Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори

238

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий тамойилга айланмокда.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолатдир.

Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Юртимизда жами 16та диний конфессияга мансуб 2238 та диний ташкилот, улардан 158 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамиятлари, кришнаит жамияти, будда ибодатхонаси ҳамда Ўзбекистон динлараро Инжил жамияти, шунингдек, 130 дан ортиқ миллат вакилларини ўзида жамланган 138 та миллий-маданий марказлар, 34 та дўстлик жамияти эмин-эркин фаолият олиб бормоқда ва бу фаолият қонуний асосда мустаҳкамлаб қўйилган. Бағрикенглик ва тотувлик асосида юзага келган тинчлик-осойишталик эса, Ўзбекистон ютуқларининг асосий пойдевори бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.

Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида шу йилнинг 24 ноябридаЎзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита,Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO” кафедраси, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, республикада фаолият юритаётган турли конфессиялар вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, Ўзбекистондаги ислом тадқиқот марказлари диншунос ва ҳуқуқшунос олимлари, оммавий ахборот вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан диний-марифий соҳага катта эътибор қаратилаётгани, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар билан ўзаро ишонч, яхши қўшничилик муносабатларини ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, юртимизда миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш марказнинг асосий вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, мазкур Марказ фаолиятининг гуманитар таркибий қисми турли халқлар ва этник гуруҳлар ва диний эътиқод вакилларини бир платформада тўплаш имконини беради.

Ўз навбатида, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов семинарда кўтарилган мавзулар ҳозирги давр талаблари учун долзарблиги, динлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан фойдали эканлигини айтиб ўтди. Халқаро экспертлар иштирокида шакллантирилиб, 2021 йил 26 июнда Сенат томонидан маъқулланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғриси”даЎзбекистон Республикаси қонуни  аҳамиятига йиғилиш иштирокчилари диққатини жалб этди.

Қизғин мунозара остида ўтган семинарда сўзга чиққанлар юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари ягона оила сифатида Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликларини таъкидлашди.

Тадбир якунида томонлар мазмунли ўтган семинар барча учун фойдали бўлгани, бу каби учрашувлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Тақдим этилган барча маърузалар тўпламини жамлаган ҳолда нашр қилишга ва соҳа вакиллари доирасида кенг фойдаланишга келишилди.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг

Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати