Бугун орамизда кўпчилик кишилар банк омонатлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Хатто, баъзилар банк акциядорлик ёки хусусий муассаса бўлса-да, мижозларнинг омонати давлат томонидан кафолатланганлигини билишмайди ҳам.
Омонат ва унинг мижозга манфаатдорлиги нимада?
Омонат – бу пул маблағларини банкка маълум бир муддатга фоизга ва фоизсиз жойлаштириш демакдир.
Шунингдек, банк омонати ёрдамида бирор мақсад йўлида пул жамғариш, ҳаётий турли вазиятлар учун захира яратиш ҳамда бўш пул маблағлари қадрсизланишининг олдини олиш мумкин.
Қандай омонат турлари мавжуд?
Мамлакатимизда омонатларнинг энг кенг тарқалган турлари талаб қилиб олингунча, муддатли, жамғарма ва мультивалютали бўлиб, улар омонатчилар томонидан бевосита мақсадга кўра танланади.
Талаб қилиб олингунча омонатида пул маблағлари учун қатъий бир чекланган муддат мавжуд эмас. Омонатчи исталган вақтда ўз маблағларини олиш имконига эга бўлади. Одатда, бундай омонатларнинг фоиз ставкалари бошқа омонат турларига нисбатан пастроқ ёки фоизсиз тартибда белгиланади.
Муддатли омонат бўйича омонат ҳисобварағи маълум бир муддат (3, 6, 9 ой ва ҳк.)га очилади ва омонат суммаси ҳам банк ва мижоз ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган муддат тугагандан сўнг қайтарилади. Энг оммалашган ушбу омонат тури бўйича ҳисобланган фоизлар омонат муддати даврида (ҳар ойда, ҳар чоракда ва ҳ.к.) ёки муддат тугагандан сўнг (шартнома талабларига кўра) тўланади.
Жамғарма омонатлар ўз номига биноан пул маблағларини узоқ вақт сақлаш хусусиятига эга. Бунда омонатчи пул маблағлари маълум мақсад (ўқиш, машина, квартира сотиб олиш ва ҳ.к.) йўлида кўп йиллар тўпланади. Омонат тартибида унга қўшимча маблағ киритиб бориш шартининг киритилиши табиий ҳолдир.
Мультивалютали омонат – бу омонатни исталган валюта (евро, иена, АҚШ доллари, ҳк.)да очиш ва муддати тугагач, пул маблағларини хоҳлаган валютада олиш демак. Бундай омонат туридан вақти-вақти билан хорижий валюталарга эҳтиёжи бўлган мижозлар фойдаланишади.
Шунингдек, республикамиз банкларида хорижий валютадаги муддатли омонат турлари ҳам амал қилади. Муайян хорижий валюта (евро ёки иена ёҳуд АҚШ доллари)да очиладиган ушбу омонатларнинг шарт-шароитлари асосан миллий валютадаги омонатларникига ўхшаш бўлади.
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида амалда бўлган омонатлар
Бугунги кунда Банк томонидан миллий валютада ва битта хорижий валютадаги муддатли омонатлар таклиф этилмоқда.
Улардан бири “Oltin kuz”деб номланиб, унга маблағлар 13 ойга қабул қилинади. Омонат учун белгиланган бошланғич бадал 500 000 (беш юз минг) сўм, йиллик устама 20 фоиз.
“Kuz tarovati”. Мазкур омонатнинг ҳам сақлаш муддати13 ой. Бошланғич бадал 100 000 (юз минг) сўм ва белгиланган йиллик устама – 18 фоиздир.
Банк томонидан хорижий валютада ишлаб чиқилган омонат – “Kapital”дея номланади, унга маблағлар АҚШ долларида қабул қилинади. Бунда белгиланган минимал миқдор 500 (беш юз) АҚШ доллари ҳажмида, йиллик устама 4 фоиз. Омонат бўйича фоизлар ҳар куни ҳисобланиб, омонатчига ой якунида тўлаб берилади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан аҳоли ва мижозларнинг бўш пул маблағларини кўпроқ жалб қилиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди. Кассалар фаолияти универсаллаштирилди, мижозларга хизмат кўрсатишда “яшил йўлак” ташкил этилди, навбат кутиш тизими автоматлаштирилди. Шунингдек, омонатчиларнинг истак ва таклфиларига кўра, омонатлар жозибадорлиги ҳам мунтазам ошириб борилмоқда.
Натижада Банкда жисмоний шахслардан жалб қиинаётган омонатлар ҳажми йил сайин ўсиб бормоқда. 2021 йил сўнгида Банк тизимида аҳоли омонатлари миқдори 2020 йил якунига нисбатан 157 фоизга ўсганлиги фикримизга далил бўла олади.
“Joyda” иловаси орқали омонатни уйда расмийлаштиринг!
Бугунги кунда хоҳлаган валютада ҳамда қулай шартларда уй ёки ишхонадан чиқмаган ҳолда омонат очиш имкони мавжуд. Бунинг учун банк картаси ҳамда мобил илова бўлиши лозим.
Онлайн омонатларга фоизлар оддий омонатларга ҳисобланганидек ҳисобланади ҳамда пул банк картасига ёки мобил иловадаги электрон ҳамёнга ўтказилади. Бу борада банклар сиёсати жуда хилма-хилдир. Яъни, офлайн режимда очиладиган омонатларни ҳар доим ҳам онлайн тарзда очиш мумкин эмас.
Хусусан, айни пайтда Ўзсаноатқурилишбанк “Joyda” иловаси орқали “Oltin kuz” ва “Kuz tarovati” омонатларини расмийлаштириш ҳамда бошқариш мумкин.
Банклардаги омонатлар қандай кафолатланган?
Пул маблағларни омонатга қўйишда ҳар кимда “менинг пул маблағларим қанчалик ҳимояланади?”, “банк банкрот бўлган тақдирда омонатни қандай қайтариб оламан?” деган саволлар уйғониши табиий.
Мамлакатимизда аҳоли омонатлари ҳажми ва валютасидан қатъий назар тўлиқ қайтарилиши кафолатланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамдаПрезидентимизнинг 2008 йил 28 ноябрдаги“Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси ташкил этилган бўлиб, унинг фонд тижорат банкларининг бадаллари ҳисобидан шакллантирилиб, Марказий банкда сақланади.
Омонатларни кафолатлашда омонатлар суммаси фоиз тўловларисиз қайтарилиши кўзда тутилган. Аммо, агар омонат шартларида фоизларни капитализациялаш кўзда тутилган бўлса, бунда Фонд капитализацияланган фоизларни ҳисобга олган ҳолда омонат қайтарилишини кафолатлайди.
Ўз мухбиримиз
