Жавобини кутаётган саволлар

80

Сусамнинг йўллари қачон сонга киради?

Автомобиль йўллари қўмитасига!

Оҳангарон тумани, «Сусам» ҚФЙ, «Илғор» МФЙ Бешовул кўчаси ҳудудидан ўтувчи Олмалиқ-Ангрен йўналишидаги асфальт йўлнинг каттагина қисми таъмирталаб бўлиб қолган.

Ҳукумат дастурига кўра, 2021 йилда йўлларимиз асфальт қопламаси билан таъмирланиши лозим эди. 2021 йилнинг октябрь ойида асфальт қопламаси қоплаш учун махсус техникалар келди ва йўлнинг 4-5 км. қисми кесиб олиниб, тупроқ аралаш балласт қопламаси тўкилиб, текисланди.
Ўтган йилнинг 10 октябрида асфальт қоплаётган махсус техникаларнинг иш жараёни йўл қурувчилар томонидан видеога олиниб, интернетга ҳам жойлаштирилди.
Бироқ бунга қадар юқорида қайд этилган 4-5 километрлик йўл ҳануз асфальтланганича йўқ. Йўлнинг қолган 10 километрдан зиёд таъмирталаб қисми ҳам таъмирланмаяпти. Бу эса аҳолисига ноқулайликлар туғдирмоқда.
Йўл қурилишига масъул мутасадди ташкилотлар раҳбарлари «Сусам» ҚФЙ, «Илғор» МФЙ йўлларини ўтган йилнинг ўзидаёқ таъмирлашлари кераклигини унутиб қўймадимикин?

Тўлғаной ШОДИЕВА

Бизнинг ҳудудда ҳам боғча қуриладими?

Мактабгача таълим вазирлигига!

Ғаллаорол туманидаги «Узунбулоқ», «Авлиё ота», «Чувуллоқ» маҳаллалари ҳудудида 10 минг 500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан, 1 минг 800 дан зиёди 7 ёшгача бўлган сонига тўғри келади. 3-6 ёшгача болалар сони эса қарийб мингдан зиёд.

Аммо ҳудудимизда на давлат ва на хусусий мактаб­гача таълим муассасаси йўқ. Номига очилган бир нечта уй боғчалари ҳам талабга жавоб бермайди. Боз устига уларга болаларни олиб боришнинг ўзи бир азоб – қатнов деярли йўқ.
Бу ҳақда бир неча маротаба туман, вилоятдаги мутасаддиларга мурожаат қилдик. Улар келиб, «ўрганяпмиз» деган жавобдан нарига ўтмайди. Вилоят бўйича мактабгача таълимга қамров даражаси 71,6 фоизни ташкил этаётган бир пайтда қиш­лоғимиздаги кўрсаткич 10-12 фоиздан ошмайди.
Шу адолатданми? Давлат боғчалари фақат вилоят, туман марказларида қуриладими? Бизнинг ҳудудга «ўгай» кўз билан қараш қачонгача давом этади?

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»

Хоразмда нега санъат техникуми йўқ?

Маданият вазирлигига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш кўникмаларини ўргатиш, мусиқа фани ўқитувчилари камида учта миллий чолғу асбобида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиши белгилаб қўйилган.

Ушбу талабларнинг амалга оширилиши халқимизнинг мусиқий дид ва ­маданиятини юксалтиришга, миллий мусиқамизнинг умрбоқийлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бироқ, шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: ўқувчиларга куй чалишни ўргатувчи, тўгарак машғулотлари олиб борувчи мутахассислар етарлими? Айтайлик, Хоразм вилоятида?
Ушбу саволни ўртага ташлашимизга сабаб, санъатининг довруғи дунёга достон Хоразм воҳасида мутахассис хонанда ва созандалар тайёрловчи билим даргоҳининг ўзи йўқ. Урганч давлат университетида мусиқий йўналишда умумий мутахассислар тайёрланади, чолғу асбоблари бўйича ихтисослик берилмайди. Бунинг учун консерваторияда таҳсил олиш зарур.
1962-2004 йилларда Хоразм вилоятида Матюсуф Ҳарратов номидаги мусиқа билим юрти фаолият кўрсатган. Ушбу даргоҳда юзлаб машҳур хонанда ва созандалар етишиб чиққан. Хусусан, Ўзбекистон халқ артистлари Олмахон Ҳайитова, Ортиқ Отажонов, Оғабек Собировлар ҳам шу билим маскани битирувчиларидир.
Билим юрти 2004 йилда санъат ва маданият коллежига, 2017 йилда эса ихтисослаштирилган санъат мактабига айлантирилди. Оқибатда кейинги йилларда санъат ва маданият соҳасида ўрта махсус маълумотли мутахассислар етиштиришда бўшлиқ юзага келмоқда.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида мусиқа ва санъат техникуми ёки коллеж ташкил қилиш ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар етиштиришни қайта йўлга қўйиш зарурати юзага келмадимикан?

Ҳамдам РАҲИМОВ,
Урганч ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси

 

Йўналишсиз таксиларни ким тартибга олади?

Транспорт вазирлигига!

