Замон ўзгарди. Бугун ишхонада ўтириб, халқнинг реал аҳволи билан танишиб бўлмаслигини ҳар биримиз тушуниб етдик. Зеро, халқ ичига кириш, ходимларнинг дарду муаммоларидан келиб чиққан ҳолда чора-тадбир белгилаш – бугуннинг талаби.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши мутахассислари корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларга яратилган шароитларни ўрганишмоқда.
Давр талабига мананд-мос фаолият кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши мутахассислари вилоятдаги корхона ва ташкилотларда бўлиб, ишчи-ходимларга яратилган шароитларни ўрганишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Жумладан, мутахассислар «Қаршиэнерготаъмир» масъулияти чекланган жамиятида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса ва бу бўйича кўрилган чора-тадбирларни ўрганди. Маълум бўлишича, Бахтиёр Хоналиев оиласига корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан бир миллион сўм, корхонадан 2 миллион сўм моддий ёрдам берилган.
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси билан тузилган шартномага асосан жабрланувчи оиласига тўланиши керак бўлган сумма 312 миллион 717 минг 140 сўмни ташкил қилгани аниқланди. Меҳнат техник инспектори Анвар Хўжақуловнинг ўрганишлари ва кўрсатмаларидан сўнг жабрланувчининг турмуш ўртоғи Мария Амоновага 226 миллион 761 минг 900 сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули тўлаб берилди. Бундан ташқари, жабрланувчининг вояга етмаган ўғли Азизбек Ўрозовга 787 минг 367 сўм ойма-ой тўлаб борилиши йўлга қўйилди.
Кенгаш мутахассислари «Сotton road» қўшма корхонасида хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўлаш ва бошқа меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказди.
Ўрганишлар чоғида маълум бўлдики, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича малака ва кўникмалари оширилган. Корхонага тегишли автотранспорт воситалари белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилган. Иш берувчи ходимлар учун бепул тушлик ташкил этган. Ишга қатнаш учун транспорт ажратилган. Аёллар учун маиший-санитария хоналари, жумладан, кийиниш, ювиниш, гигиена хоналари мавжуд. Барча ходимлар махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланган. Касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқариш санитарияси ва ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгар шахслар тайинланган.
Бироқ қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Жумладан, ходимларни ёнғин ва фавқулодда ҳолатларда эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилмаган. Корхонада ойда бир марта «Меҳнатни муҳофаза қилиш куни»ни ўтказиш йўлга қўйилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ходимлар иш берувчи томонидан суғурта қилинмаган.
Жамоатчилик назорати давомида корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш, уч поғонали маъмурий-жамоатчилик назоратини ўрнатиш, меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар учун белгиланган меъёрлар асосида сут ва унга тенглаштирилган даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан бепул таъминлаш, ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича амалий-услубий ёрдамлар кўрсатилди. Аниқ ва муайян тавсиялар берилди.
Ҳар бир чора-тадбир ёки ўтказилаётган жамоатчилик назорати ортида ходимлар манфаати, тинч-хотиржамлиги, саломатлиги, энг асосийси, меҳнатидан, ҳаётидан розилиги туришини асло унутиб бўлмайди.
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»



