Туркиянинг Африкадаги иштироки кенгаймоқда

966

Туркия президенти Ражаб Тайип Эрдўғон ҳокимиятга келганидан бери мамлакатнинг Африка давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 20 февраль куни Ражаб Тайип Эрдўғон Африка мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқди. У бу гал Конго Демократик Республикаси, Сенегал ва Гвинею-Бисауга ташриф буюради.

“Hurriyet” газетасининг ёзишича, расмий музокоралар давомида ҳар уч мамлакат билан Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Туркия делегацияси 20 февраль куни Конго Демократик Республикасига келди. Пойтахт Киншасада Туркия президенти Конго Демократик Республикаси президенти Феликс Чисекеди билан учрашиб музокоралар олиб борди. Шундан сўнг ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор битимлар имзоланди. Шундан сўнг Ражаб Тайип Эрдўғон Сенегалга келди. Пойтахт Дакарда Ражаб Тайип Эрдўғоннинг Сенегал президенти Маки Саллом билан музокоралари ўтказилди. Туркия президенти бошқа давлат ва хукумат раҳбарлари иштирокида 50 минг томошабинга мўлжалланган Диамниадиодаги Олипия стадиони очилиши маросимида иштирок этади. Бу стадион Туркия фирмаси томонидан қуриб битказилди. Туркия раҳбари тадбир доирасида бир қатор давлат раҳбарлари билан музокоралар ўтказиши ҳам режалаштирилган. У шунингдек, Дакарда Туркиянинг янги элчихонасининг биноси очилишида ҳам қатнашади.

Шундан сўнг расмий ташриф билан Гвинея-Бисауга йўл олади. Шу тариқа Африканинг мазкур мамлакатига илк бор Туркия президенти қадам босади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида Туркия-Африка Учинчи саммити ўтказилган бўлиб, унинг ишида Африкадаги 35дан ориқ мамлакат вакиллари қатнашган эди. Саммитда нутқ сўзлаган Эрдўғон Туркия Африка мамлакатлари билан тенг хуқуқли шерик сифатида ҳамкорликни ривожлантиришга аҳд қилганини айтган эди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қраганда, 2005 йилда “Африкани кашф қилиш” дастури ишга туширилгач Африка билан Туркия ўртасидаги алоқлар ривожланиб бормоқда. Бунинг натижаси туфайли сўнги ўн йилда Туркия ва Африка мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси 25 миллиард доллардан ошиб кетди. 2002 йилда Туркиянинг Африка мамлакатларидаги элчихонаси атиги 12 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 43тага етди. Turkish Airlines авиакомпанияси бугунги кунда Африка йўналиши бўйича 60дан ортиқ рейсларни бажаради. Туркиянинг жаҳон савдосида Африка улуши 6,5%ни ташкил қилади.