Бошқа ҳудудлардан кунда минг­лаб йўналишсиз таксилар Самарқанд шаҳрига келишади. Улар шаҳардаги уч-тўрт нуқталарни ўзларининг норасмий бош бекатларига айлантириб олишган. Масалан, Иштихон, Пайариқ, Оқдарё, Қўшработ ва шаҳар атрофига йўловчи ташиётган таксилар манзили Даҳбед кўчаси чорраҳаси. Бу ердан йўлни ­пиёда кесиб ўтиш азоб, транспортда юриш ундан-да катта муаммо. Худди шундай гавжум бир йўналиш Ҳазора бекати атрофида. Шодёна савдо мажмуа­­си ён-атрофида ҳам машиналар тирбанд. Ваҳоланки, шаҳарда расмий фаолият юритаётган авто сақлаш жойлари ҳувуллаб ётибди.
Хўш, туманлараро қатновчи хусусий таксиларни нега ҳеч ким тартибга солмайди? Вазият қачон ўнг­ланади? Қолаверса, автомашиналар расмий тураргоҳларга жойлаштирилса, бюджетга қўшимча даромад бўлади-ку?!.

Қувондиқ СУЛАЙМОНОВ
Самарқанд шаҳри

Алифбода йўқ ҳарфлар авторақамларда акс этиши тўғрими?

 

Давлат автомобиль назорати идорасига

Эрталаб ишга келаётиб, бир енгил автомобилга ўтирдим. Йўл-йўлакай суҳбатимиздан маълум бўлишича, машина эгаси республика Давлат автомобиль назорати идорасида ишларкан.

Светофорнинг қизил чироғида тўхтарканмиз, анчадан буён ўзимни қийнаб келаётган масалага ойдинлик киритиш учун ҳайдовчини саволга тутдим.
– Узр, ака, – дедим ҳамроҳимга мурожаат қилиб, – сиз ДАН тизимида ишлар экансиз, айтинг-чи, биздаги автомашиналарнинг давлат рақами ёнидаги ҳарфлар лотинчадан ташқари, ­инглизча алифбода ҳам ёзиладими?
– Йўқ, фақат лотин ҳарфида бўлиши керак, – деди ҳамроҳим.
– Унақа десак, лотин ёзувига асос­ланган алифбомизда «С» ва «W» ҳарфлари йўқ-ку…
Суҳбатдошим бу эътирозимни эшитгач, бир зум ўйга толди. Сўнгра «Синглим, мен кичкина одамман. Шунинг учун бу хусусда аниқ фикр айтолмайман», дея гапни қисқа қилиб қўя қолди.
Хўш, машиналар давлат рақамларига бизга «бегона» бўлган, алифбомизда ишлатилмайдиган «С» ва «W» каби ҳарфлар нима асосда қўйилган? Бунда қандайдир маъно борми ёки бу соҳа мутасаддиларининг саводига бориб тақаладиган масалами? Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритаётган мутасаддиларнинг ушбу масала хусусидаги фикри қандай?

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»

 

Бердақ эсдалиги қошида нега суратга тушиш мумкин эмас?

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига!

Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси биноси олдида қорақалпоқ шоири Бердақнинг ҳайкали бор.

Ушбу эсдалик қошида фуқароларга суратга тушиш тақиқланган. Нукусдаги энг диққатга сазовор жойлардан бири саналмиш масканга кириш ҳам мумкин эмас. Рухсат олиш учун эса Жўқорғи Кенгес мутасаддиларига мурожаат қилиш керак.
Одамлар севимли шоири ҳайкали фонида суратга туша олмаса, бу тақиқни қандай тушуниш мумкин?

Расул ҚАРЛИБОЕВ
Нукус шаҳри

Қурилиш соҳаси мутахассиси комиссия таркибига кирадими?

Қашқадарё вилояти ҳокимлигига!

Маълумки, қуриб битказилган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш учун ҳокимият томонидан тасдиқланадиган давлат комиссияси иш олиб боради. Аммо мазкур комиссия таркибида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши вакили йўқ.

Ҳолбуки, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши ва Қурилиш вазирлиги ўртасидаги келишувга биноан ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланган.
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунга кўра, касаба уюшмалари нафақат давлат органлари ва мансабдор шахслар ­фаолияти устидан, балки иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқига эга.
Шунга кўра, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши вилоят ҳокимлигига хат билан мурожаат этиб, мазкур комиссия таркибига Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши раисини овоз бериш ҳуқуқи билан киритиш сўралган эди. Аммо бу масала ҳанузгача пайсалга солинмоқда.
Яна бир масала. Нодавлат сектор корхоналарида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги тадбирларини сифатли амалга ошириш учун уларда касаба уюшма ташкилотини тузиш талаб этилади. Аммо вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган «ЯБХ инжиниринг компанияси», «Вилоят қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ, «Шаҳарқурилишинвест» ИК МЧЖ ташкилотлари ва тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгаши билан ўрнатилган тартибда ҳамкорликни йўлга қўйишда вилоят ҳокимининг кўрсатмаси зарур экан. Вилоят ҳокимлиги бу масалага нима дейди?

Боймурод МЕЙЛИЕВ,
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш,
қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси