Оқ ювиб, оқ таралган гўдак секин-аста борлиқни англай бошлайди, илк қадамини ташлайди, ақлини танийди, нутқи шаклланади. Аввало, ота-она уни ўз кийим-кечагини, ўйинчоқлари ва кўрпа-тўшагини йиғиштиришга, саранжом-саришта тутишга ўргатса, болада ўзини ўзи бош­қариш ҳисси шаклланади, меҳнат қилиш завқи кучаяди.

Афсуски, баъзи ота-оналар боланинг ўйинчоқлари ва нарса-буюмларини ўзлари йиғиштириб, ҳатто, мактабга чиққанида пойабзалини кийдириб ҳам қўйишадики, бунинг охири вой! Шаҳар шароитида уйи ва мактаби ораси икки бекат чиқадиган масофа бўлса, боласининг яёв юришини хоҳламаган ота-оналар шахсий автомашинада ташлаб кетишни афзал кўришади. «Ўзим кўрган қийинчиликни боламга раво кўрмайман», деб фикрлайди улар. Бу мутлақо нотўғри тушунча. Бола қийналса, ҳаётий тушунчалари кенгроқ бўлади, улғайиб боргани сари ҳар бир масалада мустақил қарор қабул қилишга ўрганади, унга боқимандалик туйғуси «ёпишмайди».

– Боқимандалик жамият ривожига тўсқинлик қилувчи ­аянчли иллат саналади, – дейди Вобкент туманидаги 21-мактаб ­бошланғич синф ўқитувчиси Дилноза Нарзуллаева. – Унга мубтало бўлганларда ҳаётий қийинчиликларни енга олиш иммунитети йўқ. Улар кимларгадир қарам бўлишдан уялишмайди. Aтрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга лоқайдлик ва бепарволик билан қарашади.

– Албатта, боқимандаликка бола бирдан йўлиқмайди. Унинг ўзгаларга кўримсиз туюлган салбий белгилари аввал оилада, кейин боғча ва илк мактаб ёшидан бошлаб палак отади. Оилада носоғлом муҳит, ота-онада мешчанлик, кибр-ҳаво, ўзига бино қўйиш иллати мужассам бўлса, билингки, уларнинг фарзанди ҳам худди шу иллатлардан «нусха» олади. Бу тоифадаги ўсмирлар ёки ёшлар қўлини совуқ сувга урмайдилар, жиндай қийинчиликка додлаб юборадилар, бесабр, танбал бўладилар ва майда ҳуқуқбузарлик қиладилар. Бора-бора катта-кичик жиноятларга қўл уришдан ҳам тап тортмайдилар.

29 йилдан бери бошланғич синфга дарс бериб келяпман. Болажонларнинг феъл-атвори турлича. Aйримлари берилган топшириқни чин дилдан, қунт билан бажаради. Баъзилари ҳафсаласиз, лоқайд, эринчоқ. Мен уларнинг раъйига қараб, оддий, осон топшириқ бераман, бирортаси бўш қолмасин, дейман. Оддий бўлса ҳам у топшириқни меҳнат қилиш, ҳаракат қилиш орқали бажариш мумкинлигини ҳис қилиши керак. Малика деган эркатой қизалоғимда ёзишга иштиёқ суст, фақат рангли қалам бўлса бас, чизиб, бўяшни хуш кўрар экан. Аввалига, унинг хоҳишига қарадим, фақат чизиш, бўяшдан топшириқ бердим. Кейин вазиятни ўзгартирдим. «Сен ҳарф ва сўзларни ҳам ёзишга қодирсан, асалим», дея уни тенгқурларига намуна қилиб кўрсатдим. Маликани бошқалардан кўра кўпроқ кузатувга олиб, ҳар бир хатти-ҳаракатини яхши томонга ўзгартириб бордим. Вақт ўтгани сайин унинг инжиқлик­лари камайди, синф ва уй топшириқларини бекаму кўст бажара бошлади. Эринчоқлиги йўқолди, синфдошлари қаторига қўшилди.

Индивидуал ёндашув бўлмаса, Малика сингари ўқувчиларнинг руҳияти ўзгармайди. Агар ялқов болага қўл силтаб, бефарқ бўлсак, бу иллат янада илдиз отиб, урчийди. Кейинчалик у меҳнат қилишдан бутунлай бош тортишга, оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юришга ўрганади. Юқори синфда умуман дарс қилиб келмайдиган, берилган топшириқни бировдан кўчириб олишга уялмайдиган боқимандалар пайдо бўлади. Бунга йўл қўймаслик учун бошланғич синф ўқитувчилари болага нафақат билим бериши, балки жисмоний меҳнат қилиш малакасига ҳам эътибор қаратиши зарур. Синф хонасини тоза-озода тутиш, тувакка гул экиш, парваришлаш, эшик, деразаларни артиб тозалаш, мактаб ҳовлисини супуриш, дарахт ва буталарни суғориш каби ишларга жалб қилиш ўқувчи характерида меҳнатсеварликни шакллантиради. Бундан ташқари, турли тўгаракларга қатнашиш, мусобақаларга бориш ҳам унда ўзига ишонч ва рағбатни шакллантириб, келажаги учун мустаҳкам замин яратади.

