Мутолаа инсоннинг диний билимлари мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Шу боис ихлос қилаётган дин урф-одатлари ва тартибларини амалдагина эмас, назарий жиҳатдан ҳам пухта ўрганишга эҳтиёж туғилиши табиий. Хўш, кўпмиллатли юртимизда диний адабиётларни топиш муаммо эмасми? Уларнинг нархи ва сифати қониқарлими? Келинг, бугун юртдошларимизни ана шу мавзу атрофида савол-жавобга чорлаймиз, мулоҳаза юритамиз.
Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилувчилардан иборат эканини ҳисобга олиб, дастлаб исломий адабиётлар сотиладиган йирик марказлашган китоб дўкони – “Hilol nashr” нашриётининг китоб дўконига келдик. Бу ерда болалар ва катталар учун жуда кўплаб диний адабиётлар мавжуд. Адабиётларнинг нархи ҳам қиммат эмас. Масалан, дўконнинг пойтахтимиз ва вилоятларда филиаллари бўлиб, унда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг 103 номдаги китоблари ва бошқа муаллифлар томонидан тайёрланган китоблар, даврий журналлар ҳам бор. Китобхонларннг эса бу даргоҳдан қадамлари узилмайди, дўкон доим гавжум. Фурсатдан фойдаланиб эса биз уларнинг айримларини суҳбатга тортдик.
–Бу ерга китоб харид қилиш учун мунтазам келиб тураман, – дейди 52 ёшли Комила Боймуродова. – Аввало бу дўконда диний адабиётлар шаҳардаги бошқа дўконларга қараганда анча арзон сотилади. Қолаверса, китобларнинг тури ҳам кўп. Масалан, 6 жилдлик “Тафсири ҳилол” китоби 550 000 (6 китобдан иборат) сўм, “Ижтимоий одоблар” китоби 47 минг сўм. Электрон вариантдаги нусҳаси 7000 минг сўм. “Қуръон илмлари” китоби 48000 сўм, “Бахтиёр оила” китоби 47 минг сўм туради. Бу нархлар Чорсу бозоридаги диний адабиётлар дўконларида сотилаётган худди шундай китобларнинг нархига нисбатан арзонроқ. Мазкур дўконнинг яхши томони байрам арафаларида китобларга акция эълон қилинади ва мен шундай пайтларда дўст-қариндошларимга ҳадя учун кўпроқ китоб сотиб оламан.
–Арабчани ўқий олмайман, шу боис “Қуръони Карим”нинг маънолар таржимасини қидириб келгандим, –дейди 39 ёшли Музаффар Илашов. – Шаҳар марказидаги китоб дўконаридан ҳам бундай китобларни етарлича топиш мумкин. Аммо у ерларда бироз нарх баландроқ. Шу боис мен нашриётнинг дўконига келиб харид қилишни маъқул кўрдим.
–Сизга диний адабиётларнинг нархлари ва сифати маъқулми? – сўраймиз суҳбатдошимиздан. Улар фикрини давом эттириб қуйидагиларни айтади:
–Ҳа, албатта китобларнинг сифати ҳам нархи ҳам маъқул. Аммо бир жиҳат, кўпинча диний адабиётлар катта тиражда чиқарилмайди, асосан 5000 нусҳада чиқарилади. Шу боис улар сотувга чиқарилгач бир ҳафта ёки ўн кун ичида тез тугаб қолади ёки олибсотарлар қўлига ўтиб кетади. Олибсотарлар эса уни бошқа дўконларда қимматроқ сотишади. Масалан, ўтган йили вилоятда яшайдиган бир танишим “Бахтиёр оила” яъни, динимизда оилада эр-хотин муносабатлари ва фарзанд тарбияси ҳақида жуда фойдали маслаҳат ва тавсиялар ёзилган китобдан бир дона у учун сотиб олишимни илтимос қилди. Мазкур китоб нашрдан чиққанига бир ҳафта бўлганида шу китоб дўконига келсам, (бу ҳақда нашриётнинг телеграм канали орқали хабар топгандим) китоб тугаб қолибди. Бошқа дўконларни ҳам айландим, аммо китобнинг байрамона, совғабоп – ҳунармандлар томонидан қайта ишлов берилган шаклини топдим. Уларнинг нархи эса анча қиммат эди. Масалан, китобнинг нашриёт дўконидаги нархи 47 минг сўм сотилган бўлса, совғабоп, ишлов берилган варианти 180 мингдан 700-800 минггачани ташкил этарди. Албатта бу ҳолат китобхонлар учун ноқулайлик туғдиради. Шу боис мен таклиф қилардимки, диний адабиётларни сотиб олиш назорат қилинса, бир кишининг 3та ёки 5тадан ортиқ китоб олишига йўл қўйилмаса, қолаверса, эҳтиёж юқори бўлган китоблар каттароқ тиражда – 10,15 минг нусҳада чоп этилса яхши бўларди.
