Оғир атлетикачиларимиздан  медаллар шодаси!

1643

Жаҳон чемпионати

 Юнусобод универсал спорт залида бўлиб ўтаётган ва бугун ниҳоясига етиши кутилган оғир атлетика бўйича  Жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Ушбу мусобақада Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш бошқармаси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар мактабининг оғир атлетика буйича Ўзбекистан миллий терма жамоа аъзолари – Акбар Жўраев, Турсуной Жабборова ва Достон Ёқубовлар намунали иштирок этиб, юртдошларимизга олтин ва кумуш медаллар шодасини тақдим этди.

Қизлар ўртасида 87 кг. вазн тоифасидаги вакиллар  ўртасида кечган баҳсда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Турсуной Жабборова ўзмгв билдирилган шончни тўлиқ оқлади. 108, 111 ва сўнгги уринишда 113 кг. тошни ўзига бўйсундирган Турсуной энг яқин рақибасини 4 кг.га ортда қолдирди. Натижада, Жабборова терма жамоамиз ҳисобига яна битта олтин медаль қўшиб қўйди.     Кейинги босқич силтаб кўтаришда эса у 131 кг.лик тошни бўйсундирди ва  иккала босқичдаги жами кўтарган оғирлиги 244 кг.га тенг бўлиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Акбар Жўраев – мутлақ Жаҳон чемпиони!

   Халқаро тоифадаги яна бир спорт устаси Акбар Жўраев ҳам Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Спортчи мазкур мусобақада жаҳоннинг мутлақ чемпиони бўлди!

109 кг.вазн билан даст кўтаришда 195кг, силтаб кўтаришда 238кг, умумий ҳисобда 433 кг.оғирликни ўзига бўйсундирган юртдошимиз 3 та олтин медаль соҳибига айланди.  У баҳслар тугагач, журналистларга интервьюсида, ўйин қизиқарли руҳда ўтганини, арманистонлик спортчидан жуда жиддий қаршилик бўлишини кутганини айтди:

–Симон – кучли рақиб. Шунга қарамасдан,  фақат олтин учун ҳаракат қилдим, – дейди спортчи.

Акбар Жўраев келгуси режалари ҳақида гапирар экан, бироз дам олмоқчилигини, аммо меҳнат қилишдан тўхтамаслигини таъкидади. Чунки олдинда Париж олимпиадаси. Унда юртимиз байроғини баланд кўтариш учун албатта тинимсиз изланиш, машқлар қилиш керак.

Достон – номи тилларда достон бўлажак!

67 кг. вазн тоифасида медаллар учун курашган  ҳамюртимиз Достон Ёқубов учун ҳам ушбу жаҳон чемпионати омадли кечди. У даст кўтаришда 144 кг. натижа билан иккинчи ўринни банд этган бўлса, силтаб кўтаришда 180 кг. тошни ўзига бўйсундириб, барча рақибларини ортда қолдирди ва умумий ҳисобда 2 та олтин ва битта кумуш медалларига эгалик қилди.

Шу тариқа терма жамоамиз атлетлари жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Уларни Жаҳон чемпионатидаги ишончли ғалабалари билан муборак бод этамиз! Истеъдодли спортчимизга фақат омад тилаймиз!

 

                                                                                                       Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”