Тиббий кўрикка ким масъул?

1303

Самарқанд вилоятидаги касаба уюшма аъзолигини қабул қилган 3364 та корхонада 425816 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатади. Афсус­ки, улардан 540 нафари иш вақтида жароҳатланган.

Бу кўнгилсиз ҳолатлар ходимларга муносиб меҳнат шароити яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ўта муҳим масала эканини яна ва яна кун тартибига олиб чиқади.
«Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ, иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномаси имзолангач, вақти-вақти билан ходимни чиқимдор қилмаган ҳолда тиббий кўрик ташкил этилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Бироқ… Касаба уюшмаларининг мурожаат ва талабларига қарамай, ҳали-ҳануз 900 дан зиёд ташкилотда бепул тиббий кўрикни ташкил этишда лоқайд­ликка дуч келинмоқда.
Қолаверса, айни пайтда жамоат ташкилоти аъзолигини қабул қилмаган юзлаб ташкилотлар бор. Улар таркибида бир неча юз минг­лаб кишилар меҳнат қилаётир.
Бизни эса бир қатор саволлар ўйлантирмоқда: бу ташкилотларда ходимларнинг саломатлиги кимнинг муҳофазасида? Меҳнат қонунчилиги талабларини ким назорат қилади ва бу ­жабҳада кузатилаётган бўшлиқ қачон тўлдирилади?

Усмон КАРИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори