Ҳозирги ва аввалги замонларда ҳам ўзга дин вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилмаслик, бир динни бошқасидан устун қўйиш ёки камситиш турли низолар ва нотинчликларга сабаб бўлган. Одамлар эса бошқа дин ҳақида қанча кенг маълумотга эга бўлсалар, шунчалик ўша дин анъаналарига ҳурмат билан қарайди. Бу эса элатлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги аҳилчиликни мустаҳкамлайди. Шу боис биз бугунги мақоламизда ислом, христиан ва яҳудийлик ривожига ҳисса қўшган уч дин арбоби ва уларнинг фаолияти ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз. Зеро, бу инсонлар ўз сўзлари ва амаллари орқали одамларни ортидан эргаштириб, уларни эзгулик ва илм ўрганишга даъват қилган. Натижада жамиятда турли балолар ва нотинчликлар, маънавий таназзуллар ортиб кетишининг олди олинган.
Улардан бири – ислом оламининг машҳур уламоларидан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
У киши 1952 йилда Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топган. Оталари Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Оналари эса – Собирахон Тилакберди қизи ибодатгўй, фидокор, самимий аёл бўлган. Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор берган. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмаган. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймаган. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратиб, мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берган.
Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олиб, Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни ўрганган ва ёшлигидан жуда кўп китоб ўқиган. Китобларда ёзилишича, ёш Муҳаммад Содиқнинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қилган.
Бу илмга бўлган ташналик беиз кетмади. У ўз замонасининг юксак ҳурмат қозонган исломшунос олими, йирик намояндаси бўлиб етишди. СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқ 1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга киради. Ўша дорилфунунда ҳам бутун дунёдан келган талабалар орасида энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. У олийгоҳ дарсларига бир соат ҳам қолдирмасдан қатнашар, имтиҳонларга юқори даражада тайёргарлик кўрарди. У олийгоҳ дарсларидан ташқари ўша ердаги устозлардан ҳам алоҳида дарслар олар, мустақил мутолаа билан шуғулланарди.
1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори муовини, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади. Институтда 1981 – 1989 йиллар фаолият кўрсатган даврдида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди. Ислом институти таълим муҳитига талайгина ижобий янгиликлар киритди. Бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк бор жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга олиб кирди.
У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди. СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзуси бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. Катта сондаги мусулмонларнинг ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиб келишларига рухсат олди. У кишнинг муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида Ўзбекистондан ташқарида бўлди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат “Тафсири Ҳилол”, ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган “Ҳадис ва Ҳаёт” асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У «Тафсири Ҳилол» китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, Ҳарам олдида таълиф этди. Ҳадис ва ҳаёт асарини эса Ливияда ёзиб тугатди. Бундан ташқари, кўплаб давлатларда бўлиб, халқаро конференция ва илмий анжуманларда фаол иштирок этди.
2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келганида ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоблар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, маърузалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан халқнинг диний саводини оширишга, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, ҳанафий мазҳаби мустаҳкамланди, хатарли фитналарнинг олди олинди, қанчадан-қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади. Мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди, эл орасида тинч-тотувлик, дўстлик руҳи таралди.
Христиан проваславларининг машҳур уламоларидан бири эса Владимир Захарович Икимдир.
Владимир Иким – 1940 йилнинг 1 февралида Молдованинг Бессарабия ҳудудидаги Варзарешти Ной қишлоғида туғилган. У рус православ черкови епископи, Омск ва Таурид митрополити лавозимларида фаолият юритган. Унинг Ўрта Осиёлик христианлар учун қилган хизмати катта. 1990 йилда Патриарх Алексий II нинг фармони билан епископ Владимир Иким соборга кўтарилди. Кейинроқ эса у Тошкент ва Ўрта Осиёда архиепископ, 2002 йилдан эса – Метрополитан лавозимларида ишлаб, 21 йил давомида Тошкент ва Марказий Осиё епархиясини бошқарди.
Иким 1958 йилда туғилган қишлоғида мактабни тугатиб, Одесса диний семинариясига ўқишга киради. 1959 йилда Совет армияси сафига чақирилади. Ҳарбийдан кейин Одесса диний семинариясини тугатиб, Москва диний академиясига ўқишга киради. Диний академияни илоҳиёт фанлари номзоди илмий даражаси билан тамомлагач, 1969 йилда у Москва Патриархиясининг ташқи черков алоқалари бўлимининг ёрдамчиси этиб тайинланди. 1971 йилда Москва Фанлар академиясининг аспирантурасини тугатди ва аббатлик даражасига кўтарилди. Кейинчалик эса Чехословакия православ черковининг Примати, Прага ва бутун Чехословакия митрополити Доротей юрисдикциясига тайинланган ва Карлови Варидаги муқаддас олий ҳаворийлар Пётр ва Павлус номидаги черков ректори лавозимига кўтарилган. 1990 йилгача у Подолск епископи, Москва епархияси викариси бўлиб ишлади.
