Ҳаммаси аҳоли розилиги учун

748

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида Оҳангарон шаҳар ва Оҳангарон туман Давлат хизматлари марказида журналист ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этди.

Медеа-тур мобайнида ОАВ вакиллари Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Она ва бола, тиббиёт хонаси, ошхона, мўъжазгина кутубхона, кутиш ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойлари аҳоли учун қўшимча қулайликдир.

Кенг ва ёруғ, шинам хоналарда аҳолига бир вақтнинг ўзида 160 дан ортиқ тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат ҳамда баҳолаш тизими йўлга қўйилган. Бу қулайликлар марказ ходимларини жисмоний ва юридик шахсларга янада тез ва сифатли хизмат кўрсатишига имкон яратади.

ДХА вилоят бошқармаси томонидан Оҳангарон шаҳар деҳқон бозори олдида, катта йўл ёқасида жойлашган махсус манзилда керакли давлат хизматидан фойдаланиш имконини берадиган “Йўл-йўлакай” хизмати жорий этилган бўлиб, медиа-тур иштирокчилари мазкур лойиҳа билан ҳам яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг, Оҳангарон туман Давлат хизматлари марказида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани уюштирилди. Бошқарма бошлиғи И. Абдусатторов давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилганига алоҳида тўхталди.

Йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга жами  745 минг 521 та хизматлар кўрсатиш, шунингдек, шу давр мобайнида сайёр тартибда 12 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилгани таъкидлаб ўтилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоятда 22 та Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, олис ҳудудларда марказларнинг 8 та филиали ташкил этилган бўлиб, мазкур филиаллар орқали аҳолига 7 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида туман ва шаҳар ФҲДЁ органлари томонидан 69 минг 223 та туғилганлик ҳолати қайд этилган бўлиб, никоҳдан ўтиш 23 минг 786 тани ташкил этди. 3 минг 815 та ажрим ҳолати қайд этилди. 18 минг 715 та ўлим гувоҳномалари расмийлаштирилди.

Иш бор жойда камчилик бўлиши табиий, албатта. Шу жумаладан, давлат хизматлари марказида ҳам йил давомида 41 та хизмат кўрсатувчи ташкилотларда 35 маротаба ўрганиш, 15 маротаба мониторинг ва 3 маротаба сирли мижоз тадбирлари ўтказилиб, натижада жами 29 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Уларнинг 28 мингтаси аризаларни кўриб чиқиш муддатини бузиш бўлса, 199 таси тўғри дан-тўғри хизмат кўрсатиш, яна 269 таси асоссиз рад қилиш ва 130 таси бошқа турдаги қонунбузилиш ҳолатларидир.

Бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун 421 та огоҳнома ва 48 та тақдимнома киритилиб, 140 нафар идора ходими интизомий жазога тортилди. Шундан 12 таси билан тузилган меҳнат шартномаси амалдаги қонунчиликка биноан бекор қилинди. 241 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиб, 200 миллион сўмга яқин жарима ундирилди.

Вилоятдаги давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тагзамирида фақат аҳолининг розилигини топишдек эзгу мақсад мужассам. Зеро, бугун кечагидан яхшироқ фаолият кўрсатиш давр талаби ҳамдир.

Эркин ДОРИПОВ,

ДХА вилоят бошқармаси

матбуот хизмати бошлиғи