“ФАЛОКАТ”

47

Ҳаётий ҳикоялар

 Бу воқеа куппа-кундузи – шундоққина кўз ўнгимда рўй берди…

Серқатнов йўл бўйидаги бекатда эл қатори автобус кутиб тургандим. Ўртадаги  ўриндиққа ясланиб олган ўта замонавий кийинган, қош-кўзлари келишган кўҳликкина жувон гоҳ кўзгуга қараб лабини бўяр, гоҳ телефонда суҳбатлашар, лекин тинмай тортқиланаётган уч-тўрт ёшлар чамасидаги ўғилчасининг шўхликларига парво ҳам қилмасди. Аксинча, тез-тез унга “Ўчир овозингни, зумраша! Гаплашишга халақит бераяпсан!” дея дўқ уриб қўярди. Болакай эса танбеҳ эшитгани сайин баттар талтаяр, бекатнинг у бошидан бу бошига югурар, одамлар оёғи остида ўралашиб, ғашга тегарди.

Бир маҳал у кўчанинг нариги тарафига қаради-ю, бирдан қувониб кетди. “Ойи, қаранг, карусель! Ур-ра-а, мен каруселда учаман!” дея шодон қийқирганча, ўша томонга талпинди.

Айни лаҳзада сал наридаги чорраҳага ўрнатилган светофорнинг кўк чироғи ёниб, тўрт қаторга тизилган катта-кичик машиналар бирваракайига ҳаракатга келганди. Аммо аллақачон автобус тўхтайдиган майдончадан ўтган болакай хавф-хатарни ҳис этмай, йўлнинг қатнов қисмига қадам қўйганди. Бу ҳолатни кўриб аёл кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, “Қайт, Зоҳиджон! Ортингга қайт!” дея жон алфозда қичқириб юборди. Ўрнидан сапчиб тураётганида қўлидаги телефон бир четга учиб тушди. Басма-басига чор тарафни машиналарнинг безовта сигнали-ю ғилдиракларнинг ғийқиллаган товушлари тутиб кетди.

Ана шундай қалтис дамда қорамағиздан келган ёшгина озғин йигит ниҳоятда ҳушёрлик кўрсатди. Чап қўлини баланд кўтариб, бекатга шитоб билан яқинлашаётган машиналарга “Тўхтанг!” ишорасини қилди-да, боланинг орқасидан югурди. Беш-олти ҳатлаб унга етгач, икки қўлтиғидан даст кўтарди. Сўнгра дарҳол ортига қайтиб, йўл четига олиб чиқди. Аммо охирги дақиқада ўзи чуқурга қоқилиб, юз тубан йиқилди. Худди шу пайт сал нарида бир томонга қийшайиб тўхтаган оқ “Нексия”дан кексароқ киши отилиб тушиб, унга ўрнидан туришига кўмаклаша бошлади.

Аёл эса аввалига югуриб бориб, бир четда ҳамон ҳеч нарсани англамай, ҳайрон бўлиб турган ўғлини бағрига босди. Кейин қўққисдан жаҳл отига миниб, важоҳат билан ҳайдовчига хезланди.

– Ҳов, аҳмоқ! – деди унинг ёқасидан маҳкам тутамлаб. – Оз бўлмаса, боламни босиб кетай дединг-ку, ифлос! Кўзингга қараб ҳайдасанг, ўласанми, эш-шак!

– Ўзинг-чи? – Ҳайдовчи ҳам бўш келмади. – Нега болангга қарамайсан? – деди бўғриқиб. Ёқасини аёлнинг чангалидан зўр бериб ажратаркан, қўшимча қилди. – Мен қоида бўйича белгиланган тезликда ҳаракатланаётгандим…

– Мен ҳозир сен безбетга қоида билан тезлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! – Аёл унинг сўзини чўрт кесди-да, кутилмаганда юзига устма-уст шапалоқ тортиб юборди. Буям етмагандай, қарғишга зўр берди. – Ҳе, башаранг қурсин, оғзингдан қонинг келсин, овсар. Илоё, аварияга учраб, машинанг билан қўшмозор бўл, ҳезалак!

Мен оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган аёлнинг шаллақилигига чидай олмадим.

– Ў-ў, синглим, – дедим уни инсофга чақириб. – Телефон билан андармон бўлиб, ўйинқароқ ўғлингизни буткул унутганингиз рост-ку. Нега энди ўз айбингизни бировга ағдараяпсиз? Нега отангиз тенги одамни сансираб, ҳақорат қилаяпсиз?

– Э, ўчир овозингни! – Жувон менга юзланиб, илондек вишиллади. – Ўргилдим сендақа қозидан… Аслида ҳамманг бир гўрсан! – Кейин ўғлининг қўлидан силтаб тортди. – Қани, кетдик, юр бу ёққа, жинқарча…

У боласини фалокатдан қутқарган йигитга раҳмат айтиш тугул қиё ҳам боқмади. Ўғлини судраб бориб, сал нарида турган таксига қарғана-қарғана ўтирди-да, хайр-маъзурни насия қилиб жўнаворди.

