«Ishonch» газетасининг 2021 йил 14 декабрдаги сонида журналист Анваржон Ҳалимовнинг томорқалардан оқилона фойдаланиш ва турмуш фаровонлигини ошириш ҳақидаги «Ер тўймаса, эл бойимас» сарлавҳали мақоласини катта қизиқиш билан ўқидим.
Дарҳақиқат, Президентимиз ўз чиқишларида томорқалардан унумли фойдаланиш орқали яхши яшаш учун интилиш лозимлиги ҳақида бот-бот эслатиб, барчадан ушбу масалага жиддий ёндашишни, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва маҳаллалар мутасаддиларидан эса аҳолига барча қулайликларни яратиб беришни талаб қилмоқда. Афсус, шунга қарамай, айрим жойларда бу долзарб масалага ҳамон панжа орасидан қарашлар давом этмоқда. Масалан, биз Қамаши тумани, «Қоратепа» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшаймиз. Маҳаллий аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик орқали кун кечиради. Ҳудуддаги тўртта қишлоқ ўртасидан «Майда» зовури ўтган. Уни қазишдан кўзланган асосий мақсад ён-атрофдаги экинзорларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдан иборат бўлган. Бироқ сўнгги йилларда улар оппоқ туз билан қопланиб, ўта юқори даражада шўрлангани туфайли тайинли ҳосил ололмаяпмиз.
Албатта, бунинг асосий чораси зовурни чуқурроқ қилиб, қайта қазишдир. Шундай қилинса, тупроқ таркибидаги тузлар сизот сувларига қўшилиб, зовур орқали оқиб чиқиб кетади. Бу – биринчидан. Иккинчидан, «Майда» зовурининг узунлиги қарийб 10 километрга тенг. Унинг фақат фермерлар далаларига туташ томони такроран қазилган, аҳоли яшайдиган тарафи эса аввал қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетган. Оқибатда томорқа ерларининг шўрланиши тобора кучаймоқда.
Шунга кўра, биз туман ҳокимлиги масъулларидан ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида иш олиб бораётган мутахассислардан Кичик Дўстберди, Майда, Еттиқудуқ, Дўрмон қишлоқларига ҳам бир келиб, аҳолининг турмуш тарзини, томорқаларнинг ҳақиқий аҳволини, эгалари улардан нечоғли фойдаланаётганини ўрганишларини ҳамда вужудга келган ҳолатни ўнглаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилашларини сўрардик.
Ҳозир қиш. Шундай бўлса-да, аксарият туман-шаҳарларда қорни кўрмайсиз. Бизнинг томорқаларимиз эса худди оппоқ қорга бурканганга ўхшайди. Чунки уларни росманасига туз босган. Бу эса аҳолини қўшимча даромад манбаи – ўз томорқасидан узоқлаштиряпти…
Нарзулла ЭШҚУВВАТОВ,
Халқ депутатлари Қамаши
тумани кенгаши депутати
