Ногиронлиги бўлган нуронийларга авиа ва темирйўл чипталари учун имтиёз ва чегирмалар берилади

465

“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида республикамиз ҳудудларида нуронийларга ички туризм саёҳат дастурлари бўйича маълум чегирмалар, имтиёзлар берилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг масъуллари маълум қилишди.

Масъулларнинг сўзларига кўра, республикамиз ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш истагида бўлган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларга, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 25 фоиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 10 фоиз ҳамда “Uzavtotrans Servise” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз чегирмалар тақдим этилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, вазирлик томонидан фуқаролар йиғинлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кексаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда улар иштирокида олиб борилаётган маънавий-маърифий, саёҳат тадбирлари, шунингдек, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида йўлга қўйилган “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасидаги амалий ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Яна маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 ноябридан Президентнинг тегишли фармонига биноан, ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилган.

Шаҳло Абдураҳмонова,

ishonch.uz