Шуҳрат Дарёнинг қўшиқларини тинглаганмисиз?
Мен берилиб эшитаман.
Ҳофиз учун овоз билан бирга қўшиқ матнини ҳис этиш ҳам муҳим хусусият. Нотўғри танланган матн нари борса ўртача ашулага айланади, бир-икки янграйди-ю, жимликка сингади. Қўшиққа айланиб, парвоз қилишга шай турган қуйма сатрларни кўрмаслик ижрочи учун ҳам, тингловчи учун ҳам катта йўқотиш.
Адабиётда «Жуда кўп асарлар танқидчиларнинг эътиборсизлиги боис ўқувчига етиб бормади», деган фикр бор. Қўшиқчиликда ҳам шундай: парвозга шай кўпдан-кўп шеъру ғазаллар ижрочига етиб бормай, ора йўлда қолиб кетди. Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Фаттоҳхон Мамадалиев, Ҳабиба Охунова ижросидаги қўшиқларнинг таъсир кучи йиллар ўтгани сари ошиб бормоқда. Умар Отаев, Шерали Жўраев «Ўзбегим»ни, Олмахон Ҳайитова, Фахриддин Умаров «Онам дерман»ни излаб топиб, мусиқий хазинамизни бойитишди.
«Умр ўтар, вақт ўтар» деб бошланувчи шеърни муаллиф Омон Матжоннинг ўзи ҳам қўшиқ бўлади, деб ўйламаган экан. Улуғ ҳофиз Ортиқ Отажонов матндаги наволи, сафоли сатрларга яширинган маъноларни бир ўқишдаёқ сезган. Усмон Азимнинг «Карвон кўрдим»и ҳам шундай бахтга мушарраф бўлган. Бу хусусда мисоллар кўп.
Ҳофиз қўлига шеърий китоб олганида ёки шоир билан мулоқотга киришганида, албатта, қўшиқ туғилади.
Хонандалар фаолиятида тез-тез кўзга ташланиб турадиган қусурлардан бири концерт эстетикаси билан боғлиқ. Ҳофиз олдинги қаторда қўр ташлаб ўтирган беш-ўнта меҳмонлар, таниқли санъаткорларни кўриш билан бирга концерт давомида куй-қўшиқлардан завқ олиб, тебранаётган, вужуди мумдай эриётган ва… бундайларнинг тамомила акси – қўшиқ тинглаш ўрнига бир нимани кавшаган ҳолда хаёли суратга тушиш билан банд томошабинларни ҳам назардан қочирмаслиги керак.
Қўшиқчилик муаммолари ҳақида сўз очилганда, биринчи бўлиб саҳна маданияти тилга олинади. Бу маданият паловхонтўранинг тозаланган гуручи, қовурманинг зираланган гўшти, ноннинг ийланган хамири кабидирки, буларсиз концерт концерт бўлмайди. Ҳофиз нимани, қаерда ва ким учун куйлаётганини, саҳнада ўзини қандай тутиши зарурлигини унутмаслиги керак. Очиқ овозда зўр бериб ҳайқириш, қўшиқ авжини нафас етгунча чўзиш, чолғу асбобларини пилдиратиш, дириллатишнинг мусиқага ҳам, ижро маҳоратига ҳам даҳли йўқ.
Фикримча, Шуҳрат Дарё бу ҳолатлар хусусида кўп ва хўб ўйлайди. Томошабинни ҳис этади, уни танламайди, қандай бўлса, шундайлигича қабул қилади ва шунга монанд репертуар тузади. Томошабинга мослаб ижро ритмини ўзгартиради. Жиззах далаларидаги бир концертда у менга «Баъзан беш-олти киши даврасида ҳам куйлайман», деди. Мен унга: «Мен ҳам аудиторияда келажаги бор, илмга чанқоқ тўрт-бешта талаба бўлса ҳам дарс ўтаман», дедим. Бир-биримизни тушундик. Унинг қўшиқларида гоҳ нола, соғинч кўнгил ардоқларига айланади, изтироб, дард ўрнини эзгу умид эгаллайди. Овоз гоҳ жўшади, гоҳ сокинлашади. Бундай соҳирлик миллий эстрада санъатимизнинг барҳаёт қалдирғочи Ботир Зокировни ёдга солади, тиниқ овози ҳамон янги-янги мухлисларни забт этаётгандай бўлади. Кўйлаги билан чўмилаётган қизлар Муҳаммад Юсуфни эслатади. Вужудингизни зариф хотира чулғайди. Гоҳ мусиқа шиддатланиб, сўзлар қанот боғлаб, саҳнадан залга парвоз қилади. Тингловчининг қалби ва шуурига кириб боради.
