«Поизингни жилдирган…» йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш сифати қачон яхшиланади?

1840

«Андижон – Тошкент» йўналиши бўйича Наманган орқали қатновчи тезюрар поезд салкам 8 соатда манзилга етиб боради. Мабодо шу кунларда унга чиқадиган бўлсангиз, қалинроқ кийинишни унутманг. Иложи бўлса, кичикроқ кўрпача ҳам олволинг.
Нега дейсизми?.. Унда эшитинг.

Яқинда хизмат сафарига отланиб, шу поездга ўтирдим. Бир соат юрар-юрмасимиздан оёқларим тиззамгача совқота бошлади. Ўзимча хижолат тортиб, ёнимда ўтирганларга секингина разм солдим. Улар ҳам менга ўхшаб оёқларини бир-бирига урганларидан билдимки, совуқ жонларидан ўтяпти.
Ахийри бўлмади. Ҳамроҳларимиздан бири вагон кузатувчисини чақириб, нега совуқлигини сўради. У поезд юрган сари вагон исишини айтиб, йўловчиларни юпатган бўлди. Ҳаял ўтмай уларга иссиқ чой тарқатила бошланди. Барибир фойдаси тегмади, кўпчилик совуқдан жунжикиб ўтираверди. Шунда андижонлик Худойберди шоирнинг бир аср олдин ёзилган ва халқимиз орасида қўшиққа айланиб кетган «Поизингни жилдирган ўтхонаси билан дўнгалаги» деган шеъри беихтиёр ёдимга тушди. Қаранг, ўтхонада гап кўп экан, у ҳар доим ҳам керак бўларкан-да…
Хайрият, 3 соатча йўл босиб, Чодак довонидан ўтганимиздан кейин вагон исиди. Лекин энди қорин қурғур очқади. Бирор егулик тановул қилайлик десак, поездда вагон-ресторан йўқ экан. Ана шундай бир пайтда ноқонуний тадбиркорликни ўзларига иккинчи касб қилиб олган вагон кузатувчилари жонимизга ора киришди. Уларнинг шарофати билан кунгабоқар пистасидан тортиб, патир, қуртоб, ширинликлар ва бошқа озиқ-овқатлар савдоси қизигандан қизиди. Лекин турли маҳсулотлар билан савдо қилаётган бу йигитларнинг бирортасиям оқ халат киймаганини ва санитария­-гигиена қоидаларига риоя қилмаётганини кўриб, таъбимиз хира бўлди.
Темир йўл ходимларининг айтишича, қишки мавсумда вагон-­ресторан ўз харажатини қопламас экан. Эҳтимол, ростанам шундайдир, лекин моддий манфаатдорликдан йўловчиларнинг хоҳиш-истаклари устун қўйилгани, яъни зарар кўрган тақдирда ҳам вагон-ресторан ишлагани мақсадга мувофиқдир. Аслида, йўловчилар поездлардаги хизмат турлари, жумладан, вагон-ресторанда тайёрланаётган таомлар менюси билан таништириб борилиши, Андижон темир йўл вокзалидаги маълумотлар берувчи телефон ҳам яхши ишлаши керак. Шундагина бу тизимда мижозларга ҳар томонлама сифатли транспорт хизмати кўрсатилаётганига ишонса бўлади.
Бундан ташқари, поезд йўллари атрофидаги кўзга хунук кўринадиган эски биноларни ва хароба жойларни тартибга келтириш лозим. Акс ҳолда, поездда ўтиб бораётган кишилар, айниқса, чет эллик сайёҳлар йўл-йўлакай бундай нохуш манзараларни кўриб, юртимиз ҳақида салбий фикрга боришлари эҳтимолдан холи эмас.
Энг муҳими, темир йўл хизматидан фойдаланувчи, йўл ҳақини тўлаган ҳеч бир инсон учун йўл азоби гўр азобига айланмаслиги керак!

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист