Бош ҳисобчи яна ишга қайтди

40

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашига Респуб­лика бахшичилик санъати маркази бош ҳисобчиси Зафар Саатов арз қилди.

Мурожаат ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди: Зафар Саатов 2020 йилнинг январь ойида Респуб­лика бахшичилик санъати марказида бош ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилинган.
Иш берувчи 2021 йил 6 декабрда Зафар Саатов билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига асосан (пенсия ёшига етгани ва пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганда) 2021 йил 6 январдан бошлаб бекор қилган. Меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин ёзма равишда огоҳлантирган, лекин бошланғич касаба ушмаси розилиги олинмаган, ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаган.
Иш берувчи З.Саатов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 101- ҳамда 109-моддалари, шунингдек, жамоа шартномасининг 3.4-банди талабларини бузган.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан иш берувчига меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан кўрсатма берилди.
Республика бахшичилик санъати марказининг 2021 йил 15 декабрдаги 79-К-сонли буйруғига асосан З.Саатов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 2021 йил 6 декабрда чиқарилган 77-К-сонли буйруқ бекор қилинди. З.Саатов марказнинг бош ҳисобчиси вазифасига ишга тикланди.

Зариф ХОЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат
ҳуқуқ инспектори