Шуҳрат Дарёнинг қўшиқлари гитара жўрлигида ҳаётнинг узлуксиз ҳаракатини, бири иккинчисига боғланган, айрилмас, ажралмас занжирсимон жараёнларини эслатади. Шоир Ботир Эргашев бир шеърида «Ҳатто «оқ» сўзи ҳам қора сиёҳда ёзилади», дейди. Шуҳратнинг бармоқлари оқни ҳам, қорани ҳам бирдай сезади, бузмайди, уларни тингловчига борлигича узатади.
Ҳар бир қўшиқ ижрочининг маҳорати боис тингловчисини топади. Шоир Ёнғин Мирзонинг «Онам дерман» қўшиғи Олмахон Ҳайитова, Фахриддин Умаров ижросида, Муқимийнинг «Ёдимга тушди», Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» ғазаллари Шерали Жўраевда, Машрабнинг «Ўртар»и Муроджон Аҳмедовда, суворалар Отажон Худойшукуровда, Нодирабегимнинг «Эҳтиёж»и Толибжон Бадиновда, Навоий бобомизнинг «Қаро кўзум»и Муножот Йўлчиевада, Туроб Тўланинг «Ойбулоғ»и Замира Суюновада, Ҳабиб Саъдулланинг «Кўчамдан жонон ўтганда»си Камолиддин Раҳимовда, Охунжон Ҳакимов, Муҳаммад Юсуф шеърлари Юлдуз Усмоновада, Фарида Афрўз ғазаллари Зулайҳо Бойхоновада ижрочи соҳибини топган десак, муболаға бўлмас. Ғуломжон Ёқубов, Эркин Рўзматов, Нуриддин Ҳамроқулов, Нуриддин Ҳайдаров, Маҳмуджон Тожибоев, Марям Сатторова, Гулбаҳор Эрқулованинг ҳам халқимизнинг мусиқий хазинаси даражасига кўтарилган ижро кашфиётлари бор. Бундай ҳофизу ҳофизалар ижоди мисолида бугунги авлодга санъаткор масъулиятини, саҳнанинг муқаддаслигини уқтириб туриш керак.
Тингловчи қалбини забт этган қўшиқларнинг умри боқий бўлади. Шуҳрат Дарё Ботир Зокировнинг «Раъно»сига янгича умр бахш этди. Аслидан узоқлашмасдан ҳам янгича куйлаш мумкинлигини исботлади.
«Раъно» қайтди. Ёшликнинг дилбар нафасини эслатиб, энтиктириб қайтди. «Бу табиий ҳол, – дейди мусиқашунос Нуриддин Аминжонов. – Умрбоқий қўшиқларнинг бахтли тақдири шундайки, улар асло унутилмайди, янги-янги мухлисларни ўзига ром этиш учун қайтади, юракларда яшашда давом этади».
Чиндан ҳам шундай. Кекса авлод «Қаро кўзум»ни улуғ устоз Тўйчи ҳофиз ижросида тинглашган, кейин Юнус Ражабий, Юнус қори Юсупов ижроларида янграган. Орадан йиллар ўтгач эса Камолиддин Раҳимов талқинида мухлислар қалбини яна забт этди. Матн куй билан бирга, овоз ҳам танлайди. Мос овоз топилгунча қўшиқ қанот қоқмайди, парвози баланд бўлмайди.
Зокиржон Фурқат қаламига мансуб «Сайдинг қўябер, сайёд» шеърини Ҳамза Ҳакимзода мусиқаси билан устоз ҳофиз Ориф Алимахсумов маромига етказиб куйлаган. Мириқиб тинглаганмиз. Ҳалима Носирова ижроси ҳам ўзига хос латофатга эга. Кейинчалик бу қўшиқни Козим Қаюмов куйлади, ўзича эмас, Ориф Алимахсумов, Дони Зокиров, Ғанижон Тошматов каби устозларнинг дуосини олиб, пишиқлаб-пухталаб, эстрада оркестри жўрлигида куйлади. Зиёда Қобилова эса қўшиқ ижросига янгича ёндошди – мусаддас матн мухаммасга айланди, «Иқболи нигун бахти ҳам қора экан мендек» сатри тушиб қолди.
Мухлислар ҳукмига қайта-қайта ҳавола этилаётган қўшиқлардан бири – «Доғман». Матн муаллифи Комил Хоразмий (Комил Девоний эмас, ғазал унинг девонидан олингани учун шундай айтилиб кетган бўлса керак). Бу қўшиқни дастлаб Комилжон Отаниёзов куйлаган. Таваккал Қодиров уни улуғ ҳофизнинг ижозати билан ижро этган. Шундай ижро этганки, Комилжон ака «Бу қўшиқ бугундан бошлаб сеники бўлсин», деб қўлини дуога очган. «Доғман»нинг саҳна умри Фахриддин Умаров, у кишининг жиянлари Ҳожимурод Умаров, кейинроқ Нуриддин Ҳамроқулов, Гулбаҳор Эрқулова ижроларида давом этиб келмоқда. Хонанда Наргиз Ёндошева Камолиддин Раҳимовнинг «Наргиз» қўшиғига иккинчи бор умр бахш этди. Қойилмақом қилиб куйлади. Водийлик бир хонанда «Наргиз»ни куйлаб, унинг жон томири – «А-ҳа-ҳай»ни ташлаб кетган экан, Камолиддин ака унга қўнғироқ қилиб, «Ҳой, сен бола, «А-ҳа-ҳай»ни жойига қўйиб қўй», деган.
Қайта-қайта куйланаётган қўшиқлар кўп. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам аслият каби муваффақиятли чиққан деб бўлмайди. Равшан Комилов Неъматжон Қулабдуллаевнинг машҳур «Индамади» қўшиғини янгича талқинда айтди, лекин… чиқмади. «Той бола»нинг қайта туғилиши ҳам шундай бўлди.
Ҳар бир ижрочининг муваффақияти овоз, ижро ва матнни идрок этиш салоҳиятидан келиб чиқади. Фурқат сўзи билан айтиладиган «Адашганман» («Фиғон») ашуласини Берта Давидовага Юнус Ражабий ўргатган дейишади. Берта опа собиқ тузумнинг қаттол қиличи қонсираб турган пайтда уни хорижда ватанидан айро тушганларга бир концертнинг ўзида етти марта куйлаган экан.
Бола исми билан туғилади, деган гап бор. Яхши шеър ўз-ўзидан қўшиққа айланади. Шеърларимга эътибор йўқ, деб ҳофизлардан хафа бўлиш, концертларда шеър тарқатиш тўғри йўл эмас. Ижод дейилмиш илоҳий туйғуни ҳурмат қилиш керак. Шеър ўқиш, китобларга ошно бўлиш керак.
Туйғуларингизни жунбишга келтираётган, ҳайратингизга ҳайрат қўшаётган, англанган ва англаш қийин кечаётган ҳодисотлар талқинини қанотли сўзлар, гўзал ташбиҳлар, қиёслар воситасида, аммо ҳаё либосида ифодаланг. Уларга покиза ният, баланд руҳ, оҳанг бахш этиб, тошқин ирмоқларга айлантиринг. Шундай қилсангиз, бу туйғулар ўз йўлидан адашмай, тўсиқ ва бўғиқларни ортда қолдириб, шуҳратли дарёларга етиб боради.
«Раъно»ни, «Синфдош қизлар»ни, «Оққушлар»ни, ёшлигини соғинганлар – Шуҳрат Дарёни тингланг.
У сизни ҳис этади, сиз ҳам уни ҳис этинг.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист



