Яқингача «Гулистон» оромгоҳи болаларнинг севимли дам олиш маскани эди. Зомин туманида жойлашган бу оромгоҳнинг тўрт томонидан тоғлар кўриниб турар, ёнгинасидан Еттикечув сойи оқиб ўтар эди…
Қисқаси, бу жой сирдарёлик болалар учун ёзги таътилни соя-салқинда, мароқли ўтказиш учун жуда қулай эди. Аммо 2019 йил оромгоҳ учун охирги мавсум бўлди.
Ҳудуди 3 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳда 4 та ётоқхона биноси, ошхона ва машғулотлар хонаси ҳамда ёзги томошагоҳ мавжуд эди.
Оромгоҳ шу кунгача «Пахтаобод» пахта тозалаш заводи балансида бўлган. Завод «Sirdaryopaxtasanoat» ҳудудий акциядорлик бирлашмасига қарашли бўлиб, бир неча йилдан бери «ёпилиш» арафасида турибди. Бу орада ҳисобда бўлган бинолар бирин-кетин сотувга қўйилди, оромгоҳ ҳам сотилиб кетди. 2021 йил 14 октябрда биржа орқали «Guliston makro building» МЧЖ билан 792 млн. 685 минг 83 сўмга олди-сотди шартномаси имзоланган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлиси Баённомасида болалар оромгоҳларининг сотилиши ва бошқа ташкилотлар ихтиёрига ўтказиб юборилиши масалалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгашлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари розилигисиз амалга оширилмаслиги белгилаб қўйилган. Ва ўша ҳужжатда оромгоҳларни сотиш қатъиян тақиқланиши қайд этилган. Агар «Гулистон» оромгоҳи сотилган санага эътибор берсак, юқоридаги муҳим ҳужжатга беписандлик қилинган. Чунки оромгоҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашининг розилиги олинмасдан сотиб юборилган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 февралдаги Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлиси Баённомасида 25 майга қадар Зомин туманидаги «Гулистон» оромгоҳини иқтисодий жиҳатдан барқарор корхона ёки ташкилотга инвестиция киритиш ҳамда замонавий типдаги оромгоҳга айлантириш шарти билан бериш, мавсум давомида фаолият кўрсатишини таъминлаш масаласини ҳал этиш топшириғи вилоят ҳокимлигига юклатилган эди. Афсуски, ўтган фурсат давомида амалда ҳеч бир ҳаракат қилинмади. Оромгоҳни сотиб олган тадбиркор бўлса, унинг фаолиятини тиклаш режаси йўқлигини маълум қилди. Қайси фаолият турини йўлга қўйишини сўраганимизда эса, жавоб беришни истамади.
Ижодий гуруҳимиз билан оромгоҳнинг ҳозирги ҳолати билан танишиш мақсадида манзилда бўлдик. Оромгоҳнинг бир қисмига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси вақтинчалик жойлашган экан. Негадир куртак ёзган дарахтларнинг шохлари «мўл-кўл» қилиб кесилган. Ётоқхоналарнинг айримларидан каравотлар ҳовлига чиқариб ташланган. Атроф кимсасиз, хароба…
Вилоят бўйича 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари сони салкам 108 минг нафар. Ҳар йили ёзги мавсумда оромгоҳларга 5 минг нафар бола қамраб олинади, холос. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ оромгоҳ фаолияти зудлик билан тикланиши заруратини англатади.
Аслида, ҳаммаси ҳаммага маълум, аммо ҳаммаси ҳаммага мавҳумдек гўё. Нима ҳам дер эдик, ҳамма жонкуярлар жой-жойида бўлганида эди, ҳаммаси жой-жойида бўлар эди.
Болалар бахтиёр болаликни туйиши керак. Зоминдек баҳаво маскандаги оромгоҳни болалардан тортиб олиш…
Боланинг ҳақидан қўрқмай қўйдикми?
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»