Мен йиқилганида қаттиқ лат емадимикин деган хавотирда ёғоч ўриндиқда нафас ростлаётган йигитга ўгирилдим. Ажаб, у тобора узоқлашиб бораётган такси ортидан маъюс боқиб, бошини сарак-сарак қимирлатар, адашмасам, ичини нимадир тимдалар, кекса ҳайдовчи эса унинг пешонасидан оқаётган қонни артиш билан овора эди…

  МИННАТ ОШИ – МАЛОМАТ ТОШИ

Тадбиркор оғайнимизнинг саксон ёшдан ошган отаси оғир хасталаниб, тўшакка михланиб қолди. Икки-уч кишилашиб уни кўргани бордик.

Отахон полига чўғдай гилам тўшалган, деразаларига ҳарир пардалар илинган, шифтига қимматбаҳо қандил осилган, нақшинкор сервантга биллур идишлар дид билан терилган кенг-баҳаво хона тўридаги юмшоқ каравотда ётган экан. Очиғи, уни кўриб, ичимиздан зил кетдик. Бир вақтлар гурсиллатиб қадам ташлайдиган яғриндор, бардам-бақувват одам бир бурдагина бўлиб қолибди. Оғриқнинг зўриданми, тез-тез инграб қўяди, басма-басига узоқ йўталади…

Шунга қарамай, сир бой бермадик, имкон қадар кўнглини кўтардик. “Кўринишингиз бинойидек, Худо хоҳласа, тез орада оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз”, дедик. Ўз навбатида, отахон ҳам бизнинг ҳол-аҳволимизни, ишимизни эринмай сўраб-суриштирди.

– Йўқлаб келганларингиз, яхши тилакларингиз учун раҳмат! – деди кейин алланечук тушкун кайфиятда. – Фақат бу сафар соғлиғим ўнгланишига кўзим етмайроқ турибди. Чамамда, ажал фариштаси аллақачон йўлга чиққан кўринади. – У бир зум тўхтаб, оғир хўрсинди. – Одамзоднинг феъли қизиқ,  ҳар қанча яшаса ҳам, барибир, ҳаётга тўймайди. Ўлим шарпаси сезилса, ҳаётнинг ялтироқлигини, умрнинг қалтироқлигини ўйлаб, талвасага тушиб қолади. Қарилик эса – қайғу… Қолаверса, саксон, тўқсон дегани бир кун йўқсан дегани. Мана, мен ҳам ётибман “Эй Худо менга ҳам яна озгина умр қўшиб бер!.. Омонатингни олар бўлсанг, жонимни қийнамай осонгина ол!” деб…

– Э, менга қаранг, дада! – Қўққисдан бақабўйин дўстимиз отахоннинг гапини оғзидан олди. – Нега ҳадеб дуч келганга ҳасрат қилаверасиз? – деди дўмбоқ қўлини пахса қилиб. – Сизга нима етишмаяпти ўзи?.. Саксон иккига кирган бўлсангиз, нега ўлимдан қўрқасиз? Фақат битта ўзингиз ўлаётгандай, мунча ваҳима қиласиз? Ахир, бу нарса ҳамманинг бошида бор савдо, тақдирга тан бериш ҳам керак-да…

Кутилмаган таъна-дашномдан ҳаммамиз ҳанг-манг бўлиб қолдик. Отахон эса қаттиқ безовталанди. Кўзлари аланг-жаланг бўлиб, бир бизга, бир ўғлига жавдираб боқди.

– Жон болам, – деди сўнгра аъзо бадани титраб-қақшаб, ялинчоқ оҳангда, – бу гапни олдин ҳам уч-тўрт бор айтувдинг, бошқа айтма. Жон бор жойда қазо борлигини ўзим ҳам яхши биламан. Мен ўзимга умр сўрасам, сендан эмас, Худодан сўраяпман. Сен бунақа пешдаҳанлик қилма. Ёмон гап кўнгилга тошдек қаттиқ ботади-я. Ё, нима, касал боқиш жонингга тегдими?..

– Жонимга текканида сизни дўхтирларга қаратиб, манави шароитларни яратиб берармидим? – Дўстимиз яна отаси сўзини бўлди, хумдай боши билан хонадаги жиҳозларга ишора қилди. – Ана, қаранг, ҳамма нарса етарли, еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, шунга қарамай, нуқул нолиганингиз-нолиган.

У сизга ортиқча гап ҳайф дегандай, жаҳл аралаш қўл силтади-ю, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди. Отахон бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, гапиролмай қолди. Устига-устак, дарди хуруж қилиб, анча қийнади. Узоқ йўталиб, тин олгач, уф тортиб, кўзларини маҳкам юмди. Шу он мижжалари орасидан силқиб чиққан бир томчи ёш деразадан мўралаган қуёш нурида йилтираб кетди.

Биз отахоннинг қандай юпатишни билолмай, унинг атрофида лол қотиб ўтирардик…

Абдунаби ҲАЙДАРОВ