дея чиқарилган буйруқ суд ТОМОНИдан бекор қилинди
«Агробанк» АТБ Жалақудуқ филиалининг бир гуруҳ ходимлари аттестациядан ўта олмагани учун ишдан бўшатилгач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши ушбу масала юзасидан «буйруқ ҳақиқий эмас, ходимларни ишга тиклаш зарур» деган мазмунда тақдимнома киритди.
Аммо филиал раҳбарияти, кенгаш нуқтаи назаридан фарқли равишда, ўз фикрида собит қолди.
Албатта, икки тараф муросага келолмаган тақдирда тугал ечимга суд орқали эришилади. Хуллас, кенгашга арз қилиб келган Ф.Холмирзаев, У.Тоҳиржонов ва М.Ҳалимохуновларни ишга тиклаш, мажбурий прогул вақтлари учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъво аризаси суд иш юритувига қабул қилинди.
Федерациянинг вилоят кенгаши юрисконсульти Муҳаммаджон Куббиевнинг таъкидича, иш берувчи буйруқ чиқаришдан аввал «ходимнинг малакаси етарли эмаслиги» билан боғлиқ жиҳатни жиддий ўйлаб кўриши керак эди. Чунки аттестация натижаларига кўра, юқорида номлари зикр этилган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан бекор қилинган, мазкур бандни ходимнинг малакаси етарли бўлмаган тақдирдагина қўллаш назарда тутилган.
Ҳолбуки, мавжуд тартиб-таомилларга кўра, «агар ходим у билан тузилган меҳнат шартномасига кўра, айнан бажариши шарт бўлган ишни уддалай олмаётган бўлсагина, нолойиқлиги бўйича у билан бўлган меҳнат муносабатлари бекор қилинишига йўл қўйилади».
Ҳуқуқшуноснинг қўшимча қилишича, ходимларга аттестация ўтказилиши санасидан камида икки ҳафта олдин бу ҳақда ёзма равишда маълум қилиниши, саволлардан ҳам йўқ деганда 15 кун аввал хабардор этилиши билан боғлиқ тартиблар ҳам борки, бу талабларга-да кўз юмиб кетилган. Аксинча, саволлар 5 кун аввал тақдим этилган. Аттестацияга тайёрланишлари учун эса имкон берилмаган, қайтанга, айни кунларда улар маҳаллама-маҳалла юриб, ўзларининг функционал ишларига алоқадор бўлмаган юмушлар билан шуғулланишга жалб этилган.
Хуллас, даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судида судья Тожиддин Мадраҳимов раислигида кўриб чиқилиб, арзгўйларни банк филиалида ўзлари ишлаб келган лавозимига ёки шу лавозимга тенглаштирилган вазифага тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунинг баробарида уларнинг бирига 20 миллион, бошқасига 18 миллион, яна бирига эса 16 миллион сўм миқдорида мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундириб бериш ҳақидаги тўхтамга келинди.
Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»