Кўриб турганингиздек, пойтахтимизда ислом динига оид адабиётларни топишда муаммо йўқ, фақатгина уларнинг нархи барча дўконларда бир хил эмас ва баъзида ўқувчилар кутаётган айрим китоблар олибсотарлар қўлига ўтиб кетади. Улар эса китобга ишлов бериб, қимматроқ сотишга чоғланишади. Бу айрим аҳоли вакиллари учун ноқулайлик туғдирмоқда. Чунки “Hilol nashr” нашриёти давлатдан диний адабиётларни чоп этишга лицензия олган нашриёт бўлиб, бундай нашриётлар юртимизда жуда кам. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, нашриёт дўконида онлайн тарзда мавжуд китобларнинг электрон нусҳаси ҳам сотувга қўйилган бўлиб, улар анча арзон. Болалар учун ҳам диний адабиётларнинг турлари жуда кўп. Хуллас, юртимизда ислом динига оид адабиётларни топиш муаммо эмас, аммо китобхонлар томонидан айтилган юқоридаги жиҳатлар эътиборга олинишини истардик.
Энди эса насронийликка оид адабиётлар билан қизиқамиз. Бу борада суҳбатдошимиз – пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган проваслав аёллар монастирининг диний адабиётлар дўкони сотувчиси Юлия Исраиловага бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
–Шу соҳанинг ичида юрган одам сифатида айтишим мумкинки, Тошкентдаги барча черковларнинг кутубхонаси ва китоб дўконлари мавжуд, – дейди Ю. Исраилова. – Масалан, бизнинг аёллар монастиримизда ҳам кутубхона бўлиб, паспорти билан келган фуқаролар бу ердаги китоблардан бемалол уйларига олиб кетишига руҳсат берилади. Дўконда эса аҳоли вакиллари насронийликка оид ўзини қизиқтирган турли китобларни харид қилишлари мумкин. Бу ерда болалар учун ҳам катталар учун ҳам китоблар кўп. Масалан, кичик ёшдагилар учун мўлжалланган одоб-ахлоққа, ижтимоий тартиб-қоидаларга ўргатувчи китоблар 5 минг сўмдан бошланиб, 15,18, 25, 30 минг сўмгача бўлган нархларни ташкил этса, муқаддас “Библия” китоби 120 минг сўм. Ўйлайманки, бу жуда қиммат нарх эмас. Ваҳолангки, бу китоблар Россия давлатидан келтирилади.
Юртимизда тахминан 170 минг атрофида корейс миллати вакиллари истиқомат қилади. Биз учун уларнинг диний адабиётларни қаердан сотиб олиши, бу борада муаммолар мавжуд ёки йўқлиги ҳам қизиқ албатта. Шу боис корейс миллати фаолларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фахрий журналист унвонини қўлга киритган илк корейс – Владимир Ким билан мулоқот қилдик. Уларнинг айтишича, Ўзбекистондаги корейсларнинг тахминан 10-15 фоизи буддист, 30 фоизи христиан ва қолган 50-55 фоизи бирор динга эътиқод қилмайдиганлардан иборат. Уларнинг аксарияти учун мулоқот тили рус тили ва кўпчилиги шу ерда туғилгани боис корейс тилида сўзлашишни ҳам билмайди. Ва табиийки, диний адабиётларни ҳам рус тилида ўқишади. Одатда бундай китобларни Тошкент марказий универмагининг орқа тарафидаги китоб дўконларидан сотиб олишади.
