Саёҳатдан бир ҳовуч дур ила…

10090

Саёҳат қилиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ижод аҳли учун ҳамиша янги ғоялар, юксак зафарлар, ижодий ютуқлар омили ҳисоб­ланади. Яқинда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари жамоаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбарияти кўҳна ва сеҳрли диёр – Хоразм воҳасида ижодий сафарда бўлди.

Шарқ марвариди таассуротлари

Сафарнинг дастлабки куни меҳмонлар очиқ осмон остидаги музей – Марказий Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик саналмиш Ичан қалъада бўлишди. Уларда Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тошҳовли саройи, Оқ масжид, Араб Муҳаммадхон ва Муса Тўра мадрасалари, Кўҳна арк ва Калта минор каби тарихий иншоотлар катта таассурот қолдирди.
– Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бўлган Хиванинг «Ичан қалъа» тарихий-меъморий давлат музей-қўриқхонаси 26 гектар майдонни эгаллаган, – деб ҳикоя қилади музей бош мутахассиси, «Ishonch»нинг фаол муаллифларидан бири Дилмурод Бобожонов. – У пахса деворлар билан ўраб олинган ва дунёнинг тўрт томонига қараб очилган дарвозаларга эга. Тарихдан маълумки, Буюк Ипак йўли ўтган Хивадан кўплаб бадиий ҳунармандчилик намуналари, машҳур олимларнинг нодир қўлёзмалари бутун жаҳонга тарқалган. Ушбу осори атиқалар ҳозир Америка, Европа ва Осиё қитъаларидаги энг нуфузли музейларда сақланмоқда.
Музей-қўриқхона ҳудудида мангуликка дахлдор 58 та тарихий-меъморий обида бор. Бошқа музейлардан фарқли ўлароқ, бу қадимий гўшада бугунга қадар 360 та хонадон сақланиб қолган ва уларда 2750 нафар киши яшайди.
– Ичан қалъа ҳақида жуда кўп эшитганман, – дейди ҳамкасбимиз Бибигул Муртазаева. – Бугун жамоадош­ларимиз билан бирга ушбу масканни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан бағоят хурсандман. Ўзимни гўёки эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этяпман.

Бардавом бунёдкорликлар

Биз шу куни вилоят маркази ва унга туташ туманлардаги янгиликлар ҳамда ўзгаришлар билан ҳам танишдик. Хусусан, Урганч шаҳрининг тоза-озодалиги ва саранжом-саришталиги, ҳар бир кўчада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳавасимизни келтирди. Урганч, Қўшкўпир ва Хива туманлари бўйлаб борар эканмиз, намунали ва замонавий уйлар, икки қаватли кўркам бинолар, янги иншоотлар эътиборимизни тортди. Улар шаҳар-туманлар ҳуснига кўрк бўлиб қўшилишидан ташқари, минглаб ­оилаларга бошпана, таъбир жоиз бўлса, Ватан ичра Ватан бўлаётганини ўйлаб, кўнглимиз қувонч­­га тўлди.
Воҳадаги туб ўзгаришларни ҳис қилиш учун кўп вақт талаб қилинмайди. Масалан, биз бир кеча тунаган, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли «Хоразм Палас» меҳмонхонасининг шундоққина ёнида Урганчнинг бош майдони, шаҳар марказидаги машиналар қатнайдиган дастлабки ерости йўли қурилиши ниҳоясига етказилиб, эндиликда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкали ҳам қад ростлаган. Қирғизёп бўйидаги эски уйлар ўрнида эса кўп қаватли тураржойлар ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат Урганч сити бунёд этилмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Самимий мулоқотлар

