ёхуд ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш,
ахборотларни таҳлил қилишни ўргатиш зарурати
Ёшлар ниҳолга қиёсланади. Дарҳақиқат, унга қандай шакл берилса, шу тусда униб-ўсиб бораверади. Афсуски, уларнинг мўртлигидан фойдаланиб, ўз измига солишга уринувчилар ҳам йўқ эмас. Айниқса, уйдан чиқмай, виртуал олам орқали ёшлар онгига таъсир кўрсатиш имкони бундайларнинг ошиғини олчи қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи лавҳалар тобора урчиб бораётир. Уларга шундай жило берилганки, ёшлар тугул, ҳаёт тажрибасига эга кишилар ҳам гангиб қолади.
Айрим ёшлар ана шундай «овчи»лар қармоғига илинаётгани етмагандек бошқа бир гуруҳ ёшлар турли ўйинларга берилиб кетган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, интернет орқали тарқатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга. 41 фоиз жангари ўйинларда эса қаҳрамон ўз мақсадига етишиш учун атрофга қирғин келтиради, 17 фоиз ўйинларда зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош мақсад ҳисобланарди.
Энди айтинг-чи, соатлаб шу йўсиндаги ўйинлар ўйнаган ёшлар қалбида қандай туйғулар кечарди?! Ота-она оддий ўйин-ку, деб эътибор қилмаслиги мумкин. Бироқ, бу ўйинлар, аввало, болаларнинг вақтини, бора-бора ақлу шуурини ўғирлайди. Боланинг дийдаси қотиб бораверади…
Глобал тармоқ чексиз ҳудуд. У эртакларда таърифланган сеҳрли диёр янглиғ ўзига ром қилишда давом этмоқда. Оқибатда кўпчилик реал ҳаётдан узилиб қолмоқда, умрнинг ғаниматлигини унутиб, кунларини самарасиз ўтказяпти. Атрофдагилар билан ўзаро мулоқот қилиш маданиятини эсдан чиқараётганлар озми? Ижтимоий тармоқлар бизни оломонга айлантириб қўймаяптими?
Ёшлар глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрлаш» қобилиятига эга эмас. Ўзига зарур ахборотни излаб бирон сайтга кирган ёшнинг эътибори «фалончи машҳур шахс ҳалокатга учради» каби шов-шувли хабарга тушади ва ихтиёрсиз равишда уни очади. Ҳаволада эса, «сюрприз»лар кутиб турган бўлади. Шу тариқа ғўр ёшлар ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолганини сезмайди ҳам.
Афсуски, ғоявий тузоқлар таъсирига тушиб қолаётганини ёшларнинг ўзи билмайди. Ота-оналар эса фарзандидаги ўзгаришларни энг сўнгги лаҳзаларда пайқайди.
Ҳечдан кеч яхши, дейдилар. Фарзандларимизга эътиборли бўлайлик, тарбияси билан жиддийроқ шуғулланайлик. Болаларнинг, ёшларнинг вақтини тўғри ташкил қилайлик. Улар билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, турли ўйинлар ўйнасак, топшириқлар бериб, ижросини талаб қилсак, ёшлар реал ҳаёт виртуал дунёдан гўзал эканини ҳис қилган бўларди. Айниқса, кичкиналигидан китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришнинг аҳамияти катта.
Масаланинг яна бир жиҳати борки, ёшлар ҳам, катталар ҳам интернетга ўрганиб бўлди. Энди «иккинчи уй»дан буткул ажралишнинг иложи йўқ. Шу сабабли ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш, ахборотларни танқидий таҳлил қилишни ҳам ўргатишга эҳтиёж катта. Миллий ўйинларимизнинг электрон версияларини яратиш, турли танловлар ташкил қилиш, ўзбек тилидаги аудио китобларни, ёш авлод тафаккурига хизмат қилувчи сайт ва тармоқларни ривожлантиришимиз керак.
Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилояти кенгаши раисининг
мафкуравий масалалар ва ахборот сиёсати
бўйича ўринбосари