1990 йилга келиб эса унинг фаолияти Ўзбекистон билан боғланди. Шу йилдан эътиборан Иким Тошкент ва Ўрта Осиё епископи этиб тайинланди. Бир йил ўтиб эса у архиепископ даражасига кўтарилди. Бу даврда епархия руҳонийларнинг кескин танқислиги кузатилаётган эди. Маслан, 56 черковдан 30 тасининг ўз руҳонийлари йўқ эди. Шу сабабли, янги эпископ етиб келиши биланоқ, Тошкент илоҳиёт мактабининг очилиши билан шуғулланди. 1998 йилда эса Тошкент диний билим юрти семинарияга айлантирилди ва у ерга архиепископ Владимир ректор этиб тайинланди. Владимирнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳукмронлиги йилларида Ўрта Осиё черковлари сони 56 тадан 100 тага кўпайди. Шу тариқа Туркистон архистларининг минтақада ўз диний семинариясини яратиш ҳақидаги эски орзуси амалга ошди. 2002 йил 25 февралда у метрополитен даражасига кўтарилди.
Икимнинг Ўрта Осиё ҳудудида яшаётган проваславлар учун қилган хизматлари беқиёс. Чунки айнан Митрополит Владимирнинг ғамхўрлиги билан Тошкентда маънавий-маъмурий марказ ва Бишкекда шунга ўхшаш марказ барпо этилди, кўплаб янги черковлар қурилди, монастирлар очилди. Епархиянинг босма органлари – «Ҳаёт сўзи» газетаси (1991) ва «Юқоридан Шарққа» журнали (2001) ташкил этилди. Бундан ташқари у христианликнинг тарихи ва ривожи тўғрисида кўплаб китоблар ёзган. Улар орасида “Ўрта Осиёда христианлик” (Ҳаворий Томас изидан) китоби аҳамиятлидир. Мазкур китобда Ўрта Осиё хонликлари даврида христианликнинг ривожланиши, дин ривожига ҳисса қўшган арбоблар, христиан диншунослари, Ўзбекистон ва марказий Осиё ҳудудидаги диний қадамжолар ҳақида кенг ҳамда атрофлича маълумот берилган. Шунингдек, давлат бошлиқларининг дин вакилларига кўрсатган эътибори ҳақида ҳам кўплаб мисоллар, воқеликлар келтирилган.
2011 йилга келиб у Омск ва Тарск митрополити этиб тайинлангач, Ўзбекистонни тарк этди. Ҳозирги пайтда Владимир Иким 81 ёшда.
Яҳудийликнинг ҳурматга сазовор уламоларидан бири – Рав Юсуф бен Моше Мамандир. У 1752-1823 йилларда яшаб ўтган. Рав Юсуф Марокашнинг Тетуан шаҳрида туғилган. Бухоро яҳудийлари орасида Сефарад қонунини тарғиб қилган.
Унинг отаси Рав Моше Маман Марокаш ҳукмдорининг яқин маслаҳатчиси ва дўсти бўлган. Ҳукмдор ағдарилиб, Рав Моше Маман ўлдирилгач, унинг оиласи Марокашдан Исроил заминига қочиб, ўша пайтда Усмонлилар империясининг бир қисми бўлган Сафед шаҳрига келиб жойлашади. Кейинчалик Юсуф раввинлик таълимини олиб, яҳудийлик динини пухта ва чуқур ўрганади. Ўзининг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, яҳудийлик динини кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида, яна айрим манбааларда айтилишича эса, руҳий раҳбарга муҳтож бўлган жамоани қидириш учун у Сафед шаҳрини тарк этади. У ўзининг сафарлари давомида Бағдод, Машҳад ва Шаҳрисабздан ўтиб, Бухорога келади.
1793 йилда Бухорога келганида бухоро яҳудийлари яҳудий қонунларини етарлича ғайрат билан ўрганмаётган ва унинг анъаналарини ҳурмат қилмаётган эдилар. Иброний тилида ибодат китоблари деярли йўқ эди ва Рав Юсуф Маман Бухоро яҳудий жамоалари йўқ бўлиб кетиши арафасида эканлигидан қўрқади. Шу боис яҳудийларга Исроил юртининг муқаддаслиги ва ҳайр-эҳсон қилиш амрлари ҳақида ваъз айтди. Оловли ваъзлари ва таъсирли нутқи туфайли у яҳудийларни чуқур илҳомлантириб, уларнинг эътиқодини янада кучайтиришга муваффақ бўлади. Шу боис ундан таъсирланган Бухоро ва Шаҳрисабздаги яҳудийлар жамияти раҳбарлари Рав Юсуф Маманни қолишга ва ўзларининг руҳий етакчиси бўлишга таклиф қилишади.
Рав Юсуф вазиятни ўргангач, таклифга рози бўлади ва яҳудий маданиятининг маркази ҳисобланган Бухоро шаҳрида яшаб қолади. Мазкур шаҳарда кечган кейинги ҳаёт йилларида Юсуф яҳудийлар учун мунтазам таъсирли нутқлар тайёрлайди, ўз даврининг бир нечта тилларини билганлиги учун яҳудийлар орасида билим олишни, ўрганишни тарғиб қилади. Ўзи эса бир нечта мактаблар очиб, у ерда болаларга таълим беради. У яшаган даврларда Бухорода яҳудийлик жуда яхши ривож топади. Шу боисдан ҳам яҳудийлар Бухорони Қуддусдан кейинги иккинчи муқаддас шаҳар деб билишади.
Кейинчалик Рав Юсуф Маман Шаҳрисабз маҳалласи раҳбари Муллажон қизи Хонга уйланади. У билан саодатли ҳаёт кечиради.
Йиллар давомида у кўплаб ёшларни ўзига жалб қила олди, содиқ шогирдларни тарбиялади. Бой ва нуфузли бухорилик яҳудийларнинг ёрдами билан Рав Юсуф Маман биринчилардан бўлиб Бухорода дастлабки яҳудий диний мактаб очди. Кейинчалик эса Литва ва бошқа баъзи яҳудий жамоаларига ибодат китоблари ва дарсликларини ҳам буюртма қилган.
Рав Юсуф Маман сефардик яҳудий бўлганлиги сабабли, у бухорлик яҳудийларга ўргатган яҳудийлик ҳам сефардик эди. Унгача бухорий яҳудийлар форс канонининг иудаизмига амал қилганлар. Бухоро яҳудийлари томонидан қадимги форс ибодат қонунининг ўзгариши бошқа яҳудий маслагидагилар назарида анъанага катта зарба бўлгандек туюлди. Шу боис Ямандан келган Рав Закария Рав Юсуф Маманга қарши чиқди ва қадимги анъанани давом эттиришни буюрди. Натижада жамиятда улар ўртасида келишмовчиликлар юзага келди. Рав Юсуф Маман Бухоро амирлигидаги энг нуфузли ва энг бой яҳудий хонадони – Мулло Ниёзлар оиласи билан иттифоқ тузиб, рақибини мағлуб эта олди. Ўнлаб йиллар давомида бухоролик яҳудийлар орасида яшаб келган Рав Юсуф Маман уларнинг тилида сўзлашди, маданияти ва урф-одатларини ўзлаштирди. Ўзидан юзлаб авлод қолдирди.
Унинг Муллажон қизи Хондан бўлган фарзандлари – Иброҳим, Исҳоқ ва Марям эди. Исландиянинг собиқ президенти Улавур Рагнар Гримссоннинг рафиқаси Доррит Мусаеф Рав Ёсеф Маманнинг бевосита авлоди ҳисобланади. Рав Юсуф Маман Бухорога келгунига қадар бухорлик яҳудийлар ислом динини қабул қилишга мажбур бўлганлар. Шундай эса-да, Рав Юсуф Маман мусулмон ҳукуматлари билан яхши муносабатда бўлишга эришади. Боиси у араб тили ва Қуръонни чуқур билгани учун улар томонидан жуда катта ҳурматга сазовор бўлган ва мусулмонлар томонидан “Буюк Мулла” лақабини олган. Манбааларда, Рав Юсуф Маман бухорлик яҳудийларни турли зўравонлик ва қирғинлардан қутқаришга муваффақ бўлганлиги ҳам таъкидланади. У умрининг сўнгги йилларини ҳам Бухорода ўтказиб, шу ерда вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг 1827 йилдан бошлаб бухоро яҳудийлари Исроил заминига кўча бошлаганлар.
Зебо НАМОЗОВА тайёрлади