Назорат локуси нима?

Инсоннинг юриш-туриши, хатти-ҳаракати, феъл-атворига қараб, унинг маънавий дунёсига баҳо бера оласиз. Психологик тадқиқотларда шахс руҳий-маънавий оламини аниқлашга йўналтирилган илмий-назарий ёндашувлар бор. Хусусан, боқимандалик иллатининг келиб чиқиш ­сабаблари ҳам тадқиқ этилган.

– Психологияда «назорат локуси» деган тушунча мавжуд, – дейди психология фанлари доктори Умарали Қодиров. – Назорат локуси (лот. locus – манзил, франц. contrуle – текшириш) инсоннинг ўз муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги сабабини ташқи таъсир ёхуд ўз имкониятларига боғлиқ ҳолда идрок этиши билан боғлиқдир. Шунга кўра, экстернал (ташқи) ва интернал (ички) назорат локуси фарқланади. Бу атамани 1954 йили америкалик психолог Жулиан Роттер фанга киритган. Кейинчалик назорат локусини аниқлашга йўналтирилган «Роттер сўровномаси» ишлаб чиқилди. Мактабда паст баҳога ўқийдиган ўсмир ­(экстернал назорат локуси) бунинг сабабини ташқи, яъни ўзига боғлиқ бўлмаган таъсир билан боғлаш йўлини тутади. Меҳмон келиб қолса, дарс тайёрлай олмайди, баҳона тайёр. Интернал (интернал назорат локуси) ўқувчи эса бу вазиятда, «икки» баҳо олиб қолса, сабабини ўз хатти-ҳаракатлари билан изоҳлайди, яъни у ўша фанга қизиқмайди, дарсга яхши тайёргарлик кўргиси келмайди. Интернал назорат локуси ­шаклланган киши ҳар қандай натижа учун ўзини масъул, деб билади.

Хўш, айни ҳолат катталарда қандай кузатилади?

Позитив фикрли замондошларимиз ўтган ҳар бир кунига шукрона келтиради, топганига қаноат қилиб, чумолидай тиним билмайди. Иккинчи гуруҳга мансублари эса доимо ҳаётидан, турмушидан нолийдилар. Ўз наздиларида уларга жамият ва давлат фаровонлик яратиб бериши керак.

Кузатишларга кўра, даромади катта иш ўрнига эга эмаслиги, моддий етишмовчилик, маҳаллий ҳокимият вакилларининг улар ҳолидан хабар олмаслиги ҳар томонлама соғ-саломат, экин-тикин парваришлашга ва мол боқишга ярайдиган айрим кишиларда ташаббускорлик, интилувчанлик, ўз устида ишлаш кўникмаларини сўндиради. Бироқ уларда экстернал назорат локуси жуда ривожланган бўлади. Таржимаи ҳоллари ўрганилса, мактабда ҳам ялқов бўлишгани, битиргандан сўнг­тайинли касб-ҳунарни пухта ўзлаштиришмагани, бирор корхона-ташкилотда ёлчитиб ишлашмагани аёнлашади. Шунинг учун ҳам улар мудом боқимандалик кайфиятида юрадилар, жамиятдан норозилик ҳисси кучли бўлиб, ён-атрофидагиларга, яқинларига маломат тошлари ёғдирадилар. Стресс ва депрессияга ҳам кўпинча шу тоифадагилар тушади. Энг ёмони, уларнинг қалбида меҳнати туфайли муайян натижаларга эришиб, эл эътирофига сазовор бўлган юртдошларимизга нисбатан ҳасад уйғонади. Ҳолбуки, излаган имкон топади деганларидек, битта юрт, бир хил шароит ва имконият тақдим этилса-да, интернал назорат локусидаги кишилар ижобий натижаларни қўлга киритишади.

Қўлида гулдай касби ёки ҳунари бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топа олган, оилавий ҳаётда ўзгалар ҳавас қиладиган даражада бахт-саодатга эришган, ҳаммасиданам муҳими, ўтаётган умрига минг карра­шукрона келтирадиган ватандошларимизга ҳавас қиласан, киши. Улар кўпчиликни ташкил этишади ва бошқалар учун ибрат мактаби вазифасини ўташади. Тилагимиз, шунақа юртдошларимиз янада кўпайиб бораверсин!

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист