«АБРОРЛАР ҲАЙРАТИ»

2244

ёхуд «Ҳайрат-ул аброр»дан ҳайратлар

Узоқ йиллардан буён олимлар «Инсон нима учун дунёга келади? Унинг келиб-кетишидан қандай маъно бор?» деган саволларга жавоб қидиради.
Алишер Навоий аллақачон бу ҳақда ўз сўзини айтган.

Математик олим, академик Абдулла ­Аъзамнинг «Аброрлар ҳайрати» китобида ана шу буюк алломанинг боқий саволга қолдириб кетган жавоби борасида мушоҳада юритилади. Китоб «Ҳайрат-ул аброр» достонини ўқиб, ундан чиқарилган хулосалар асосида ёзилган.
– Университетда кўп йиллар талабаларга дарс бердим, – дейди академик Абдулла ­Аъзамов. – Математиканинг устаси бўлдим. Аммо бошимга мушкул иш тушган кунларнинг бирида қўлимга Навоийнинг «Муножот» асари тушиб қолди. Уни такрор ва такрор ўқидим, таъсирландим, ҳаттоки, йиғладим. Йиллар давомида ихлос билан ўрганиб шуни англадимки, Навоий ғоялари ҳозирги давримиз учун ҳам жуда зарур. Биз шундай инсониятни балолардан асровчи «олмос қилич» ва «қалқон»ни деворга осиб қўйибмиз холос. Уни ўқиб-ўрганиб, ўринли фойдаланмаяпмиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида олимнинг навоийшунос сифатида ўргангани, таъсирлангани ва ҳайратларига бағишлаб ёзган «Аброрлар ҳайрати» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Иброҳим Ғофуров, Усмон Азим, Абдусалом Умаров, Сирожиддин Саййид, Аҳмаджон Мелибоев ва Олимжон Давлатовлар «Аброрлар ҳайрати» китобининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритишди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»