Орзу қилишдан тўхтаманг

2640

Болалигимиздан ҳаммамиз кимдир бўлишни орзу қиламиз: космонавт, шифокор, сотувчи ва ҳакозо…

Ҳар бир инсоннинг ўз орзу ва ниятлари бор, бироқ уларнинг натижаси ҳақида камдан кам ўйлашади. Инсонда ҳар куни катта ва кичик орзулар туғилади ва… вояга ета бошлайди ҳам. Бироқ бу охир-оқибат нималарга олиб келиши ҳақида ҳам ўйлаб кўрилса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки баъзи орзулар биз истаганча натижа бермаслиги мумкин.

Мисол учун, мен 30 ёшимда профессионал, креатив фикрловчи инсон сифатида ўзимча нималарнидир тасаввур қиламан ва шунга интиламан ҳам. Бунинг учун бир қатор йирик лойиҳалар ҳамда танловлар ўтқазиш бўйича чора-тадбирлар тузиб қўяман.

Демак, ишончим комилки, қўшимча равишда бошқа бир ҳунарни ҳам ўрганиб қўйсам зиён қилмайди. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-да ахир!

Шу боис айни вақтда фотошоп ва монтаж сирларини ҳам баҳоли қудрат ўзлаштирмоқдаман. Агарки ўйлаганларимни амалга ошира олсам, демак, мен профессионал даражада фикрлашга қодир шахсман.

Ишонинг, бу соғлом фикр. Хуллас, ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтаманг. Фақат ўша кезда ўзингизга қуйидаги саволларни беришни унутманг: Нима учун бу нарса менга керак? Бу нарса қандай натижаларга олиб келиши мумкин?

Азамат АБДУЛАТИПОВ