«ТУРАР ЖОЙИНГИЗ БУЗИЛАДИ…»

1461

Бу важ айрим ҳолларда турар жойни нотурар жойга
айлантириш учун сунъий тўсиққа айланмоқда

Юртимизда тадбиркорлик қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Хоҳлаган киши хонадонида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Фақат битта шарти – яшаш жойини нотурар бинога айлантириб, қонунан рухсат олиши зарур. Кўпчилик ишбилармонларга шундай йўл тутиш мақбул бўлмоқда ҳам.

Тадбиркорликка қўл уришдан мақсад эса маълум: «бирни ўн»га айлантириш, янги иш ўринлари очиб, оилалар фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир. Бироқ бу юмуш осонликча амалга ошавермас экан. Иш фаолиятимиз жараёнида кузатилаётган айрим нохуш ҳолатлар бунга яққол мисол бўла олади.
Пойтахтимизнинг Глинка кўчасида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Litu partners» хусусий корхонаси раҳбари ўтган йил 5 августда ўзига тегишли иморатни тўлалигича савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси сифатида нотурар жой тоифасига ўтказиш тўғрисида Шайхонтоҳур тумани давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилган. Шунингдек, объектни қайта ихтисослаштириш ва ­реконструкция қилиш учун рухсатнома беришни сўраган. Ушбу мурожаат асосида ваколатли идора – Яккасарой тумани қурилиш бўлими томонидан «Litu partners»га тегишли кўчмас мулк ­объекти ҳужжатлари кўриб чиқилган. Шу жараёнда бино шаҳар ҳокимининг 2019 йил ­­9 декабр­даги 1734-сонли қарорига биноан, турли иншоотлар бузилиши кўзда тутилган ҳудудда жойлашгани аниқланган. Пировардида «Масалани ижобий ҳал этиш имконияти йўқ» деган важ билан мурожаатни қаноатлантириш рад этилган.
Ваҳоланки, ҳукуматнинг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисос­лаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш ­бўйича давлат хизматлари кўрсатиш маъмурий ­регламентининг 21-бандида айнан шундай ҳолатларда қандай иш тутиш лозимлиги тўлиқ изоҳлаб берилган. Жумладан, ваколатли орган бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр ­паспорти нусхалари келиб тушгандан сўнг тўрт иш куни мобайнида ушбу регламентнинг 3-иловасига мувофиқ, шакл бўйича QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рухсатнома бериши ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда рухсатнома беришни инкор этиши белгилаб қўйилган.
Рўй берган қонун бузилиши ҳолати бўйича Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент шаҳар ­бошқармаси томонидан Яккасарой тумани қурилиш бўлими масъул ходимига нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди. Бироқ бу мутасаддиларга сабоқ бўлмади. Бундай дейишимиз бежиз эмас. 2021 йилнинг 11 ноябрида тадбиркор турар жой биносини нотурар жой тоифасига қайта ихтисослаштириш ҳақида такроран ариза йўллади. Яккасарой тумани қурилиш бўлимининг худди ўша мутасаддиси юқорида тилга олинган регламент талабларига зид равишда яна рад жавоби берди.
Шундай қилиб, тадбиркор икки бор ариза киритди, масъул шахс эса ҳар сафар «уйингиз бузилади» деган важ асосида унинг илтимосини бажаришни инкор этди. Ҳолбуки, мурожаат юбориш ҳам бепул эмас. Унга тадбиркор маълум миқдорда маблағ сарфлаган. Устига-­устак, «Қачонгача хусусий мулклар бузилади?» дея хуноби ошиб, боши қотган…
Ниҳоят, бултур йилнинг ­­­­30 нояб­­рь куни бошқармамиз томонидан шаҳар Қурилиш бош бошқармасига қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилгач, муаммо тадбиркор фойдасига ижобий ечим ­топди. Яъни «Litu partners» МЧЖ ХКга тегишли турар жой биносини тўлиғича савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти сифатида нотурар жой тоифасига ўтказиш учун ижозат берилди. Тадбиркор иншоотни қайта ихтисос­лаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатномага ҳам эга бўлди.
Қиссадан ҳисса шуки, Президентимиз томонидан илгари сурилган олий мақсад тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда ­инвестиция муҳитини яхшилаш эканини қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалдорлар ҳам теран англаб етсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ойбек ҲАКИМОВ,
Давлат хизматлари агентлигининг
Тошкент шаҳар бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси