Ўтган 2021 йилда қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида кўзланган марраларга эришилди. Жумладан, Хоразм вилоятида гектаридан ўртача 35 центнердан, жами 289,8 минг тонна ёки аввалги йилдагидан 14,6 минг тонна кўп пахта етиштирилди. Фермерлардан 226 нафари ҳосилдорликни 40 центнердан, 20 нафари 50 центнердан оширди. Бу жиҳатдан Қўшкўпир, Гурлан, Ҳазорасп туманларидаги «Муаттар», «Оқмон уста», «Мискинободлик Диёр» фермер хўжаликлари салмоқли натижаларга эришди. Янгибозор, Боғот, Гурлан туманларидаги «Хоразм фахри», «Дилшод», «Нажмиддинхўжа» фермер хўжаликлари эса гектаридан 70-75 центнердан ғалла ҳосили олдилар.
Албатта, бундай муваффақиятлар осонликча қўлга киритилмайди. Ҳосил мўл бўлиши бошқа кўплаб омиллар сингари сувга ҳам боғлиқ. Шунга кўра, сўнгги беш йилда «Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш» лойиҳаси амалга оширилди. Унинг доирасида 215 км. узунликдаги каналлар бетонлаштирилди, 98,6 км. узунликда каналлар реконструкция қилинди, 829 та иншоот янгидан қурилди ва реконструкция қилинди, 14,51 млн. куб метр тупроқ ва 307,1 минг куб метр бетон ишлари амалга оширилди. Натижада, вилоятдаги жами 191,3 минг гектар суғориладиган ернинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Реконструкция қилинган каналларнинг фойдали иш коэффициенти 90 фоизгача ошиб, йилига 300-400 млн. куб метр сув тежалди.
Бундан ташқари, ўтган йил давомида жами 11,3 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар қўлланилди ҳамда 30 минг гектарда лазер текислаш ишлари бажарилди. Натижада 70 млн. куб метр ҳажмли ирригация тармоқларидаги таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобига 166,5 млн., шўр ювишда коллектор-зовур сувларидан фойдаланиш эвазига 189,4 млн. куб метр сув иқтисод қилинди. Шу тариқа такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини кафолатли сув билан таъминлаш имкони яратилди.
Соҳани ривожлантиришда кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, маҳсулотларни харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш борасидаги ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозир вилоятда 11 та пахта-тўқимачиликка, 8 та ғаллачиликка, 6 та мева-сабзавотчиликка, 5 та шоличиликка, 4 та пиллачиликка ва 1 та қўйчиликка ихтисослашган кластерлар фаолият кўрсатмоқда.
Пахта-тўқимачилик кластерларига фойдаланиш учун 82,7 минг гектар экин майдони (шундан 8,7 минг гектари ўзлариники) бириктирилган. Улар бугунги кунда ишлаб чиқаришнинг пахта хомашёси етиштиришдан тортиб, ундан тайёрланган маҳсулотни сотишгача бўлган узлуксиз занжирни яратиш мақсадида йирик қувватли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари очиш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаб, ҳудуднинг бу борадаги салоҳиятини юксалтириш бўйича иш олиб боришмоқда. Пахтачиликда ерга муносабатнинг тубдан ўзгариши, тежамкор технологиялардан фойдаланиш ҳосилдорлик ошишига хизмат қилмоқда.
2018-2021 йилларда кластерлар томонидан юқори самарадорликка эга 800 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси келтирилди. 2021 йилда 8367 гектар пахта майдонига умумий қиймати 168,4 млрд. сўмлик сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Кейинги икки йил ичида 11 та пахта-тўқимачилик кластери корхонаси томонидан вилоятда 92 минг тонна пахта толасини қайта ишлаб, 72,6 минг тонна ип-калава тайёрлашга мўлжалланган 11 та, 43,6 минг тонна ип-калавани қайта ишлаш қувватига эга 9 та, мато тўқиш, уни бўяш ва тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 18 та, 204 минг тонна чигитни қайта ишлайдиган 6 та, 7500 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил қилиш қувватига эга 7 та лойиҳани ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Бу мақсадларга эришиш жараёнида 15 мингта янги иш ўрни яратилади.
Дастурхонларимиз тўкинлиги, бозорларимиз баракоти, турмушимиз фаровонлиги миришкор деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатлари самараси эканлигини халқимиз яхши билади. Шу боис биз ҳам кўпчилик қатори янги йил аввалида «Юртимизда тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлсин, бобо деҳқонларимизнинг хирмонлари тоғдек юксалаверсин!», деб дуо қиламиз.
Шавкат САФАРБОЕВ,
АСМ ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти масъул ташкилотчиси