«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари журналистлари саёҳатдан қайтгач, «Хоразм Палас» меҳмонхонасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши раиси Эргаш Юсупов бошчилигидаги касаба уюшма фаоллари билан учрашди. Тадбирда уюшма фаоллари газета саҳифаларида ёритилган мақолалар, таҳлилий-танқидий чиқишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини баён этишди.
– Севимли нашримиз биз учун устоз десак, муболаға бўлмайди, – дейди Федерациянинг вилоят кенгаши ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси Иззатжон Юсупова. – Шахсий иш фаолиятимда бу газетадан кўп фойдаланаман. Айниқса, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси, ­сиёсатшунос Қудратилла ­Рафиқовнинг мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида халқона услубдаги ва самимий руҳдаги ­публицистик чиқишларини диққат билан кузатиб бораман. Улардаги ҳар бир ўқувчини ватанпарварликка ундайдиган, инсон қадри йўлида бирлашишга даъват этадиган ҳаётий ва улуғ фикрлар мени ҳам руҳлантиради.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши ­раиси Сафаргул Бердиева сўзи аввалида газетанинг доимий ўқувчиси ва фаол муаллифларидан бири эканини таъкидлаб ўтди. Сўнгра педагогик ­аттестацияда тоифалари оширилган бўлса-да, маошига устама ололмаган муаллимлар муаммолари «Ishonch»да ёритилгач, ушбу муаммо республика миқёсида ижобий ечим топганини мамнуният ила тилга олди. Шунинг­дек, вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари шанба куни ишламаслиги туфайли ишчи-ходимларнинг ёш болалари қаровсиз қолиши ҳолатлари юзага келгани ва газетадаги чиқиши натижасида бу масала ҳам масъуллар томонидан ижобий ҳал этилгани ҳақида фикр юритди. Шунга кўра, келгусида ҳам таҳририят билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Шавкат Сафарбоев, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Гулхоним Аминова ва бошқалар ҳам сўз олиб, ўз фаолиятларини такомиллаштиришда, турли муаммоларни бартараф этишда газеталар кўмакчи бўлаётганини айтиб ўтишди.
Тадбир ниҳоясида хоразмлик фаол муаллифлар ва тарғиботчиларга таҳририят ташаккурномалари топширилди ва китоблар совға қилинди.

Ҳамкорлик битимлари

Сафарнинг кейинги куни меҳмонлар Хоразм вилояти телерадиокомпаниясига ташриф буюришди. Шу асно Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти бўлимлари, шунингдек, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» ҳамда «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталари таҳририятлари ўртасидаги ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши жараёнларининг гувоҳи бўлишди.
Дастлаб ижодий уюшманинг Тошкент шаҳар бўлими раиси Ҳусан Эрматов ўзи раҳбарлик қилаётган «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари жамоаси вакилларини мезбонларга, Хоразм вилоят бўлими раиси Ўткирбек Матқурбонов воҳа оммавий ахборот воситаларида ишлаётган бир гуруҳ қаламкашларни меҳмонларга таништирди. Шундан кейин «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталари бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова ўз таҳририяти мисолида обуна ҳамда газетани чиқариш жараёнларидаги ютуқ ва қийинчиликлар, ҳар бир ходимга юклатилган вазифа ва масъулият ҳақида гапирди. Шунингдек, охирги пайтларда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятида жонланиш кузатилаётганини, жумладан, яқинда фарғоналик бир гуруҳ журналистлар Хоразмга келиб, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишгани, бу сафар эса «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари жамоасининг ташрифи ва ҳамкорликка чорлови уларни хурсанд қилганини таъкидлади. Учрашувда ўз сўзи ва овозига эга журналистлар, жумладан, «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталари бирлашган таҳририяти мухбири Отахон ­Нафуллаев, Хоразм вилояти телерадио­компанияси муҳаррирлари Наргиза Бўронова ва Азамат Сафаров, «Хива тонги» газетаси муҳаррири Шержон Машарипов, «Хонқа тонги» газетаси муҳаррири Муҳаббат Сафоева, «Оила ва табиат» газетаси бош муҳаррири, Журналистлар ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими раиси ўринбосарлари Ҳусниддин Бердиев ва Шоҳира Ҳамро ҳамкасблар ўртасидаги ижодий ҳамкорликнинг самараси, қолаверса, давр журналистлар олдига қўяётган вазифалар, янги анъаналар, даврий нашрларнинг ўқувчиларга етиб бориши масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.
Учрашув ниҳоясида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти бўлимлари раислари ҳамкорлик меморандумини имзолашди.
Иккинчи меморандум эса, юқорида эслатганимиздек, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» ҳамда «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталари таҳририятлари ўртасида расмийлаштирилди.
Тадбирга Хоразмнинг севимли фарзанди Азамат Отажонов бошчилигидаги ансамбль ижросида янграган куй-қўшиқлар файз киритди.
Шу билан ижодий жамоанинг Хоразмга сафари ниҳоясига етди. Биласиз, ижод аҳли учун янги ҳамкорлар, айниқса, улар маслакдош бўлса, жуда ҳам муҳим. Боз устига, улар бажараётган ишингни одилона баҳолашса, жўяли фикр-мулоҳазаларини, асосли танқидлари ва фойдали таклифларини билдиришса, нур устига нур бўлади. Уларнинг ҳар бир гапи бамисоли дурга тенглашади. Шу маънода таҳририят ходимлари ҳам Хоразм сафаридан бир ҳовуч дур билан қайтишди. Бу эса келгусида янги ғоя ва мақсадларга туртки бериб, газеталарнинг янада ўқишли бўлишига ва оммалашишига хизмат қилажак.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»