Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига асосан 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида «катта етакчи» ва «тўгарак раҳбари» штат бирликларини тугатиш ҳисобига лавозим маоши юқори синф ўқитувчисиникига тенглаштирилган «ёшлар етакчиси» штат бирлиги жорий этилган.
Шунга кўра, бугунги кунда 35 ёшдан ошмаган, олий маълумотли, камида бир йиллик педагогик ёки ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган ўн мингдан зиёд ходим мактабларда ёшлар етакчиси вазифасида фаолият юритмоқда. Аммо баъзиларининг айтишича, яқин орада бу лавозим қисқариши муносабати билан уларни бошқа иш билан таъминлаш хусусида мактаб директорларига топшириқ берилган. Демак, улар келгусида фаолиятларини давом эттириши ёки эттирмаслиги мавҳум бўлиб қолмоқда.
Меҳнат қонунчилигига биноан, иш берувчилар, яъни мактаб директорлари меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ёшлар етакчиларини камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, тилхат олишлари керак. Аммо ҳозирги ҳолатда бу лавозим ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ва тилхатларсиз тугатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундай гап-сўзлар ўтган йили ёз фаслида ҳам тарқалганди. Мактаблардаги ушбу штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобидан ҳудудий Ёшлар ишлари агентлиги бўлимларига ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларига қўшимча штат бирлиги ажратиш таклифи берилган, етакчилар ишсиз қолишининг олдини олиш учун улар режа бўйича ушбу тузилмаларга ишга жалб қилиниши керак эди. Бироқ кейинчалик Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари ушбу штат тугатилмаслигини маълум қилишганди. Бугунга келиб эса мактаблардаги ёшлар етакчиларини аста-секин ишдан бўшатишмоқчи…
Энг таажжубланарлиси, 10 мингтага яқин етакчи штат бирлиги қисқариш арафасида турган бўлса-да, Халқ таълими вазирлиги ҳам, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳам, Ёшлар ишлари агентлиги ҳам бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот беришгани йўқ. Биз билан суҳбатлашган ёшлар етакчилари эса аллақачон маҳалла фуқаролар йиғинларига ишга жалб қилиниш учун суҳбатдан ўтишганини айтишди:
– 2022 йил январидан эътиборан мактабда ёшлар етакчиси лавозими тугатилиши мумкинлиги тўғрисида бизга директоримиз маълум қилди, – дейди бухоролик ёшлар етакчиларидан бири. – Шундан сўнг маҳаллада ишлашимиз мумкин экан. Янги иш бўйича суҳбатлар ҳам ўтказилди. Мактабда шу пайтгача асосан аёллар ёшлар етакчиси сифатида ишлашарди. Аммо маҳаллаларда оилали аёлларни ишга олиш ниятлари йўққа ўхшаяпти. Шунданми, мен билан суҳбат чоғи асосан оилавий шароитимга, нечта болам борлигига қизиқишди. Мақсад-режалар ҳақида эса гап бўлмади…
Турган гап, мактаблардаги лавозимларни ҳеч бир огоҳлантиришларсиз ўзгартириш ёки қисқартириш ходимларнинг ишчанлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Агар штатлар қисқарадиган бўлса, бу ҳақда расмий манбалар орқали хабар берилиши, меҳнат қонунчилиги ва ходимлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги лозим.
Биз масъуллардан айни ҳолатлар юзасидан ҳар томонлама асосли расмий жавоб кутамиз.
Зуҳро АСАДОВА,
журналист
