Адабиёт мухлислари машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг она тилимизда чоп этилган «Менинг Доғистоним» китобини қайта-қайта ўқишяпти десак, сира муболаға эмас. Эндиликда китобхонлар серқирра ижодкорнинг турли жанрдаги асарлари билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Яқинда «Янги аср авлоди» нашриётида Расул Ҳамзатовнинг «Буюк туйғу» китоби чоп этилди. Унда шоирнинг шеърлари, сонет, саккизлик, тўртлик, ёзув, достон ва публицистик мақолалари жамланган. Китобхонларнинг қизиқишлари инобатга олинган ҳолда китобга «Менинг Доғистоним» асаридаги ибратли нақллар ҳамда таржимон ва шоир Асрор Мўминнинг Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижодига бағишланган мақоласи ҳам киритилган.
«Шеърият ҳам бошқа фойдали барча меҳнатлар каби одамзот ҳаётини безайди, янада мазмунли ва чароғон этади», деб ёзганди Расул Ҳамзатов. Унинг ҳар бир шеъри юқорида ўзи белгилаган мезонларга монанд-мос тўла-тўкис жавоб беради. Биргина
«Турналар» шеърини олайлик.
Менинг билишимча, қонли жанггоҳдан
Юртига қайтмаган шаҳид ёвқурлар,
Ҳали юмшоқ ўрин топмай тупроқдан,
Оппоқ турналарга айланган улар…
Бу шеърга бастакор Ян Френкель куй басталаган, уни Марк Бернес ижро этган. Қўшиқ янграши билан бутун дунёда машҳур бўлиб кетган. Ҳозирда 180 дан зиёд манзилгоҳда «Турналар» шеърига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган. Фахрланарлиси, улардан биринчиси 1972 йил 8 май куни Чирчиқ шаҳрида очилган.
Авар халқининг таниқли шоирларидан бири бўлган Ҳамзат Цадаса ўғли Расулга шундай сабоқ берган экан: «Ижодкорнинг маҳорати шундаки, ҳамма билган воқеаларни мухтасар ифодалайди, кўпчилик билмаган воқеаларни батафсил баён этади. Бу мураккаб ва ижодкорлик талаб қиладиган қийин иш».
Расул оға умр бўйи отаси ўгитига риоя этди. Айниқса, бу шоирнинг кичик жанрдаги асарларида яққол кўзга ташланади.
Шомил шамширида порлаган битик,
То ҳануз руҳимни айлайди тетик.
«Кимки жанг олдидан олса гар ҳадик,
Билингки, у жангда кўрсатмас мардлик».
Шоирлар, сизга ҳам ибрат шу битик,
Улар ижод пайти бўлишсин шерик.
«Кимки жанг олдидан олса гар ҳадик,
Билингки, у жангда кўрсатмас мардлик».
Расул Ҳамзатовнинг тўртликлари ҳам теран мазмуни, халқ манфаатларини ифодалагани билан ажралиб туради.
Шеъриятга буткул бегона ётлар,
Шоирларга бир умр ўтказар зуғум.
Ахир, азал-азал келгинди зотлар,
Туб халққа етказар озор ва зулм.
Адабиётдаги «Ёзувлар» жанрини машҳур этган Расул Ҳамзатовдир. Шоирнинг ёзувлари халқ донишлигидан озиқ олгани учун ҳам ўта машҳурдир.
«Шомилнинг муҳаббати» достонини рус тилига ўгирган Яков Козловскийга доғистонлик кекса рус тили ўқитувчиси Константин Попов мактуб йўллайди ва унда шоир ҳақидаги ўз фикрини қуйидагича ифодалайди:«Сизга маълумки, Шомил шоирларни аямаган. Шеър тўқиганларни қамчи билан савалаган. Шомил биз ҳақимизда душманларимиз ёзишсин, Доғистон қиличларининг жаранги уларга илҳом бағишласин, дея уқтирган. Аммо менинг ишончим комил, агар у ҳозир тирик бўлганида ва Моздок яқинидан ўғирлаб келтирилган, ислом динига кириб Шуойнаът исмини олган арман савдогари қизи Аннага бўлган ўзининг муҳаббатига бағишланган достонни ўқиганда, тоғликлар йўлбошчиси шоирларга нисбатан чиқарган қарорини дарҳол бекор қиларди. Ҳамзатовни эса Цада қишлоғидаги муҳаббат ноиби этиб тайинларди».
«Оналарни асранг» достони нафақат Расул Ҳамзатовнинг, балки жаҳон адабиётининг энг сара асарларидан биридир.
«Менинг Доғистоним» асарим, «Турналар» қўшиғим машҳур бўлганда ҳам китобхонлардан бу қадар кўп мактуб олмагандим», дея ёзганди Расул Ҳамзатов «Оналарни асранг» достонига бағишланган «Буюк туйғу» мақоласида. «Достон турли ёшдаги, турли миллат кишилари, турли касбдаги, ҳатто ўзлари мактубларида иқрор бўлишича илгари шеър ўқимаган, аввал менинг номимни эшитмаганлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотди».
«Йиллар ўтиб боряпти, ёшим ҳам бир жойга бориб қолди, лекин отамнинг васияти қулоғим тагида жаранглаб турибди, қон-қонимгача сингиб кетган, юрагим уришига мос равишда ҳамон садо беради».
Ҳа, шоир ер юзидаги барча инсонлар қулоғи тагида «Оналарни асранг» сўзлари жаранглаб туриши учун шу достонни ёзганди.
«Биз ҳақиқатдан юз бурмаслигимиз керак» интервьюси Расул оғанинг сўнгги интервьюларидан бири. Уни ўқир экансиз, шоир умрининг сўнгги кунларига қадар адабиёт софлиги учун жон койитганига гувоҳ бўласиз: «Доғистонимизда ёзиш касалига чалиниш юқумли тус олди. Бугун ҳамма, тўғрироғи, эринмаган одам борки, ёзаяпти, улар бу ишни ҳаддидан ошириб бажаришаяпти. Натижада адабиётимизда майиб-мажруҳ ёзма нарсалар пайдо бўлаяпти. Кейинги йилларда пайдо бўлган мана шундай нарсаларни жамлаган пала-партиш ёзма маҳсулотлар китобхонлар дидига ҳам таъсир қилмоқда. Ҳақиқий адабиёт эса ҳар қандай вазиятда бундай муваққат ёзма нарсалардан устун туради. Яхши сўз ҳамиша қадрланади».
Биз улуғ ижодкорнинг «Буюк туйғу» китоби ҳақида қисқача маълумот бердик, холос. Ўйлаймизки, китоб мутоласи асносида Расул Ҳамзатовнинг олами тўғрисида муфассал маълумотларга эга бўласиз. Сизга китоб мутолааси завқ-шавқ бағишласин.
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»



