Журналистика – ҳаёт кўзгуси

1273

Бу ҳақиқат Навоий вилоятида бўлиб ўтаётган оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокидаги медиафорумда бот-бот такрорланмоқда

Салкам бир ҳафтадирки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва бир қанча ижтимоий тармоқлар вакиллари Навоий вилоятида соҳага доир фикр-мулоҳазаларини ўзаро ўртоқлашмоқда. “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” деб номланган ушбу анжуман Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда юздан ортиқ таниқли журналист ва блогерлар қатнашмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва салоҳияти юқори эканлигини англатади.

Медиафорумда ўткир қалами ва теран дунёқараши билан ном қозонган ижодкорларнинг бугунги журналистика ҳақидаги фикр-мулоҳазалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Форум жараёнида иштирокчилар соҳанинг таниқли вакилларидан муҳим мавзулар бўйича маҳорат дарслари олишди. Шунингдек, янги китоблар тақдимоти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинган ҳамкасбларимизга гувоҳномалар топширилиши каби эсда қоларли воқеалар гувоҳи бўлишди. Навоий вилоятида маҳсулот ишлаб чиқариш тобора ортиб бораётгани тўғрисидаги маълумотлар ҳамда иқтисодиётининг янги лойиҳалари билан танишиш, ҳудуддаги ноёб обидалар ва тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилиш ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

– Навоий вилояти муқаддас зиёратгоҳлар ва табаррук қадамжоларга бу қадар бой эканини илгари тасаввур ҳам қилмагандим, – дейди наманганлик Азизбек Абдувалиев. – Энди эса бу борадаги қарашларим кескин ўзгарди ва ушбу вилоятни ўзимча қайтадан кашф этдим.

Ижодкорларнинг Нурота туманидаги “Чашма” меъморий мажмуасига, Зарафшон шаҳридаги гидрометаллургия заводларига ҳамда “Мурунтов” конига саёҳатлари ҳам мароқли ўтди.

Медиафорум давом этмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

Нормурод МУСОМОВ,

“ISHONCH” мухбирлари