Миллий матбуот марказида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раҳбарияти иштирокида “Тадбиркорлар томонидан қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш жараёнида ер қаъри участкаларидан самарали фойдаланишнинг аҳволи” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мавзу бўйича Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Ўктам Жабборов қуйидагича маълумот берди:
– Бугунги кунда дарё ўзанларидан қазиб олинаётган қум-шағал материаллари бунёдкорлик ишларида, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадида ишлатилаяпти. Лекин айрим ҳолларда айни йўналишда лицензия асосида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам жорий тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузишаяпти. Ҳолбуки, муайян жойдан белгиланганидан ортиқ қум-шағал қазиб олиш дарёларга, уларнинг ўзанларига ва экологияга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, Чирчиқ дарёсини олайлик. Авваллари тўлиб-тошиб оққан, пойтахтимизни ичимлик ва суғориладиган сув билан таъминлаган бу обиҳаёт манбаи ҳаддан зиёд кўп қазилиши туфайли кейинги пайтларда асл ўзанини йўқотиб, кичик-кичик оролчаларга айланиб қолди. Қолаверса, шундай зоналар ҳам борки, сел келишининг, табиий офатларнинг аҳолига ҳамда ҳайвонот ва наботот оламига зиён етказишининг олдини олиш мақсадида улардаги ортиқча қум-шағалларни олиб ташлаш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги кунда республикамиз сув ҳавзаларидан жами 406 та хўжалик юритувчи субъект дарё ўзанларини тозалаш ҳуқуқидан ва ер қаъри участкаларидан фойдаланмоқда. 400 дан зиёд тадбиркорлар эса лицензия ва шартнома асосида қум-шағал материаллари қазиб олишмоқда. Давлат геология қўмитаси ва Давлат экология қўмитаси томонидан уларнинг табиатга зарар етказмасликлари назоратга олинган бўлиб, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилмоқда.



