Янги йил кириб, соатларнинг бонг уриши ҳамон гумбур-гумбурлар ҳаммаёқни ларзага келтирди. Қизиқиб, дераза ойнасидан кўчага қарадим. Эҳ-ҳе, ҳаммаёқни шунчалар тутун босиб кетган, пақиллагичларни пақиллатаётган қўшниларимизнинг фақат шарпалари кўринарди. Болаларнинг хурсанд бўлиб бақиришларини айтмайсизми!
Бир пайт, тўғримиздаги хонадон эшиги ёнида турган машинанинг чироғи ёқилиб, нигоҳим ўша томонга қадалди. Эшикдан басавлат, соч-соқоллари оппоқ, қўлларидаги катта ҳассасига суянган нуроний Қорбобо чиқди. Бунча чиройли бўлмаса – хаёлимдан ўтди беихтиёр. Уни кузатишга отаси билан чиққан болакай эса меҳмонининг кетиб қолаётганидан йиғлаб, ҳеч нарсага кўнмасди. Шунда фарзандини чалғитиш учун:
– Тойим, кел ёнимга, биз ҳам Қорбобожон билан биргаликда салют отамиз, – деди-ю чўнтагидан пақилдоқлардан бир нечтасини олди ва Қорбобога ҳам узатди. Кичкинтой йиғлашдан тўхтади. Хурсандчилигидан сакрашга тушиб, Қорбобонинг атрофида гир-гир айлана бошлади…
Ўйин бошланди. Хурсандчилик, қийқириқлар давом этаётган бир вақтда… ол-а, бу ёғи қандоқ бўлди – ўйиндан ўқ чиқди. Кутилмаганда кимнингдир қўлидаги матоҳдан учқун чиқиб, виқор билан турган қорбобо томон учиб келиб, оппоққина соқолига тушди.
Юз берган воқеадан қўрқиб, бир чеккада кузатиб турган кичкинтой, Қорбобо либосида қўшни амаки эканини кўриб, унинг ҳақиқий эмаслигини билди-ю, йиғлаганича уйига югуриб кириб кетди.
Қисқаси, содир бўлган бу ҳолатни кўриб, раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг «ҳозир куясан… ана куйдинг», деган машҳур гаплари хаёлимдан ўтди.
Ажабо, бир неча йиллардан бери огоҳлантиришларга қарамай, авж пардада давом этаётган бу каби ҳолатлардан нега кўпчилик ўзига тегишли хулоса чиқармаяпти? Ахир, кўза ҳар куни эмас, куни келганида синиши мумкин-ку!
