Коррупция нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё давлатлари дуч келаётган жиддий муаммолардан биридир.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш масаласига жиддий эътибор берилаётганига қарамай, унинг жуда кўп соҳаларда чуқур томир отгани олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, давлат хизматчилари орасида порахўрликнинг давом этаётгани ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилаётгани бюджетга катта миқдорда зарар етказмоқда.
Коррупциядан кўрилаётган зарар фақат моддий йўқотишлар билангина ўлчанмайди. У тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигига тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, ҳокимиятга нисбатан ишончсизликни ҳам келтириб чиқаради.
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳокимлигида рўй берган коррупциявий ҳолат ҳам шу фикрнинг исботидир.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Яшнобод тумани ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди.
Тергов жараёнида Яшнобод тумани ҳокимлигининг бир гуруҳ мансабдор шахслари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани аниқланди. Ишнинг моҳиятига кўра, Яшнобод тумани ҳокимининг 2017 йилнинг 16 июлидаги 726-сонли қарорига асосан хусусий тадбиркорга туман ҳудудидан ажратилган 14 сотих ep майдони ҳокимнинг 2018 йил 5 августдаги 172-сонли қарорига асосан бекор қилинган.
Аммо ҳокимликнинг мансабдор шахслари 2020 йилнинг 30 декабрида яқин қариндошлари номига масъулияти чекланган жамият ташкил қилиб, 2021 йилнинг январь ойида туман ҳокимлиги архивида сақланаётган тўпламдаги бекор қилинган 726-сонли қарорнинг биринчи варағини йўқ қилиб, унинг ўрнига янги тузилган МЧЖга Яшнобод тумани ҳудудидан 45 сотих ep майдони ажратилгани ҳақидаги сохта маълумотлар киритилган варақни қўшиб қўйишган.
Шундан сўнг улар 2021 йилнинг февраль ойида қалбакилаштирилган қарордан олинган нусхани туман ҳокимлиги умумий бўлимидан аслига тўғрилигини тасдиқлаб олиб, қалбаки қарорда кўрсатилган ep майдонининг чегараларини белгилаб, қалбаки ҳужжатларни 2021 йилнинг 25 февралида Давлат хизматлари маркази орқали Яшнобод тумани кадастр филиалига юборган. Натижада Яшнобод тумани ҳудудидаги доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич аукцион нархи 3 751 440 000 сўмни ташкил қилган 45 сотих ep майдонига ижара ҳуқуқи билан кадастр ҳужжати расмийлаштирилган.
Шундан сўнг еp майдони бир тадбиркорга 180000 АҚШ доллари ҳамда жами 3 млрд. сўмга баҳоланган Шайхонтоҳур тумани Жанггоҳ мавзесидаги 2 та хонадон эвазига сотилган. Тадбиркордан олинган 180 минг АҚШ доллари ҳамда юқорида зикр этилган иккита хонадон жиноий шериклар орасида тақсимланган.
Бундан ташқари, улар Яшнобод тумани ҳудудидаги давлат захира ep майдонларига қалбаки ҳужжатларга асосан кадастр йиғма жилдини тайёрлашган.
Яъни собиқ Тошкент вилояти Калинин туманидаги (ҳозирги Зангиота тумани) «Партиянинг XXI съезди» давлат хўжалигининг 1992 йил 25 майдаги 316-сонли баёнига асосан Яшнобод тумани Яккатол кўчасида жойлашган 26 сотих ep майдонига, Зангиота тумани «Мустақиллик» ширкат хўжалигининг 2003 йил 12 августдаги 16-сонли қарорига асосан 24 сотих ep майдонига сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ep майдонларига бўлган ҳуқуққа қонуний тус бериб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишган.
Ушбу жиноий тўда қалбаки ҳужжатларга асосан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, юқорида зикр этилган жами 50 сотих ep майдонини сотиб олиш истагини билдирган фуқарога 300 000 АҚШ долларига сотишган.
Халқимизда «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди», «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади» деган мақоллар бор. Ҳа, шундай. Коррупцион ҳолатлар ҳеч қачон сирлигича қолмайди. Албатта ошкор бўлади. Ўзингиз юқорида гувоҳ бўлганингиз – қалбаки ҳужжатлар савдоси каби…
Шуҳрат ТУРДИҚУЛОВ,
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи



