Марказий банкка!
Наҳотки, шундай катта давлат идорасида битта тушунарли жавоб хати ёза оладиган ходим йўқ?
«Ishonch» газетасининг 15 март 33-сонидаги «Жавобини кутаётган саволлар» рукнида Қашқадарё вилояти Муборак туманида истиқомат қилувчи Тошболта Авазов масъулларга хорижий ўқув юртларда таълим олаётган талабаларга ҳам таълим кредитлари ажратиладими, деган савол билан мурожаат қилган эди.
Унинг саволига Марказий банк қуйидагича жавоб берди:
Бугунги кунда таълим кредитлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ ажратиб келинмоқда.
Мазкур низомга кўра, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий таълим ташкилотлари ва филиаллари)да ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини ажратиш ва уларни қайтариш тартиби белгилаб берилган.
Марказий банк раиси ўринбосари А.Камалов

