Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази 2021 йилда Озарбайжонда «Низомий Ганжавий йили» ва Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан махсус танлов эълон қилганди.
Ушбу танловга мувофиқ ҳар икки шоир асарларидаги туркий тафаккур, ижодий алоқалар, уларнинг адабий меросини турк шеъриятининг чўққиси сифатида ўрганиш ва улар ҳақида илмий мақолалар яратиш асосий номинация деб эълон қилинганди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ва доцент Гулбаҳор Ашурова муаллифлигидаги «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодида туркона тафаккур ва ғоявий бадиий асос» монографияси мукофотга лойиқ кўрилди ва нашрга тавсия этилди.
Монография Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўшимча дарслик сифатида қабул қилинди ва Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси доирасида нашр этилди.
Тадқиқот ишида жаҳон адабиёти ва туркий халқларнинг энг йирик намояндалари, шеъриятнинг улуғ зотлари Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди, уларнинг бой мероси, тадқиқотлари, бадиий-фалсафий қарашлари, шарқ маданияти, турк миллий-маданий меросига қўшган ҳиссаси, адабиётга киритилган янгиликлар, хамсачилик анъаналари акс эттирилган.
Монографияда ўзбек адабиётида Низомий Ганжавий асарларини ўрганиш, Низомий Ганжавий «Хамса»си таржимаси масалалари, ҳар икки шоир ижодини адабиётимиздаги уйғониш даври сифатида тавсифлаш ва улар асарларининг лирик қаҳрамонлари ҳақидаги мавзулар ўрин олган.
Нашр Озарбайжон Республикаси Президентининг 2021 йилни «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиши ва Ўзбекистон Президентининг «Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш» ҳақидаги буйруқлари билан бошланади.
«Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарларида туркий тафаккур ва ғоявий бадиий асослар» монографиясининг сўзбоши муаллифи Ҳайдар Алиев номидаги Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов, илмий муҳаррири академик Рафаел Ҳусейнов, тақризчилар ўзбек олимлари-филология фанлари доктори, профессорлар Боқижон Тўхлиев ва Нурбой Жабборов.
Монографияга сўзбоши ёзган Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов туркий дунё инсониятга буюк олимлар, файласуфлар, шоирлар, ёзувчиларни берганини ва шундай буюк мутафаккирлар рўйхатида Озарбайжон халқининг фахри Низомий Ганжавий ва ўзбек адабиётининг даҳо шоири Ҳазрат Алишер Навоий фахр билан зикр этилганини таъкидлайди.
С. Аббосов буюк шоир-мутафаккирлар Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш барча замонлар учун долзарб бўлиб қолаётганини эътироф этиб, улар меросини адабиётшунос олимлар ўрганиши, тадқиқ этиши ва янги, жиддий манбаларнинг яратилиши муҳимлигини қайд этади.
Озарбайжон Маданият Маркази маълумотларига кўра, марказнинг асосий мақсади хорижий муаллифларнинг ҳар икки буюк мутафаккир асарларини туркий дунё шеъриятининг чўққиси сифатида ўрганиш, янги манбалар, илмий, тадқиқот ишлари, дарсликлар яратиш ва уларни ёш авлодга етказишдир. Унинг таъкидлашича, марказ яратилган илмий-тадқиқот ишларининг келгусида етакчи хорижий тилларга таржима қилиниши ва чоп этилишини режалаштирган.
«Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарларида туркий тафаккур ва ғоявий бадиий асослар» монографияси адабиётшунослар, тадқиқотчилар, олимлар иштирокида Ўзбекистон ва Озарбайжонда кенг тақдимоти назарда тутилган ва бу нашр Ўзбекистоннинг етакчи кутубхоналари, олий ўқув юртларига совға сифатида тақдим этилади.
Зебо НАМОЗОВА



