Ватанимиз Мустақиллиги арафалари, мустақилликнинг дастлабки йиллари миллий матбуот ва журналистика нуқтаи назаридан таҳлилга тортилса, кўп ажойиб хулосалар келиб чиқади.
Жамиятда бебошлик, қўнимсизлик авж олган, энг оғири, оддий аҳоли бошбошдоқлик ҳукмрон шароитда бамисоли эгасиз қолгандек, амалдаги қонунлар ишламай қўйган, «Замон – зўрники!» деганларидек… Энди-энди ўйлаб кўрилса, ана ўшандай шароитда бутун масъулият оммавий ахборот воситалари зиммасига тушган экан. Газета-журналлар талашиб ўқиларди, телекўрсатувлар, ҳатто радиоэшиттиришлар кундалик муҳокамалар мавзусига айланганди. Сабаб?
Сабаб – одамлар, бир сўз билан айтганда, матбуотга ишонарди! Журналистга ишонарди! Матбуот сўзи салмоғи, қадр-қимматини йўқотмаганди!
Жамиятда ёки қайсидир соҳада кечаётган катта-кичик жараёнларни кўпроқ тасодифий ҳолат сифатида қабул қиламиз, аммо-лекин ўша тасодифлар замирида қандайдир қонуниятлар ҳам мавжудлигига кўпда эътибор қаратмаймиз.
Тажриба сифатида сўз юритилаётган давр матбуотимиз майдонини кўз олдимизга келтиришга ҳаракат қилиб кўрайлик: давлат ва нодавлат нашрлар пайдар-пай таъсис этилаётган, бир-биридан «тишли-тирноқли» кўрсатув ва эшиттиришлар оммалашаётган, жанрлар симфонияси авж пардасига кўтарилган, янада муҳими, ана ўша ахборот майдонида қатор-қатор янги номлар пайдо бўлаётгани ва шу янгиланишларнинг бари кенг омма корига ярагани!
Қонуний ва мантиқий сабаб-оқибатлар чамбарчас туташмаган шароитда бунчалар уйғониш – жонланиш бўлиши мумкин эмасди.
Кенг халқ оммаси томонидан фаол муаллифларнинг кашф этилиши ҳам мазкур қонуниятга чамбарчас боғлиқ эди.
Гап шундаки, омма матбуотга, матбуот сўзига, қолаверса, журналистга ишонгани учун ҳам таҳририятларга мурожаат қиларди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, қисмати турганлигини ҳис этган журналист эса лоқайд, эътиборсиз қолиши мумкин бўлмаган.
Буни қарангки, пича кейинроқ икки қонунимизда «Журналист текшируви» моддаси вужудга келганига ҳам, ушбу модда туфайли қанчадан-қанча мурожаатлар матбуот мадади шарофати ила ечим топгани ҳам реал воқелик эди.
«Журналист текшируви» рукни ҳам замонавийлиги, ҳам ғоятда долзарблиги билан бир қатор қалам аҳлини кашф этди, элга танитди. Ҳабибулла Олимжонов, Сафар Остонов, Шоҳруҳ Акбаров, Абдунаби Ҳайдаров, Қурбон Эшмат сингари қалами ўткир журналистлар жараённинг олдинги сафларида кўрина бошлагани тасодиф эмасди. Улар билан изма-из яна бир тўлқин кириб келди: Акбар Жонузоқов, Турсунали Акбаров, Дилмурод Қирғизбоевнинг номи ушбу тўлқин авлоди, вакили сифатида матбуотда кўрина бошлади.
Ўтган асрнинг 80-йилларида «Совет Ўзбекистони» газетаси таҳририяти аъзосига айланиш унча-мунча ёш журналистга насиб этавермаган. Дилмуродга эса насиб этди. Атоқли адиб ва журналист Мақсуд Қориевни ўзи учун отадек меҳрибон устоз, маслаҳатгўй деб билди.
Икки оғиз суҳбатлашган одам Дилмуроднинг фавқулодда киришимли эканлигини дарҳол пайқамай қолмайди. Чунки у ниҳоятда кўнгли очиқ, ҳар қандай ҳамсуҳбат эътиборини ўзига жалб эта олади, унинг кўнглига йўл топа билади. Чинакам журналист ана шу фазилатлардан бошланиши ҳисобга олинса, Дилмурод Қирғизбоев табиатан журналист бўлиб туғилгани рўйи-рост кўринади. Устига-устак, у республикамиз миқёсидаги «жаҳонгашта» – қўлига келиб тушган биргина шикоят хати изидан исталган вилоят, исталган қишлоқ-овул сари йўлга тушишдан эринмайди.
Йўл юришдан эринган одамдан журналист чиқмайди, чиқса-да, оёғи сустлик қалами сустликка олиб келиши муқаррар. Шулар боис юртимизнинг исталган гўшасидан Дилмуродга қучоқ очиб чиқадиган бир оқибатли дўст-биродар топилади. Чунки Дилмуроднинг ўзи ниҳоятда оқибатли йигит. Унга йўл кўрсатган, маслаҳатини аямаган устозларга ниҳоятда садоқатли. Улфатларнинг гули.
«Миллий тикланиш» газетаси бир муддат Дилмурод Қирғизбоев бош муҳаррирлигида чоп этилди. Шунда ундаги раҳбарлик, ташкилотчилик, жамоа аъзоларининг бошини қовуштира олиш маҳорати намоён бўлди. Хусусан, оғир иқтисодий шароитга тушган сиёсий партия нашрини сақлаб қолиш, мажозий маънода айтганда, умрига умр қўшиш йўлида бор маҳоратини сафарбар этди ва ниятига етди.
Юқорида мен Дилмуродни «йигит» деб тилга олдим. Шу сўзим сўз, зеро, ҳамкасб дўстимиз ҳали йигит ёшида – ғайрати баланд, шиддати ҳароратли, қадамидан ўт чақнайди. Унинг миллий матбуотимизда ўз ўрни бор, ўз сўзи бор. Унинг ҳаётий, касбий тажрибалари айни палладаги босма нашрлар оғирини енгил қилишда асқатишига ишонаман.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори