Араванинг қуруқ овози

2607

Ёхуд танқидий мақолаларга айрим расмий
муносабатлар ҳақида мулоҳазалар

Бугун жамиятимизда сўз эркинлиги қарор топмоқда. Телерадиоканаллар, босма нашрлар ҳамда ижтимоий тармоқларда таҳлилий ва танқидий-таҳлилий чиқишлар кўпайди. Натижада юрт ривожига тушов бўлаётган ва одамларни қийнаб келаётган хато-камчиликларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда.
Аммо масъул шахслар ва амалдорларнинг барчаси ҳам бундай чиқишларга холисона ва адолат нуқтаи назаридан ёндашяпти, деб бўлмайди. Баъзилари масалага лоқайдлик билан қараб, фақат расмиятчилик учунгина муносабат билдиришмоқда.
Ўтган йили «Ishonch» газетасида 250 тага яқин танқидий мақола чоп этилди. Шундан 176 таси ўрганиб чиқиш учун тегишли ташкилотларга юборилди. Амалда уларнинг 71 тасига юмалоқ-­ёстиқ жавоблар олинди.
Хусусан, Халқ таълими вазирлиги соҳадаги муаммоларга доир мақолалар бўйича юборилган йигирмата хатнинг бор-йўғи бештасига расмий жавоб йўллади. Соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари эса ўн битта танқидий мақоланинг тўрттасига муносабат билдиришди. Ҳудудлардаги муаммолар юзасидан Тошкент шаҳри, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликларига юборилган бир нечта хатга ҳам тайинли жавоб ололмадик.
Ёки бошқа мисол. Газетанинг 2021 йилги 14 апрель сонида чоп этилган «Китобдан қўлингни торт, саводсиз!» сарлавҳали мақола катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳатто «O`zbekiston» телеканали орқали бериладиган «Муносабат» кўрсатувининг икки-учта сони ҳам унда тилга олинган мавзуга бағиш­ланди. Аммо амалда ҳеч қандай натижага эришилмади. Бизнинг бу хусусдаги хатимизга эса мутасаддилар оғзаки муносабат билдириш билан кифояланишди. Ваҳоланки, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу ишларга масъул ҳисобланади. Қолаверса, унинг тасарруфида айнан шу масалалар билан шуғулланадиган Мониторинг маркази ҳам бор. Ушбу марказ ­масъуллари муаммони синчиклаб ўрганиб чиқишганида эди, нашр этилаётган китоблар савияси ва сифатини яхшилаш борасида муайян ўзгариш­лар рўй бериши аниқ эди.
Фуқароларнинг шикоят-аризалари асосида ҳудудлардаги муаммоларни холисона ёритиш таҳририятнинг асосий вазифаларидан бири саналади. Шунга кўра, бултур ҳам газетамиз саҳифаларида муштарийлардан келган хатларни ёки улар асосида тайёрланган мақолаларни мунтазам равишда эълон қилиб бордик. Ўз навбатида, уларда баён этилган муаммоларни ­жойида атрофлича ўрганиш ва ҳал этиш, зарур чоралар кўриш учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига хатлар юбордик. Таассуфки, бу борадаги натижалар ҳам унчалик қувонарли бўлмади. Чунки таҳририятга келган расмий жавобларда ўша хатлар ва мақолаларда ифодасини топган камчиликлар баайни ҳақиқат экани тан олинганига ва жиддий чоралар белгиланганига қарамай, амалда тайинли ўзгариш сезилмади.
Мана, сўзимизнинг исботи. Газетада шу йил 27 январда чоп этилган «Сувга кетиб…» сарлавҳали мақолада Беш­ариқ туманидаги Капаянги қишлоғида яшовчи 1500 нафардан зиёд аҳоли узоқ йиллардан буён тоза ичимлик сувига ёлчимаётгани тўғрисида ҳикоя қилинганди. Қарангки, фарғоналик раҳбарлар мазкур чиқишга орадан бир ой ўтиб муносабат билдиришди. Вилоят ҳокими ўринбосари Х.Исақов имзо чеккан жавоб хатида мақоладаги эътирозлар тўғри экани таъкидланган ва «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ муаммони бартараф этиш учун 2023 йилги Инвестиция дастурига киритиладиган таклиф лойиҳасини тайёрлагани айтилган.
– Тўғри, танқидий чиқишдан сўнг юқори идоралар вакиллари қишлоғимизга келиб, ҳақиқий вазият билан танишдилар, – дей­ди капаянгилик Абдуғиёс Хўжақулов. – Биз бундан ғоят қувондик. Аммо, кейин билсак, қиш­лоғимизни ичимлик суви билан таъминлаш масаласини келгуси йилга мўлжалланган дастурга киритиш бўйича тегишли таклиф ­лойиҳаси тайёрланаётган экан, холос. Демак, орзумиз ушалиши учун ҳали анча қовун пишиғи бор экан. Яна нима эмиш, қишлоқ аҳолиси ушбу муаммо бўйича қанча кўп овоз берса, шундагина ўзгариш бўлармиш. Қизиқ, маҳаллий аҳоли ўтган асрнинг 60-йилларида қазилган эски қудуқдан чиқаётган сувни ҳар куни узоқ навбатда туриб, машина, мотоцикл, эшак арава, замбил, велосипедда челак, пластмасса ва темир флягаларда ташиб кун кечираётганини, қишлоққа қўшимча қудуқ зарурлиги ва кўчаларга обиҳаёт тармоқлари тортилиши кераклигини ҳамма кўриб-билиб турган бўлса, бу масалани овозга қўйиш қанчалик инсоф­дан? Бундан кимга ва қандай фойда бор? Тўғриси, биз шу пайтгача катта-кичик идоралар остонасига бош уриб, ҳасратларимизни айтишдан чарчадик, лекин масъуллар бизни алдашдан чарчашмаяпти. Бундай дейи­шим бежиз эмас. Бизга аввал ҳам қишлоғимиз 2015 йилги ­дастурга тушганини айтишган, аммо ваъдалари устидан чиқишмаганди.
Модомики шундай экан, ўз-ўзидан ҳақли саволлар туғилади: хўш, фарғоналик раҳбарлар узоқ вақтдан буён одамларни ташвишга солиб келаётган муаммони ҳал этишни нега пайсалга солишяпти? Бу аслида ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашиш, инсон қадрини топташ ва одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаршилик қилиш эмасми?..
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат. «Ishonch»нинг жорий йил 13 январдаги сонида босилган «Ижтимоий масканларсиз янги мавзе» сарлавҳали мақола ҳам кўпчилик эътиборини тортди. Чунки унда уч йилча бурун пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган «Спутник – 16 А» мавзесида тиббиёт муассасаси ва мактаб йўқлиги, болалар боғчаси ҳудудда яшовчи оилалар фарзандларини тўлиқ қамраб олмагани, мавзени шаҳар маркази билан тўғридан-тўғри боғловчи жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмагани, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолият юритмаётгани, спорт майдончалари барпо этиш учун мўлжалланган майдончалар ҳамда турар-жой бинолари ён-­атрофи чиқиндиларга тўлиб-тошиб ётгани, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари оқсаётгани рўй-рост очиб берилганди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасидан жавоб келди. Уларда таъкид­ланишича, мавзе аҳолисининг йўловчи транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 12-автобус саройи томонидан «Бинокор қўрғони – Сергели ярмаркаси» йўналиши ­бўйича 184-автобус қатнови ташкил этилган. Бироқ ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилиши натижасида ушбу йўналишда қатновчи автобус ҳаракати 2021 йил 17 ноябрдан эътиборан Қипчоқ ва Янги Сергели кўчалари бўйлаб, «Ярмарка» бекатигача қисқартирилган. Расмий хатда тез орада бу камчилик­лар бартараф этилиб, натижаси ­бўйича қўшимча маълумотлар берилиши эслатилган. Иккинчи жавобда мавзедаги «Хушнуд» МФЙда жойлашган кўп қаватли уй-жойларда яшовчи фуқароларнинг розилиги билан «Янги ҳудуд» ­бошқаруви ташкилотига бириктирилгани маълум қилинган. Шаҳар ҳокимлиги расмий жавобига илова қилинган «Махсустранс ИЧБ» ДУК хатида эса мақолада қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан «Янгиҳаёт-Махсустранс» автотранспорт филиалига тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олингани ҳақида сўз боради холос. Афсуски, мақолада қайд этилган бош­­қа масалалар юзасидан ҳамон тегишли ташкилот-идоралардан жавоб олганимиз йўқ.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари «Ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни – ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади», деб турган бир пайтда мутасаддилар танқидга соғлом кўз билан қараб, камчиликларни бартараф этмасалар, ­оммавий ахборот воситаларининг эзгу мақсаддаги чиқишлари бесамар кетаверади. Қайсики ташкилот-идора раҳбарияти ўз фаолиятида йўл ­қўйилган хато-камчиликларни тузатиш ва мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш учун ҳаракат қилмаса, ўша тизим ёки соҳада ривожланиш бўлмайди. Бу ҳаммамиз биладиган ва тан оладиган оддий, аммо аччиқ ҳақиқатдир!

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»