Пандемия чекинмоқда бироқ…

1935

Инсоният «СOVID-19»га қарши «уруш очгани»га икки йилдан ошди. Аммо бу вирус ҳануз орамизда, ён-атрофимизда. Ҳамон саломатлигимиз, ҳаётимиз учун хавф солиб турибди. Тўғри, муаммо – ўта глобал. Аммо унга аллақачон самарали ечим топилган. Фақат ҳамжиҳатлик етишмаяпти. Вируснинг «урчиши»га шароит яратиб бераётган омил эса – лоқайдлик.

Пандемия қачон тугайди? Коронавируснинг эҳтимолий мутациялари қанчалик хавфли бўлиши мумкин? Умуман, бу касалликка қарши яна қандай самарали кураш олиб борса бўлади?
Ҳозир олимлар, шифокорлар, экспертларнинг бу борадаги хулоса ва ёндашувларида тафовутлар бор. Бироқ ҳақиқат шуки, инсоният пандемиянинг энг ўткир босқичидан ўтди. Касаллик эса аста-секин ортга чекиняпти.

Пасайиш тенденцияси давом этади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, ўтган ҳафтада дунёда 12 миллион нафардан ортиқ киши коронавирус инфекциясига чалинган. Улардан 67 минг нафардан зиёди касаллик асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Бу рақамларни 7-13 февраль саналарида қайд этилган кўрсаткичлар билан қиёслаганда, эпидемиологик вазият бир қадар яхшиланиб, ўсиш динамикаси ортга чекинаётгани ойдинлашади. Яъни ўтган ҳафтада «COVID-19»ни юқтириш ҳолатлари жаҳон бўйича 21 фоиз, вафот этганлар сони эса 8 фоиз камайди.
«COVID-19» ташхиси қўйилган энг кўп бемор Россияда рўйхатга олинган – 1,23 миллион нафар. Шунга қарамай, мутахассислар бу ерда аввалги ҳафтага нисбатан бироз пасайиш кузатилганини таъкидлашмоқда.
Иккинчи ўринни 1,2 миллиондан зиёд кўрсаткич билан Германия банд этган. Бу давлатда ҳам касалланишлар сони 10 фоиз камайган. Бразилия эса учинчи ўринда – мамлакатда 770 мингдан зиёд одам коронавирусни юқтирган. Пасайиш миқдори аввалги ҳафтага қиёслаганда деярли 50 минг кишини ташкил этган.
Осиёда энг кўп касалланиш кўрсаткичлари Жанубий Корея ҳиссасига тўғри келяпти. Ушбу давлатда кунига ўртача 90 минг атрофида янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Япония ҳам мазкур рўйхатда пешқадам. Ҳиндис­тонда эса аксинча, касалланишлар сони бир ҳафта ичида икки баравар камайди.
Энг кўп ўлим ҳолатлари Америка Қўшма Штатларида қайд этилди. Бу ерда етти кун ичида қарийб 15 минг бемор коронавирус инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Олимлар нимадан хавотирда?

Бугун олимлар «омикрон»нинг янги «ВА.2» субварианти кенг тарқала бошлаганидан жиддий ташвишда. Таҳлилларга кўра, мазкур мутация ҳозиргача 60 га яқин мамлакатда аниқланган. Хўш, мутахассисларни кўпроқ нима хавотирга солмоқда?
Гап шундаки, коронавируснинг ушбу янги тури ҳозирги одатий «омикрон»дан кескин фарқланади. Аввало, ушбу вирус мутациясига ташхис қўйиш бирмунча мураккаб. Шу сабабли у аллақачон «кўринмас штамм» дея ном олиб улгурди. Қолаверса, юқумлилик даражаси анча юқори. Инсон организмидаги антитаначалар ҳужумларига «чап бериш»га қодир. Энг ёмони, унга чалинганда касаллик нисбатан оғир асоратлар билан кечиши мумкин. Япон олимлари ўтказган тадқиқот натижалари буни тасдиқлади.
Унга кўра, «омикрон»нинг «ВА.2» турида кўпроқ «дельта» штаммига хос хусусиятлар намоён бўлмоқда. Яъни, мазкур субвариант энди юқори нафас йўлларигагина эмас, балки инсоннинг нозик аъзоси – ўпкасига «зарба» бермоқда.
Яна бир факт: россиялик таниқли эпидемиолог Елена Гасичнинг таъкидлашича, «омикрон»нинг ҳозирги анъанавий тури билан хасталанганда, асосан шамоллаш, яъни ЎРВИ белгилари намоён бўлса, «ВА.2» вариантида таъм ва ҳид билиш қобилияти йўқолиши кузатиляпти. Бундан ташқари, касаллик ошқозон-ичак фаолияти бузилиши билан ҳам кечмоқда.
Шунга қарамай, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги махсус вакили Мелита Вуйнович жорий йилда коронавирус пандемияси тугаши мумкинлигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, пандемия ниҳояланиши одамлар энди COVID-19га чалинмаслигини англатмайди. Фақат инфекцияни юқтириш кўрсаткичлари кескин камайиб, ўсиш динамикаси қайд этилмайди.
«Касалланганлар сони кўплиги вируснинг мутацияга учраш имкониятига эгалигини билдиради, – дейди ЖССТ махсус вакили. – Шу сабабли ҳозир эпидемиологик вазият келгусида қандай тус олишини аниқ билмаймиз. Бироқ, «СOVID-19» бутун дунёни айланиб чиққач, йирик эпидемиялар тугайди, деган таҳминлар бор».

Юртимизда эпидемиологик вазият қандай?

Юртимизда ҳам коронавирус тўлқини январь ойида энг юқори чўққига чиқди. Эндиликда эса эпидемиологик вазият изга тушиб бормоқда. Масалан, 22 февраль куни Ўзбекистонда «СOVID-19»ни юқтирганлар сони 138 нафарни ташкил этди. Бу мамлакатимизга «омикрон» штамми кириб келишидан аввалги кўрсаткичлар билан тенг.
Ҳозир республикамиз бўйича коронавирусни даволашга ихтисос­лаштирилган 14 та тиббиёт муассасаси фаолият юритяпти, холос. Жумладан, шулар ичида энг йириги ҳисобланган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналарида ҳозир 925 киши муолажа олмоқда. Улардан 125 нафари ­реанимация бўлимларида бўлса, қолган аксарият беморларда касаллик нисбатан енгил ўтяпти. Аммо бу хотиржамликка берилиш учун асос бўлолмайди.

Бустер доза билан эмланиш нега муҳим?

Экспертнинг сўзларига кўра, «CОVID-19»га қарши эмланиш касалликдан ҳимояланишнинг энг ишончли усулидир. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йил иккинчи ярмига қадар дунё аҳолисининг камида 70 фоизи тўлиқ босқичда эмланишига эришишни мақсад қилган. Бироқ ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич бор-йўғи 50 фоиз атрофида. Африка мамлакатларида эса 25 фоизга ҳам етмайди.
Мамлакатимизда эса шу кунгача эмланиши режалаштирилган қатламнинг 71,7 фоизи тўлиқ босқичларда вакцина олди. Шу мақсадда жами 45 миллион 239 мингдан зиёд вакциналардан фойдаланилди.
Лекин бу ҳали етарли натижа эмас. Дунё экспертлари касалликка қарши бустер доза билан эмланишни тавсия қилмоқда. Сабаби, вақт ўтгач, эмлангандан сўнг ҳосил бўлган антитаначалар миқдори пасая бошлайди ва организмни ҳимоя қила олмайдиган даражага тушиб кетади.
Бустер доза билан эмланиш эса бирламчи вакцина олгандан кейин ҳосил бўлган иммунитетни юқори даражага кўтариб беради. Яъни, бу орқали организмнинг курашувчанлик қобилияти ошади.
Бустер доза билан ҳозирча коронавирусга қарши 2 ёки 3 маротаба вакцина (тўлиқ эмлаш курси) олганлар бир бор эмланиши мумкин. Бунинг учун вакцинанинг биринчи дозаси олинганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлиши лозим.
Бундай чора-тадбирлар бежиз эслатилаётгани йўқ. Эсингизда бўлса, бир муддат аввал Ўзбекистон Респуб­ликаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистик таҳлилларини эълон қилган эди. Унга кўра, январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига жами 8601 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, улардан 8243 нафари коронавирусга қарши вакцина олмаган. Касалланганларнинг 358 нафари, яъни 4,1 фоизи «COVID-19»га қарши эмланган, холос. Уларнинг орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган. Аксинча, вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган.
Шундай экан, ўз саломатлигимизга эътиборли бўлишимиз шарт. Чунки коронавирус инфекцияси одам дарди эмас, олам дардидир.

Обиджон ДИЛМУРОДОВ