Мен ҳам мунтазам корейс маданият марказига бориб тураман, у ердаги тадбирларда қатнашаман. Кореядан кўпгина китоблар келтирилади, ўзбек мутахассислари билан биргаликда корейс шоир ва ёзувчиларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинади. Аммо диний адабиётлар масаласида бирор бир тадбирнинг гувоҳи бўлмаганман ёки корейс тилида ёзилган адабиётлар олиб келинганини кўрмаганман. Шахсан ўзимнинг уйимда “Қуръони Карим” ва “Библия” китоби ҳам бор. Уларни Тошкентдаги китоб дўконларидан рус тилида ёзилган нусҳаларини қизиқиш учун олиб ўқиганман. Бу китобларни корейс тилида ўқишни истаганлар Кореяда яшаётган ёки ишлаётган танишларига буюртма беришганига гувоҳ бўлганман. Лекин ундайлар кўп эмас ва менимча бу борада жиддий муаммо бор деб ўйламайман.
Кейинги суҳбатдошимиз юртимиздаги Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Фирдавсий Гусеинов бўлди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда 40 800 нафарга яқин озарбайжон миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилиб, асосан ислом динига эътиқод қилишади. Диний адабиётларни рус тилида ўқишади ва асосан пойтахтимиздаги Марказий универмагнинг орқа томонидаги китоб дўконларидан сотиб олишади.
–Бу борада интернет орқали ҳам керакли адабиётларни топиш мумкин, – дейди Фирдавсий Гусеинов. – Озарбайжон тилида ўқишнии истаганлар Озарбайжонга қатнайдиган инсонларга буюртма бериб келтиришлари ҳам мумкин. Бир нечта танишларим шундай қилишган.
–“Озарбайжон маданият маркази ўтган йили қандай китобларни таржима қилишда бош-қош бўлди, улар орасида диний адабиётлар борми?”, сўраймиз суҳбатдошимдан. Улар эса қуйидагича жавоб берди:
–Ўтган йили Алишер Навоийнинг “Ҳамса” асари озарбайжон тилига, Низомий Ганжавийнинг томлик асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб китобхонларга етказилди. Бундан ташқари замонавий озарбайжон ва ўзбек шоирларининг китоблари ҳам таржима қилинмоқда. Ҳозирча улар орасида диний адабиётлар йўқ. Аммо сизнинг саволингиздан кейин ўйлаб қолдимки, келгусида диний адабиётлардан ҳам айримларини, масалан, Имом ал Бухорийнинг ҳадисларини озарбайжон тилига таржима қилиб, озарбайжонликларга, “Қуръони Карим”нинг озарбайжон тилидаги нусҳасидан буюртма бериб кутубхоналаримизга ва шу ерда яшаётган аҳолига етказиб берсак айни муддао бўларкан. Бу ҳам катта савоб ва улуғ иш.
Кўриб турганингиздек, диний адабиётлар масаласида ўзига яраша қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Чунки ҳар бир миллат вакили бошқа китобларни ўқишни хоҳлагани каби диний адабиётларни ҳам ўз она тилида ўқишни хоҳлайди. Демак, элчихоналар ва давлатларнинг юртимиздаги маданият марказлари ана шу жиҳатга ҳам эътибор қаратиши лозим. Зеро, китобхонлик маънавий эҳтиёжи ўз ичига фақат шеърий тўпламлар, ҳикоя ва роман кабиларнигина эмас, диний адабиётларни ҳам қамраб олишини унутмаслигимиз керак.
Зебо НАМОЗОВА,
журналист
